Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:39

Музокаралар бекор қилиниши ортидан Арманистонда намойишлар қайта бошланди


25 апрель куни мухолифатчи Пашинян тарафдорлари яна Ереван марказида норозилик акциясини давом эттирди.
25 апрель куни мухолифатчи Пашинян тарафдорлари яна Ереван марказида норозилик акциясини давом эттирди.

Арманистондаги норозилик намойишлари ташкилотчиси бўлган парламент депутати Никол Пашинян ҳукмрон Республика партияси билан ўтказилиши режалаштирилган музокаралар бекор қилиниши ортидан мамлакат пойтахтида яна намойишлар қайта бошлади.

25 апрель куни бошланган намойишда минглаб одам иштирок этмоқда. Уларни назорат қилиб туриш учун полиция сафарбар қилинди.

Икки кун аввал 11 кун давом этган норозилик акциялари ортидан собиқ президент Серж Саргсян бош вазир лавозимидан кетган эди.

24 апрель куни Пашинян журналистларга берган интервьюсида Серж Саргсяннинг Республика партияси ҳукмронлиги тугаганини таъкидлади.

Намойишларга етакчилик қилаётган Пашинян мегафон орқали:

- Республика партияси ҳукуматдан кетиб, халқ ғалабасини тўла-тўкис тан олишини талаб қиламиз, - дея ҳайқирди.

Пашинян Саргсян 23 апрель куни истеъфо берган бўлса-да, республикачилар ўз ваколатларидан воз кечиши кераклигини, акс ҳолда Серж Саргсян ўз партияси орқали ҳукуматни бошқаришда давом этишини таъкидлади.

Шунингдек, Пашинян ўзини қўллаётганлар Арманистон-Грузия ўртасидаги чегарани тўсиб қўйганини айтди.

Республикачилар партияси муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга тайёр эканлигини , аммо унгача ҳукумат тепасида қолишни исташини билдирган.

Пашинян эса партия бошқарувни зудлик билан халқ номзодига бериши кераклиги айтмоқда. Мухолифатчи муваққат ҳукуматга Республикачилар партияси етакчилик қилишига кескин қарши. Сиёсатчи муваққат бош вазир ролини бажаришга ўзи тайёр эканлигини изҳор қилди.

25 апрель куни намойишчилар “Серж ва Карен [Карапетян] кетсин”, дея ҳайқириб, Пашинян муваққат бош вазир этиб тайинланишини талаб қилди.

Жорий йилнинг 9 апрель куни Серж Саргсяннинг қариндоши бўлмаган Армен Саркисян президентлик курсисига ўтирган эди.

Президент Саркисян 25 апрель куни мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳронни ҳал қилиш учун барча тарафлар билан маслаҳатлашишини айтди.

25 апрель куни Ереванда намойишлар қайта жонланар экан, Ички ишлар вазирлиги шаҳарнинг турли бурчагига полиция конвойларини юборди. Ҳозирда полиция ҳукумат бинолари атрофини, жумладан, Республикачилар партияси офисини қуршаб олган.

24 апрель куни Пашинян партияни Саргсян истеъфо берганидан кейин ҳам бошқарувни сақлаб қолишга уринишда айблади.

Саргсян 2008 йилда президент этиб сайланган эди. Аммо унинг президентлик муддати жорий йилда тугади ва 9 апрель куни Армен Саркисян президентлик курсисига ўтирди.

Арманистон парламенти 2015 йили ўтказилган конституциявий ислоҳот ортидан парламент республикасига айланмоқда. Натижада бош вазир ваколатлари кўпайиб, президент ваколатлари эса озаяди.

2014 йилда Саргсян Арманистон президент бошқаруви ўрнига парламент бошқарувига ўтса, бош вазир бўлиш учун курашмасликни ваъда қилган эди. Аммо 17 апрелда парламент уни бош вазир лавозимига сайлади. Натижада мамлакатда йирик намойишлар бошланиб, Серж Саргсян бош вазир лавозимидан кетди.

Мухолифатчи Пашинян 24 апрель кунги мурожаатида:

- Бу партия номзоди бош вазир этиб тайинланишига рози бўлмаймиз, ушбу коррупцион тизим давом этишига йўл қўя олмаймиз, - деди.

Бу орада парламентдаги бошқа партиялар ҳам ўз аъзоларини намойишчиларни қўллашга, муваққат бош вазир Карен Карапетянни эса истеъфо беришга чорлади.

25 апрель куни Пашинян Карапетян билан ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш масаласини муҳокама қилиши керак эди, аммо Карапетян Пашинян талабларига рози эмаслигини айтиб, музокараларни бекор қилди. Хусусан, муваққат бош вазир Пашинян бир томонлама тартибда янги талабларни ўртага қўйгани учун у билан учрашилмаслигини билдирди.

Бунга жавобан Пашинян:

- Агар биз Серж Саргсянни истеъфога чиқишга мажбур қила олган бўлсак, ишончимиз комили, ҳукмрон партияни ҳам халқ иродасига бўйсунишга мажбурлай оламиз. Акс ҳолда¸ намойишларимизни янада каттароқ кўламда давом эттирамиз, - деди.

Бу орада АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатдаги сиёсий можарони тугатиш учун диалог лозимлигини билдирди.

25 апрель куни Арманистон инқилобий федерацияси Республикачилар партияси бошчилик қилиб келган ҳукмрон коалиция таркибидан чиққанини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG