Кремль АҚШни Европага ўз ҳарбийларини жойлаштириш учун “зиддиятни кучайтираётганликда” айблаган эди. Шундан сўнг, Россия Украина яқинида минглаб аскар ва ўнлаб ҳарбий учоқлар иштирокидаги ҳарбий машғулотларни бошлаб юборди.
Ғарб АҚШ билан биргаликда Москванинг Украина чегараси яқинида 100 минглик қўшин тўплашига қарши чоралар кўрмоқда. Президент Жо Байден Европадаги ҳамкор давлат етакчилари ва Пентагон билан маслаҳатлашиб, НАТОнинг минтақадаги ролини мустаҳкамлаш учун “юқори шай” ҳолатдаги 8500 аскардан иборат қўшин ҳозирланганини эълон қилди.
Альянснинг бир қанча аъзолари, жумладан, Дания, Испания, Болгария ва Нидерландия минтақа мудофаасини кучайтириш учун Шарқий Европага қирувчи самолётлар ва ҳарбий кемалар юбормоқда.
Байден 25 январь куни журналистлар билан суҳбатда АҚШ Украинага қўшин киритиш нияти йўқлигини айтди. Лекин, Москва Украинага бостириб кирадиган бўлса, Россияни янада қаттиқ санкциялар бўлишидан огоҳлантирди.
Шахсан президент Владимир Путинга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллашни кўриб чиқасизми, деган саволга Байден: “Ҳа. Мен буни кўриб чиққан бўлардим”, дея жавоб берди.
АҚШ президенти “Россия Украина чегараси бўйлаб қўшин жойлаштиришда давом этмоқда. Катта миқдордаги қўшиннинг чегара яқинида мавжудлигини ҳисобга олсак, эҳтимолий ҳужум “Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик босқин бўлади”, дея таъкидлаган. Бу ҳодиса “дунёни ўзгартириб юборади”, дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ, АҚШнинг юқори мартабали расмийлари Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари сунъий интеллект, мудофаа, аэрокосмос ва бошқа муҳим тармоқлар учун муҳим бўлган баъзи дастурий таъминот ва технологияларни Россияга экспортини тақиқлашни муҳокама қилмоқда.
“Иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда кўриб чиқаётган экспортни назорат қилиш чоралари Путиннинг иқтисодиётни саноатлаштиришга қаратилган стратегик амбицияларига жиддий зарба беради”, дейди расмийлардан бири.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Москвага қарши бу галги санкциялар “илгари қўлланилган барча қарши чоралардан ҳам оғирроқ” бўлишини айтди.
Берлинда Европа бирлиги йиғилишида Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэл Макрон Украина инқирозини юмшатишга чақирди.
“Биз Россиядан кескинликни юмшатадиган аниқ қадамларни кутяпмиз” , деди Шольц.
Макрон Путин билан 28 январь куни телефон орқали мулоқот қилишини маълум қилиб, “агар ҳарбий тажовуз бўлса, бунга жавоб қайтарилиши ва бу қимматга тушишини” яна бир бор эслатди.
Аввалроқ Россия ҳарбийлари Украина яқинидаги Ростов ва Краснодар ўлкаларида ҳамда босиб олинган Қрим ҳудудида 6000 га яқин аскар ва камида 60 та қирувчи самолёт иштирокида ҳарбий машғулотлар бошлагани хабар қилинганди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг “АҚШ кескинликни кучайтирмоқда” ва Москва “АҚШнинг ҳаракатларини диққат ва жиддий хавотир билан кузатмоқда” деган баёнотларидан сўнг, Россия ахборот агентликлари ўт очиш машқларини жанговар тайёргарликни текшириш деб таърифлаган.
Россиянинг ҳарбий машғулотлари қанча давом этиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Украина президенти Володимир Зеленский телевидение орқали ўз ватандошларини хотиржам бўлишга чақирди, Россия, Германия ва Франция раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказиш бўйича иш олиб борилаётганини айтди.
“Рангли кўзойнаклар, болаларча иллюзия йўқ, ҳаммаси оддий эмас... Лекин умид бор”, деган у.
Мудофаа вазири Олексий Резников парламентга Россия яқин орада бостириб кириши ҳақидаги фикрларга асос йўқлигини айтди.
Канада “Россиянинг давом этаётган ҳарбий ҳозирлиги ва Украина атрофидаги беқарорликни келтириб чиқариши” ортидан Киевда жойлашган дипломатларининг оилаларини олиб кетаётганини маълум қилган.
Қўшма Штатлар ва НАТО Путинга ўз ҳарбийларини Украина чегараларидан олиб чиқишни сўраб, Россия ҳужуми иқтисодий санкцияларга ва Шарқий Европада НАТО иштирокини янада кучайтириши ҳақида огоҳлантирди.
АҚШ маъмурияти расмийсининг айтишича, Вашингтон Брюссел ва бошқа ҳамкорлар билан Россия Европага газни узиб қўйгудек бўлса, кўриладиган фавқулодда чоралар устида ишламоқда.
Россия Европанинг табиий газга бўлган эҳтиёжининг 35 фоизини қондиради. Бу айниқса қиш ойларида янада долзарб аҳамиятга эга.
Европада табиий газ нархлари таъминот тортилган паллада аллақачон рекорд даражага яқинлашди. Россиянинг газ экспортини чеклаши Европа иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қўшма Штатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари билан Европага газ ҳажмини ошириш ҳақида гаплашаётганини маълум қилган АҚШ расмийси.
“Қўшма Штатлар Европага суюлтирилган газ етказиб беришни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда”, дея қўшимча қилди расмий.
Европа Иттифоқи аъзоларининг Россияга нисбатан ёндашувлари бир-биридан кескин фарқ қилади, Германиянинг янги ҳукумати Украинага мудофаа қуролларини юборишдан бош тортгани учун Киевнинг танқидига учради.
Европа Иттифоқининг энг кучли иқтисодиёти бўлган Германия ҳам муҳокамадаги энг қаттиқ иқтисодий санкциялардан бири – Москвани глобал SWIFТ тўлов тизимидан узиб қўйиш борасида иккиланиб турибди.
Франция ҳукумати аввалроқ Россия ва Украина расмийлари француз ва немис ҳамкасблари билан 26 январда Парижда учрашиб, масалага ечим топиш йўлини маълум қилган эди.
Кремль юзага келган вазиятдан фойдаланиб, ўзининг Европада хавфсизлик архитектурасини қайта кўриб чиқиш талабларини ўртага ташлади.
Москва Украинани НАТО га қўшилмаслигини истайди ва альянс кучларини Шарқий Европадан олиб чиқиб кетилишига эришмоқчи.
Шу ойда Россия ва Ғарб ўртасидаги тўртта олий даражадаги дипломатик мулоқотлар муваффақиятсиз тугаган.
Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Россиянинг аксарият талаблари кўриб чиқилмаслигин айтган. Аммо, улар қурол назорати, ракеталарни жойлаштириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларини муҳокама қилишга тайёрлигини таъкидлаб келмоқда.