Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Бухородаги санаторийда сақланаëтганлардан учтасида коронавирус чиқиши ортидан карантин узайтирилди


Бухородаги "Ситораи Мохи Хоса" сиҳатгоҳи.
Бухородаги "Ситораи Мохи Хоса" сиҳатгоҳи.

Бухоро шаҳридаги "Ситораи моҳи хоса" санаторийсида карантинда ушлаб турилганлардан уч нафарида 28 март куни коронавирус аниқлангач¸ карантин муддати 10 кунга узайтирилди.

Ушбу сиҳатгоҳда 22 март куни Истанбулдан учиб келган 247 ўзбекистонлик карантинда ушлаб турилибди.

Санаторийда ишловчи шифокорнинг Озодликка айтишича, сўлак тести натижалари позитив чиққан уч бемор шифохонага олиб кетилган, қолганлар учун карантин муддати 10 апрелгача узайтирилган.

"Ситораи моҳи хоса" санаторийси карантинида ушлаб турилганларнинг айримлари Озодлик билан суҳбатда касаллик ўзларига ҳам юққан бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини айтди.

3 апрель куни Озодлик билан гаплашган аëллардан бири карантиндагилар орасида саратон касалига чалиниб, жарроҳликни бошдан кечирганлар, ёш болали ва ҳомиладор аëллар¸ шунингдек ëши 60 ёшдан ўтганлар борлигини билдирди.

Бу ерда онкологик касал бўлиб, операция қилинганлар, қариялар бор. Улар ҳам биз ҳам коронавирус юққан бўлишими мумкин, деб қўрқаяпти.

- Биз билан бирга Истанбулдан учиб келган уч одамда чиқди. Ҳамма қўрқиб қолган. Чунки бу ерда онкологик касал бўлиб, операция қилинганлар, қариялар бор. Улар ҳам бизга ҳам коронавирус юққан бўлиши мумкин, деб қўрқаяпти. Фақат бир марта сўлак тести қилишди, бошқа қилишмади.

"Ситораи моҳи хоса" санаторийсининг Озодлик боғланган шифокори карантинда ушлаб турилаётганларнинг уч нафарида 28 март куни коронавирус аниқлангани, бунинг ортидан карантин 10 кунга узайтирилганини тасдиқлади.

Шифокор карантиндагилар орасида касаллик тарқалиши олдини олиш учун чоралар кўрилаётганини айтди.

- 10 апрелгача карантинда қолишади. Ҳозир улар бир-биридан алоҳида изоляцияда ушлаб турилибди. Овқати ҳам алоҳида хонасига олиб бориб бериляпти, - деди матбутга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланишини истамаган шифокор.

Врачнинг бу гапига эътироз билдирган "Ситораи моҳи хоса" санаторийсида карантинда ушлаб турилганлар¸ ўзларининг тиббий ниқобсиз юрганини айтади.

- Карантин тартибига амал қилинаётгани йўқ. Ҳатто ниқобсиз юришади. Бири бугун ишлатган идишда¸ эртага бошқаси овқат ейди. Овқатни ҳар ким ўзи билан олиб кетиши керак, шунга ҳам ниқобсиз боришади, - деди карантинда ушлаб турилган аёл.

Карантин муддатини узайтириш учун тиббий изоҳ берилганига қарамай¸ мутахассисларнинг бу қароридан норозилар ҳам талайгина.

- Аҳвол жуда ёмон. Ҳамма безовта бўляпти. Бошида келганимизда "14 кун ўз ихтиёрим билан карантинда қоламан” деб тилхат олинди. Паспортларимизни олиб қўйишди. Бугун 12 кун бўляпти. Шифокорлар 3 одамда коронавирус чиққанлиги учун яна 10 кун қўшимча карантинда бўлишга мажбур эканлигимизни айтишди. Ҳали 10 апрелдан кейин ҳам карантин муддатини узайтиришлари мумкин экан, - дейди карантинда ушлаб турилаётганлардан яна бири.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби ходими 3 апрель куни Озодлик билан суҳбатда карантиндагилар ва умуман жамоатчиликни сабрли бўлишга чақирди.

- Мақсадимиз касаллик тарқалишига йўқ қўймаслик. 14 кун дейилдими 14 кун, 24 кун дейилдими¸ шунча муддат карантинга амал қилиш керак. Бу касалликни инкубацион даври 14 кун ва ундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Ҳозир сабрли бўлиш керак. Дунёнинг қайси давлатида қиммат турадиган санаторийлар карантиндагиларга бепул берилган? Озгина чидамли, сабрли бўлиш керак, - деди штаб ходими.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетик сиҳатгоҳи"да 1 апрель куни карантин муддатининг изоҳсиз узайтирилгани у ерда сақланаётганлар норозилигига сабаб бўлганди.

Бирлашган Араб Амирлигидан март ойи ўрталарида олиб келиниб, каратинга олинганлар 1 апрель куни жанжал кўтаргани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Озодлик хабаридан бир кун ўтиб 3 апрель куни сиҳатгоҳда жанжал кўтарган ва карантин қоидаларини бузгани учун 7 фуқаро 15 суткага қамалгани ҳақда расмий матбуотда хабар қилинди.

Сиҳатгоҳларда карантинда ушлаб турилаётганларнинг у ердаги шароитлардан нолиётгани айни пайтда ижтимоий тармоқда танқидга сабаб бўлди.

Айримлар уларни ноинсофликда айблаб чиқишди.

- Ҳар ҳолда бизга ўхшаб аэропорт йўлакларида ётганларинг йўқ. Сизларга санаторийларни бериб қўйишибди, шукур қилмайсизларми, - деб ёзди Россия аэропорти тунаганини айтган Рустам исмли меҳнат муҳожири.

Ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус боис 100 мингдан зиёд одам карантинга олинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков 3 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди:

“Касалликнинг инкубацион даври 14 кун эканлигини эътиборга олсак, улар орасидан касаллик чиқишига ҳам тайёр бўлишимиз керак”, - деди Атабеков.

Агар сиз мажбурий карантинда сақланаëтган бўлсангиз¸ ëки коронавирусга чалинган беморларга тиббий ëрдам кўрсатувчилар сафида бўлсангиз¸ ҳозирги иш фаолиятингиз ва шароитингиз ҳақида жамоатчиликка ҳикоя қилишингиз мумкин.

Бу ҳақда Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига ëзиб юборинг¸ сурат ва видео жўнатинг!

XS
SM
MD
LG