Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

ЕИ разведкаси: Чечен мухолиф блогерларига қарши суиқасдлар учун Путин жавобгар


Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон ҳукумати Швецияда блогер Тумсо Абдураҳмоновга ва Рамзан Қодировнинг бошқа танқидчиларига суиқасд қилингани учун жавобгардир – Европа иттифоқи Разведка ва вазият маркази ҳисоботида шундай дейилган.

Швециянинг SVT жамоат телевидениеси ҳисобот билан танишиб чиқди.

Швед телеканалига маълум бўлишича, Швеция Давлат хавфсизлиги хизмати блогер ҳаётига суиқасд чечен расмийлари томонидан уюштирилган, деган хулосага келган. Европа разведкаси ҳисоботида айтилишича, президент Путин эътироз билдирганда эди, Тумсо ва бошқа чечен блогерларига суиқасд қилинмаган бўларди.

Ҳисоботга кўра, Россия ва Чеченистон расмийлари судсиз жазолаш тадбирларида Росгвардиянинг “Терек” махсус бўлинмасидан фойдаланишлари мумкин. Бўлинма ва унинг қўмондони Абузайд Висмурадов 2019 йилда – АҚШ ҳукумати, жорий йилнинг март ойида эсаЕвропа Иттифоқи томонидан санкция рўйхатига киритилган эди.

Тумсо Абдураҳмоновга суиқасд 2020 йил февралида, Стокҳолмдан шимолда жойлашган Евле шаҳрида юз берган. Россия фуқароси Руслан Мамаев, ҳамтовоғи Эльмира Шапиаева ёрдамида унинг квартирасига кириб, блогерга болға билан ҳужум қилган. 2021 йил январида Швеция суди уларни мос равишда 10 ва 8 йилга озодликдан маҳрум этган.

Апрель ойида Германияда блогернинг укаси – “Вайфонд” ҳуқуқбонлик ташкилоти ходими Маҳмад (Муҳаммад) Абдураҳмоновга суиқасд қилинишининг олди олинди. Мазкур жиноят ишида Россия фуқароси Валид Дадакаев гумонланувчи сифатида қатнашмоқда, суиқасдда немис аксилразведкаси ходими ҳам қатнашган, деган тахмин бор.

Қодировни танқид қилган шахслар турли мамлакатларда мунтазам равишда суиқасд нишонига айланади. Жорий йилнинг октябрида тўрт нафар Россия фуқароси ва бир нафардан Ўзбекистон ҳамда Украина фуқаролари Туркияда блогер Ҳасан Холидовга суиқасд қилишда гумонланиб, қўлга олинган эди.

Ўтган йилнинг июлида Австрияда россиялик Сар-Али Ахтаев ва Салмон Магомедов блогер Анзорни (Мамихон Умаров) ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Германияда чечен айирмачиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвили ўлимига доир иш судда кўрилмоқда. Ушбу жиноятда Россия ҳарбий разведкасининг муҳтамал ходимини айблашяпти.

Владимир Путин ва Рамзан Қодировнинг матбуот котиблари SVT суриштируви бўйича батафсил изоҳ бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG