Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

Ўзбек муҳожирларининг Россиядан пул жўнатмалари кескин ошди


Ўзбек муҳожирлари пул жўнатмалари бўйича яна илғор
Ўзбек муҳожирлари пул жўнатмалари бўйича яна илғор

Ўзбекистонлик ишчилар пандемия даврида Россиядан ватанига энг кўп маблағ юбораётган муҳожирларга айланди. Россия Марказий банки маълумотига кўра, пандемия авж олган 2020 йилнинг иккинчи чорагига нисбатан улар 28,7 фоизга кўпроқ маблағ чиқара бошлади.

Россияда ишлаётган муҳожирларнинг ўз юртларига жўнатаётган маблағлари ҳажми кескин ошди. Биргина Ўзбекистонга ишчилар томонидан 1 млрд АҚШ долларидан кўпроқ пул жўнатилди. Юзлаб миллион долларлар Арманистон, Тожикистон, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдовага кетмоқда.

Бу ўсиш ўтган 2020 йилнинг июль-сентябрь ойларидан бошлаб кузатилмоқда.

Россия Марказий банки ҳисоб-китобига кўра, айнан шу даврдан бошлаб Россияда пандемия билан боғлиқ карантин чекловлари бироз юмшатилди.

2020 йилнинг иккинчи чорагига солиштирганда Ўзбекистонга жўнатилаётган пул маблағлари 28,7 фоизга ўсиб, 927,7 миллион долларга етган. Мисол тариқасида, Тожикистонга бўлган пул ўтказмалари ҳажми ҳам 25,7 фоизга ўсишни кўрсатиб, 425,5 миллион АҚШ долларига етган.

Меҳнат мигрантларининг пул жўнатмалари ўсиши бўйича рўйхатнининг олдини Арманистон (27,3), Озарбайжон (22,9%), Қозоғистон (20%), Қирғизистон (21%), Молдова (4,4%) ва Украина (7,7) давлатлари эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий банки 2020 йилнинг 3-чорагида биргина Беларусь (0,6%) ва Туркманистонга (80%) ўтказмалар ҳажми камайганини қайдга олди.

Шу тариқа, айниқса Марказий Осиё минтақаси давлатлари ишчи муҳожирлари пул жўнатмалари бўйича кўрсаткичларни пандемия бошлангунгача бўлган даврдан ҳам оширди: Ўзбекистон - 53 фоизга, Арманистон - 32,5фоизга, Тожикистон - 19,8 фоизга, Қирғизистон - 19,6 фоизга, Озарбайжон - 3 фоизга.

Озодлик суҳбатлашган миграция экспертлари Россия Марказий банки бераётган бу рақамларда бошқа йўллар билан жўнатилган пул жўнатмалари акс эттирилмаганига ҳам эътибор қаратди.

Таъкидлаш жоизки, коронавирус касаллиги тарқалиши оқибатида 2020 йилнинг март ойлари охирларидан Россияда кескин карантин чекловлари жорий этилган, чегаралар ёпилиб, одамларнинг ҳаракатланиши, корхона ва муассасалар, турли ширкатларда иш фаолиятига тўсиқ қўйилганди.

Натижада ишсиз қолган кўплаб меҳнат муҳожирлари, хусусан ўзбекистонлик ишчилар пандемия авж олиб бораётган Россияни тарк этишга мажбур бўлган. Россияда жорий этилган қаттиқ карантин режими 2020 йилнинг 2 чорагида Ўзбекистонга бўлган пул жўнатмалари ҳажмини 18,8 фоизга, Тожикистонга - 4,7 фоизга, Қирғизистонга - 1 фоизга қисқартириб юборганди.

Россия Фанлар Академиясининг Социология институти олиб борган сўров натижаларига кўра, Россияда меҳнат қилиб келган 30 фоиз ишчи-мигрант ишсиз қолган эди.

2020 йилнинг охирларида Россиянинг қатор ҳукумат идоралари турли минтақаларда ишчилар контингенти 20-50 фоизга қисқарганини эълон қила бошлаганди.

Айни дамда, Россия Статистика қўмитаси бераётган расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда Россия аҳолиси сони бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 510,5 минг кишига қисқарган. Бу Россияда 2005 йилдан буёнги аҳолининг бу даражада кескин камайишидир.

2021 йилнинг 1 январига келиб Россия Федерациясида 146,2 миллион одам истиқомат қилиб келиши айтилди.

Россия Ички ишлар вазирлиги пандемия ортидан Россияда меҳнат муҳожирлари сони 2020 йил охирига келиб қарийб 2 баробарга камайиб, 6,3 миллион кишига етганини хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG