Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Ўқитувчи аёлни шаръий никоҳдаги эри болта билан чопди


Самарқанд вилоят, Каттақўрғон шаҳридаги 11-умумтаълим мактабнинг ўқитувчисини шаръий никоҳида бўлган эри 25 декабрь куни болта билан тан жароҳати етказди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, мактаб дарвозаси яқинида юзи, қўли ва оёғидан бир неча жароҳат олган ўқитувчи шаҳар марказий касалхонасига ётқизилган.

Шаҳар ички ишлар бўлими терговчиси Озодликка жиноятда гумонланган шахс қўлга олингани ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилганини айтди.

Каттақўрғон шаҳридаги 11- мактабда ишлайдиган Б.Д. исмли ўқитувчи аёл 25 декабрь куни эрталаб, мактаб дарвозаси яқинида чопилганини, шу мактабда ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири Озодликка хабар қилди:

“Бизда сув омбор томонда Сталин деган қишлоқ бор, ҳозирги номи Гўзал маҳалласи. Ана шу ерда яшайдиган бир эркак ўқитувчимизга норасмий уйланиб олган экан. Бу ўқитувчимиз ҳам биринчи турмушидан ажралган. Эрталаб соат 9 ларга яқин мактаб олдида жуда қаттиқ шовқин бўлди. Югуриб чиқсак, мактаб дарвозаси олдида аёл ўқитувчимиз қонга беланиб ётибди. Ўша шаръий эри болта билан чопиб, қочиб кетибди”, - деди ўқитувчи.

Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг терговчиси Жалол Суюновнинг Озодликка айтишича, жиноят содир этганликда гумонланган шахс қўлга олинган:

“М.П. исмли гумонланувчи шахс 26 декабрь куни ушланди, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Кеча суд санкция берди. Асосийси - аёл тирик, жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Эркакка нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104- моддаси, 2- қисми (ўта шафқатсизлик билан оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирча унинг жиноят содир қилишига асосий сабаб рашк эканлиги тахмин қилинмоқда”, - деди терговчи Жалол Суюнов.

Каттақўрғон шаҳар касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокорининг Озодликка айтишича, жароҳат олган аёл шикастбандлик бўлимида даволанмоқда:

“Болта билан чопилган. Юзида, бурнида жароҳатлар бор. Ўнг қўлининг билак соҳасида чуқур жароҳати бор, чап қўлини кафтида, сонда, тиззада бор. Ҳаёт учун муҳим органларга зарар етмаган. Ҳозир аҳволи қониқарли”, деди шифокор.

Ўзбекистонда йил давомида Озодлик хабар топган тўртта ҳолатда жиноятчилар болта қўллаган.

Самарқанд вилояти Ургут тумани 15-умумтаълим мактабининг директори 30 октябрь куни болта билан чопиб ўлдирилган эди. Маҳалла расмийларининг айтишича, ҳам мактаб директори, ҳам фермер бўлган Анвар Юнусовнинг ён қўшниси ер масаласида у билан жанжаллашиб, қотилликка қўл урганликда гумонланмоқда.

Жорий йилнинг август ойида Самарқандда уй устида талашиб акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган 46 ёшли Бахтиёр Шукуров қотиллик рўй берганидан беш ой ўтиб 22 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

17 февраль куни Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани Катта полвон қишлоғида 46 ёшли Ж.Т., 54 ёшдаги опаси Ж.Ш.ни бошига болта билан чопиб ўлдирган эди.

2018 йилнинг апрель ойида эса Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилган 56 яшар отани ўз фарзанди уй-жой талашиб кетмон билан чопиб ўлдирган эди.

XS
SM
MD
LG