Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:23

Британия санкциясидан 5 ой ўтиб Россия ҳам 25 британияликка санкция қўллади


Буюк Британия инсон ҳуқуқлари жиддий бузилишига масъул Россиянинг 25 фуқаросига қарши санкция жорий қилганидан кейин беш ой ўтиб, Москва ҳам 25 британияликка нисбатан санкция қўллади.

Санкциялар ҳақида 21 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. Аммо вазирлик санкцияга йўлиққан Британия фуқаролари исмини келтирмади. Вазирликка кўра, бу 25 шахснинг Россияга кириши тақиқланган.

Айни пайтда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британия ҳукумати Россия расмийларига қарши 6 июль куни эълон қилган жазо чораларини «хаёлий ва бемаъни баҳоналар» асосида қўлланган, деб таъкидлади.

Июль ойида Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб июлдаги санкциялар «инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузган одамларга» қаратилганини айтган эди.

Бу шахсларнинг Британияга саёҳат қилишига чеклов қўйилган ҳамда уларга тегишли бўлган мулклар музлатилган.

Британия қора рўйхатига киритилганлар орасида қудратли Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, шунингдек, Лондон расмийлари аудитор Сергей Магнитскийнинг ўлимига алоқадор, деб ҳисоблайдиган судьялар ва прокурорлар бор.

21 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Лондон санкциялаган россияликлар қай асосда танланганини очиқламаган, деб таъкидлади.

«Буюк Британия ҳокимиятининг дўстона бўлмаган ҳаракатларига жавобан ва икки томонламалилик тамойили асосида Россия томони, Буюк Британиянинг Россия Федерациясига кириши тақиқланган 25 вакилига қарши шахсий санкцияларни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди», дейилади Захарова баёнотида.

«Лондоннинг ҳаракатлари бошқа давлатнинг ички ишларига аралашиш ва Россия адлия тизимига босим ўтказишга уриниш каби кўринади», дея қўшимча қилди Захарова.

Россия расмийларини жами 230 миллион доллар миқдоридаги солиқ фирибгарлигига қўл уришда айблаган Магнитский 2009 йилда Россия қамоғида қазо қилган эди.

Магнитский билан ишлаган таниқли сармоядор Билл Браудернинг саъй-ҳаракатлари туфайли Магнитский ишига халқаро миқёсда катта эътибор қаратилди.

Браудер ўн йил давомида Ғарб давлатларини инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши ёки жиддий коррупция учун масъул шахсларга нисбатан санкция жорий қилишни кўзловчи глобал Магнитский қонунини қабул қилишга ундади.

АҚШ ҳам Магнитскийнинг ҳуқуқлари жиддий бузилган деб топди ва Россияга қарши санкция жорий қилди.

Россия Магнитскийнинг ўлдирилгани ҳақидаги даъволарни узоқ вақтдан бери рад этиб, унинг номи билан аталувчи санкциялар қонунига қарши курашиб келади. Расмий Москва, ҳатто Браудер ва унинг адвокатини қатор жиноятларда, шу жумладан, фирибгарликда айблади.

Британиянинг июль ойида эълон қилган санкциялари Россия билан шусиз ҳам ёмон бўлган муносабатларни янада совитди.

Британия Россияни ўз ҳудудида «беқарорлаштиришни» кўзловчи ҳаракатларга қўл уришда, жумладан, 2018 йилда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизини заҳарлашда айблаб келади.

Россия эса бу айбловни кескин рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG