Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

Чимкентлик врач одам органларини кесиб, сотганликда гумон қилиниб қўлга олинди


Иллюстратив сурат (Чимкентдаги воқеага алоқаси йўқ)
Иллюстратив сурат (Чимкентдаги воқеага алоқаси йўқ)

Чимкент шаҳридаги (Қозоғистон) клиника бош врачи одамлар, жумладан ўзбекистонликлар органларини ноқонуний олиб, бадавлат чет элликларга пуллаганликда гумон қилиниб, полиция ходимлари томонидан қўлга олинди.

Полиция маълумотларига кўра, бош врач бу жиноятга халқаро жиноий гуруҳ таркибида қўл урган.

18 ноябрда Чимкент шаҳридаги 1- клиник шифохонаси бош врачи Абилай Донбай полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Қозоғистон ИИВ матбуот хизматининг Озодликка берган расмий маълумотига кўра, бош шифокорга инсон ички аъзоларини ноқонуний олиш айблови қўйиляпти.

- Унга Козоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 264- моддаси 2- қисми, яъни “Трансмиллий жиноий гуруҳда иштирок этиш” ва 116- моддаси 3- қисми – “Одам органларини ноқонуний тарзда олиш” асосида жиноят иши очилди. Ҳозирча у бир ўзи қўлга олинган. Бироқ, жиноий гуруҳнинг бошқа иштирокчилари ҳам аниқланган, - деди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Жумагул Абдукаримова.

Абилай Донбай қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига киритилгани айтилди.

Дастлабки тергов давомида Қозоғистон ҳудудида жиноий гуруҳ ҳаракат қилгани, улар одам аъзолари трансплантацияси соҳасида ноқонуний фаолият билан шуғуллангани аниқлангани билдирилди.

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, 2017-18 йиллар давомида Қозоғистонда фаолият юритиб келган жиноий гуруҳга чет эл фуқаролари ҳам кирган.

Қозоғистон ИИВ расмий баёноти.
Қозоғистон ИИВ расмий баёноти.

Донор сифатида моддий шароити оғир бўлган ва ўз аъзоларини сотишга мажбур бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Украина фуқаролари жалб этилган. Органларни, хусусан, одам буйрагини чет мамлакатларнинг пулдор гражданлари сотиб олгани аниқлангани хабар қилинди.

Терговчилар шифохона бош врачи жиноий гуруҳ аъзолари билан тил бириктириб, катта пул эвазига ички аъзоларни кўчириб ўтказиш бўйича ноқонуний операцияларни амалга оширганини аниқлагани айтилмоқда.

Тергов тахминларига биноан, Абилай Донбай жиноятга алоқадорликда гумонланаётган бошқа шахслар кўмагида, Қозоғистонда одам органлари олди-сотдисига тақиқ борлигига қарамасдан, катта миқдордаги тўлов эвазига буйракларни кесиб олиш ва кўчириш бўйича кўплаб жарроҳлик амалиётларни ўтказган.

37 ёшли Донбай Қозоғистоннинг энг ёш трансплантологларидан экани, у Москванинг Склифосовский илмий-тадқиқот институтида ва Жанубий Кореяда таҳсил олгани маълум.

Полиция бошқармасида Озодликка бу врачлар дастидан қанча киши, шу жумладан неча ўзбекистонлик жабрлангани борасида маълумотлар тергов якунланмагани боис сир тутилаётганини билдиришди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги вакили бундан олдинроқ трансмиллий жиноий гуруҳда иштирок этганликда ҳамда одамларнинг аъзоларини ноқонуний олганликда айбланиб, врач-трансплантолог Ғани Қуттимуротов ва Қирғизистон граждани бўлган Б.Г. Тайсалова ҳибсга олинганини маълум қилди.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари якунига етиб, жиноят иши судга оширилиши кутилмоқда.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, врачлар айби судда ўз исботини топса, уларга 8 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG