Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Фаоллар: ННТларни рўйхатдан ўтказиш Каримов давридагидан ҳам қийинлашди


Нукусдаги "Чироқ" инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти фаоллари.
Нукусдаги "Чироқ" инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти фаоллари.

Ўзбекистонда ҳукумат расмийларининг фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги баёнотларига қарамай, фаоллар нодавлат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишда сунъий тўсиқлар ва қаршиликларга дуч келаётганликларини айтишмоқда.

Пахта йиғим-теримида меҳнат ҳуқуқлари бузилиши мониторинги билан шуғулланувчи қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Aзимбой Отаниёзов қарийб икки йилдан буён ўзи раҳбарлик қиладиган “Чироқ” инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга уриниб келади.

Отаниёзов ННТни рўйхатдан ўтказиш сўровига ўтган ой Адлия вазирлигидан иккинчи марта рад жавоби олди.

“Икки йилдан бери пайсалга солиб келишяпти. Ҳамма сўраган ҳужжатларни олиб бориб берамиз, у етишмайди, бу етишмайди, деб қайтаришади”, - дейди ҳуқуқ фаоли.

“ДХХ розилигисиз ҳеч нарса қилишолмас экан”

Отаниёзов нодавлат ташкилотини Қорақалпоғистондаги ўндан зиёд фаол билан биргаликда Ўзбекистон Президенти ва бошқа ҳукумат расмийларининг сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятининг аҳамияти тўғрисидаги баёнотларидан илҳомланиб, ташкил этганини айтади.

“Биз қонунийлик тарафдоримиз. Қонун устуворлиги, сўз эркинлиги, адолатли бошқарув бўлиши керак, дейишяпти. Шунинг учун ташкилотимизни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қиляпмиз, лекин натижа бўлмаяпти. Ҳозир ННТни рўйхатдан ўтказиш ўша энг қаттол диктатор деб кўрилган Каримов давридагидан-да қийин бўлиб қолган.

Имло хатолари бор экан, дейди, маҳалладан справка етишмайди, дейди. Ҳолбуки, Адлия вазирлигининг ўша жавоб хати имло хатоларига тўла.

Адлия вазирлиги масъул ходимларидан бири билан гаплашсам, “акажон, рўйхатга олиш бизга боғлиқ нарса эмас, давлат хавфсизлик хизматлари ҳам текширади, уларнинг розилигисиз ҳеч нарса қилолмаймиз”, деди. Ҳужжатларни икки нусхада топширамиз, бир нусхаси ДХХга кетар экан.

Биз бу нодавлат нотижорат ташкилотини эзгу мақсадларда очганмиз. Мақсадимиз жамоат манфаатлари йўлида ҳаракат қилиш ва Қорақалпоғистон халқининг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат. Яқинда яна бир марта Aдлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни топшираман ва умид қиламанки, бу охиргиси бўлади”, - дейди Отаниёзов.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтишда муаммоларга дуч келаётган фақат “Чироқ” ташкилоти эмас.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев апрель ойида Адлия вазирлигидан ўзининг Бухородаги “Гуманитар-Ҳуқуқий Маркази”ини рўйхатдан ўтказишда тўққизинчи марта рад жавобини олди.

Унинг аризаси “давлат божини тўламаган” деган важ билан рад этилган.

Бироқ фаол барча ҳужжатлар талабга мувофиқ тақдим этилгани ва бож ҳам тўланганини айтган.

Бюрократик чиғириқ

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти шу йил бошида эълон қилган ҳисоботида рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ қийинчиликларга юз тутаётган ўндан зиёд мустақил гуруҳлар рўйхатини келтирган.

Улар орасида “Адолатни тиклаш”, “Инсон ҳуқуқлари уйи” ва “Олтин қанот” каби мустақил ташаббус гуруҳлари бор.

Ҳатто Фарғонадаги дайди ҳайвонлар учун бошпана берувчи “Мен тирикман” ноҳукумат-нотижорат ташкилотининг аризаси ҳам рад этилган.

Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми тадқиқотчиси Линн Швайзфурз Ўзбекистонда ННТларга рўйхатдан ўтишда тўсқинлик қилинаётганидан таассуф билдирди.

-Ўзбекистонда ННТлар рўйхатдан ўтиши учун бюрократик чиғириқдан ўтказилади. Барча лозим ҳужжатлар тақдим этилганда ҳам, уларнинг аризаси арзимаган грамматик хатоларни сабаб қилиб, рад қилинган ҳоллар бўлган. Бир томондан, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга келаётган сармоядор ширкатларни ўн дақиқада, керак бўлса, онлайн рўйхатга оламиз дейди, мажбурий меҳнат ёки инсон ҳуқуқлари бўйича ноҳукумат нодавлат ташкилотлари эса, рўйхатга олинишни йиллаб кутишяпти. ННТлар жамиятга керак. Уларнинг овозисиз муаммоларни ҳал этиш мушкул, - дейди Швайзфурс.

Озодлик нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоевага боғланди.

Ўринбоева масалани ўрганиб, жавоб беришини айтди.

Расмийлар нима дейди?

Aдлия вазирлигининг нодавлат ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Aзизбек Мадаминов икки ой аввал “Aмерика овози”га берган интервьюсида нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш фақатгина аризаларнинг мамлакатдаги ҳуқуқий меъёрларга риоя қилинмаслиги билан боғлиқлигини таъкидлаган эди.

Фуқаролар вазирлик қароридан ёки ариза кўриб чиқилишидан норози бўлса, судга мурожаат қилишлари мумкинлигини айтган.

Аммо Мадаминовга кўра, судларга ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.

Нукуслик фаол Азимбой Отаниёзов эса судларга арз қилиш натижа беришига ишонмаслигини айтади.

“Адлия вазирлиги у етишмайди, бу етишмади деб аризамизни рад этаётган экан унинг судларидан қанақа адолат кутиш мумкин”, - дейди Отаниёзов.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, бугунги кунда мамлакатда 10 мингга яқин нодавлат, миллий ва минтақавий ташкилот рўйхатдан ўтган.

Уларнинг аксарияти давлат томонидан ташкил этилган ярим ҳукумат ННТлар экани айтилади.

Мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш эса оғир ва имконсиз жараён.

Ёлғон статистика

Ўзбек расмийлари охирги тўрт йилда олиб борилган ислоҳотлар натижасида очиқлик ва фуқаролик жамияти сари муҳим қадамлар қўйилганини таъкидлаб келда.

Аммо Британиядаги Сассекс Университетининг Ривожланиш Тадқиқотлари Институти таҳлилчиси Дилмурод Юсуповга кўра, ўзбек расмийларининг мамлакатда 10 мингга яқин нодавлат ташкилоти рўйхатдан ўтгани ҳақидаги иддаолари "ёлғон".

“Ҳукумат бир хил нодавлат ташкилотнинг вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларини алоҳида ННТ сифатида ҳисоблайди. 10 минг дея айтилаётган рақамнинг сири шундаки, ҳар бир нодавлат нотижорат ташкилоти маҳаллий адлия органида рўйхатдан ўтиши ва алоҳида юридик шахс сифатида ҳисобланади. Масалан, феминистлар ва аёллар ҳуқуқлари фаоли Ирина Матвиенко Хоразм вилоятида Адлия вазирлиги томонидан нашр этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат реестрини таҳлил қилиб, 10 минг нодавлат нотижорат ташкилотининг рақамини 10 баробар ошириб юбориш мумкин, деган хулосага келди. Аммо аслида ва халқаро меъёрларга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотининг филиали алоҳида ННТ ҳисобланмайди, чунки у бир хил ташкилотдир”, - дея айтган Юсупов ўтган ой "Дипломат" нашри билан суҳбатда.

Таҳлилчи ҳисоб-китобича, хозирги кунда Ўзбекистонда ўз ташаббуси билан тузилган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 3 мингдан ошмайди.

Бу 34 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мамлакат учун жуда оз.

Солиштириш учун, Қирғизистонда ҳар 10 минг кишига 28дан ортиқ, Қозоғистонда 12 дан ортиқ, Тожикистонда учдан ортиқ ва Ўзбекистонда учдан кам нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғри келади.

Ўзбекистндаги қийинчиликларга қарамай, ўтган йил оҳирида Швециядаги “Марказий Осиёда демократия ва инсон ҳуқуқларига кўмак ташкилоти” бир неча йиллик уринишлардан сўнг Ўзбекистонда расман рўйхатга олинди.

Ташкилот раҳбари Пўлат Охуновга кўра, Швеция ҳукумати ва парламенти ҳамда халқаро босимлар натижасида бунга эришилган.

“2017 йилдан бери ташкилотимизни рўйхатдан ўтказишга уриниб келдик. Швеция ҳукумати ва парламенти аъзоларининг ўзбек раҳбариятига тинимсиз ёзишмалари натижаси ўлароқ ташкилотимизни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилишига эришдик. Биз ўйлаймизки, бошқа ташкилотларга ҳам Ўзбекистонга қайтишига рухсат берилиши керак”, - дейди Пўлат Охунов.

Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг фаолияти ягона қонун ҳужжати- "Нодавлат ноҳукумат ташкилотлари тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинади.

2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан сўнг халқаро ташкилотлар кўмаги билан очилган ўнлаб ноҳукумат ташкилотлари ёпилган, халқаро нодавлат ташкилотлари мамлакатдан чиқариб юборилганди.

XS
SM
MD
LG