Украинада мудофаа вазирининг аёлларни ҳарбий комиссариатда ҳисобга қўйиш ҳақидаги буйруғи кучга кирди. Ҳужжат 35 та ихтисослик ва юзлаб касб-ҳунар вакиллари, жумладан, менежерлар, санъатшунослар, журналистлар, юристлар, ошпазлар, фармацевтлар, мусиқачилар, меҳмонхона ва ресторанлар ходимларига ҳарбий мажбурият юклайди. Рўйхат эркаклар ҳам, аёллар ҳам ишлайдиган барча соҳаларни қамраб олади. Корхоналар раҳбарлари ҳам, ўз ходимлари каби ҳарбий ҳисобга ёзилишга мажбур.
Хусусан, журналистлар, кенг кўламли уруш бошланган тақдирда, пресс-офицер сифатида армияга олиниши мумкин.
Буйруқ 2021 йилнинг октябрь ойида тасдиқланган, аммо бу ҳақда энди маълум бўлди. Ҳарбий комиссариатга шошилишга ҳожат йўқ: ҳисобга туриш учун 2022 йил охиригача муҳлат берилган. Аммо ҳисобга ёздирмаганларга жарима солинади.
“Бунча кўп миқдордаги аёлларнинг ҳарбий ҳисобга олиниши давлатимиз учун янгилик. Аммо ҳарбий ҳисобда туриш билан ҳарбий хизмат – бошқа-бошқа нарсалар”, дейди Киев вилояти ҳарбий комиссари Валерий Куценко.
“Қуйи синфлар ўқитувчилари, монах аёллар ва тунги клублар раққосаларидан ташқари қарийб барча касб эгалари бу рўйхатга тушади, – изоҳ беради мудофаа вазири ўринбосари маслаҳатчиси Наталья Воронкова. – Шундай экан, ҳар бир аёл паспорти, идентификация коди, никоҳ гувоҳномаси ҳамда болаларининг таваллуд гувоҳномасини олиб, ҳарбий комиссарликка бориши керак”.
Украин аёллари ҳарбий ҳисобда туришга нима дейди?
Олий Рада собиқ депутати Виктория Войцицкая ҳарбий комиссариатга киришга улгурибди.
“Маълумотингиз қанақа, деб сўрашди. Қўш олий маълумотим бор: бири банк иши, иккинчи молия соҳаси бўйича, дедим. Ўҳ-ҳў, бизга молиячилар жуда зарур. Сизни кўришдан хурсанд бўламиз, деб жавоб беришди”, дейди у.
Ҳужжатлар йиғилиб, тиббий комиссия хулоса берганидан сўнг Викторияни ҳисобга олиш ёки олмаслик бўйича қарор қабул қилинади. Тартиб-таомил эркакларники билан бир хил.
“Мен учун бу жуда муҳим, чунки мамлакатимиз уруш ҳолатида эканини яхши тушунаман. Эҳтимол, армиямизга қўшимча куч керак бўлиб қолар”, дейди Виктория.
Украина армиясида хизмат қилишга яроқли номзодлар 18 дан 60 ёшгача бўлган аёллар орасидан танлаб олинади. 2023 йилдан эътиборан ишга киришда ҳарбий ҳисобга олинганликни тасдиқловчи ҳужжат текширилиши лозим, акс ҳолда, иш берувчига жарима солинади. Ҳозирча умумий сарфарбарлик тўғрисида гап бораётгани йўқ.
Татьяна Осипович кино соҳасида ишлайди, маълумоти бўйича – менежер. Ҳарбий комиссарликка ҳужжат йиғишни бошлаганича йўқ, аммо тез орада бунга киришмоқчи. У ҳарбий мажбуриятдан бўйин товламоқчи эмас.
