Тожикистон ҳукумати Хитой Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) ҳарбийлаштирилган база қуришини, лекин у тожик кучишлатар тузилмаларига берилишини билдирди.
Ушбу қўриқланадиган объект Афғонистоннинг толиблар томонидан босиб олиниши манзарасида ҳамда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги билан Хитой Хавфсизлик вазирлиги ўртасидаги келишувга мувофиқ барпо этилади. ТБМВ Хитой билан ҳам, Афғонистон билан ҳам чегарадош.
Тожикистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода 27 октябрь куни парламентдаги чиқишида объект ТБМВ Ишкашим туманининг Вахан қишлоғида қурилажагини маълум қилди.
Мажлиси намояндагон депутати Толибхон Азимзодага кўра, ушбу махсус база Тожикистон ИИВга қарашли бўлади. Унинг айтишича, база қурилиши учун Хитойдан Тожикистонга келтириладиган барча жиҳозлар ва техника божхона тўловларидан озод этилган.
“Қурилиш бюджети 55 миллион хитой юанига баҳоланмоқда, бу тахминан 100 миллион сомонийга тенг”, дейди депутат.
2019 йилда‑ёқ “Washington Post” газетаси маҳаллий аҳолидан олинган маълумотлар ва сунъий йўлдош тасвирларига таянган ҳолда, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб туманида, Хитой билан чегарадан бир неча чақирим ичкарида уч йилдан бери Хитой ҳарбий базаси мавжудлиги ҳақида хабар берган эди. Шу ерликлар америкалик журналистларга базада бир неча юз чоғли хитойлик ҳарбий хизматчи борлигини айтишган.
“Сунъий йўлдош тасвирларида база икки туркум бинолар ва бир неча ҳандақ ва истеҳкомлардан иборатлиги кўринади. Объект Афғонистон чегараси яқинида жойлашган, ҳарбий истеҳкомлар Афғонистондан Тожикистонга элтувчи асосий йўлни назорат қилиш имконини беради”, дейилган мақолада.
“Washington Post” журналистлари Мурғоб бозорида ҳарбий кийимли хитойлик аскарларни суратга олишга муваффақ бўлишган. Уст-бошидаги таниқ белгиларига қараганда аскарлар мансуб ҳарбий тузилманинг таянч қароргоҳи Хитойнинг Шинжон минтақасида жойлашган. Бозорда аскарлар тожик таржимон ҳамроҳлигида егулик харид қилишган ва мобил телефон ҳисобларига пул туширишган.