“Мен ошхонада эмас, жанг майдонида чинакамига урушишни хоҳлардим, – дейди у. – Биламиз, мамлакатимизда уруш кетяпти. Кўп йиллардан бери. Қўшнидан ёлчимаганмиз. Шундай экан, нега менга, масалан, отишни ўргатишмайди? Ишончим комил, мендан тузуккина мерган чиққан бўлур эди. Аскарларга овқат пишириб ўтиришни истамайман. Жиддийроқ ишлар қўлимдан келади. Бир кунда 30 километрни бемалол босиб ўтаман, 21 километргача югураман. Яъни менда ҳарбий бўлиш учун муайян кўникмалар бор, улардан фойдаланиш керак”.
Бироқ Татьяна ҳукумат аёлларни ёппасига ҳарбий хизматга олишига ишонмаслигини айтади.
“Бу ишлар хўжакўрсинга қилинаётганига аминман. Аввалига жазавалар бошланади. “Нега аёллар жанг қилиши керак”, дея дод-вой солишади. Ҳисобга қўйдирмаслик учун сохта маълумотномалардан кимлардир роса пул қилади ҳали”, тахмин қилади у.
“Замонавий армияга аёллар жуда керак” – собиқ ҳарбийлар фикри
Яқин-яқингача Украинада фақат тиббиётчи аёллар, шунингдек, ҳарбий кафедрада ўқиган ва шартнома бўйича хизмат қилган аёлларгина ҳарбий ҳисобда турарди. Бунақалар 10 мингдан зиёд. Юлия Микитенко – улардан бири.
Юлия 2018 йилда эри ҳалок бўлганидан сўнг Донбассдаги олдинги маррадан қайтарилиб, захирага олинган. 23 ёшида хизматда разведка командири мартабасигача кўтарилган Юлия армияда аёл кишига қанчалик қийин бўлишини ўз танасида обдон синаб кўрган.
“Ниҳоятда оғир бўлади. Лавозимга қўйишганидан сўнг аскарлар орасида обрў қозониш учун тахминан бир ой вақт сарфлаганман. Аммо аёллардан қўмондон тайёрлашнинг ҳеч бир ғалати жойи йўқ. Баъзан улар ҳарбий хизматда эркакларга нисбатан самарали бўлишади”, дейди Юлия.
У вазир буйруғига изоҳ бераркан, аёлларни тинчлантиради.
“Ваҳимага ҳожат йўқ. Давлат бу ишларни кенг кўламли уруш бошланиши эҳтимолини назарда тутиб, ўз имкониятларини чамалаб олиш учун қиляпти. Рўйхатга кўзим тушди: унда асосан штабда хизмат қилиш учун захира яратиш кўзда тутилган. Яъни, ресторан ёки меҳмонхонада администратор бўлиб ишлаган аёлни взводга қўмондон қилиб қўйишмайди ҳеч қачон”, дейди захирадаги ҳарбий.
Украина энди жорий этаётган тартиб Исроилда кўпдан бери амал қилади: мамлакатда ҳарбий хизмат барча учун мажбурий бўлиб, аёллар – 24, эркаклар 30 ой хизмат қилишади.
“XXI асрда замонавий армияга аёллар жуда керак бўлади. Деярли барча мамлакатларда, айниқса, Ғарбда аёллар таълим олишда тиришқоқ бўлиб, яхши баҳоларга ўқийдилар. Уларнинг натижалари кўпинча юқори бўлади. Жумладан, техникага оид соҳаларда ҳам. Замонавий армияда техника кўп, демакки, улар билан кимлардир шуғулланиши лозим”, дейди Исроил армиясининг собиқ зобити, ҳарбий эксперт Сергей Мигдаль.
Украинада аёлларни ҳарбий ҳолат эълон қилинган тақдирдагина армияга чақириш режаланмоқда. Аммо шу пайтгача мамлакатда бирон марта ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинмади. Мудофаа вазирлигига кўра, аёлларни ҳарбий ҳисобга олиш Россиянинг бостириб кириши хавфи билан боғлиқ эмас, шунчаки, армия жинслар тенглиги тамойили бўйича НАТО стандартларига мувофиқлаштирилмоқда.