Хайрулла Ҳамидов 20 йилгача қамалиши мумкин

Хайрулла Ҳамидовга қўйилаëтган расмий айбловдан журналистнинг узоқ йиллик қамоқ жазосига тортилиши тахмин қилинмоқда.

29 апрел куни маҳкамага тортилган таниқли футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулла Ҳамидов¸ расмий айблов хулосасига кўра¸ "Жиҳодчилар" экстремистик гуруҳига аъзоликда айбланмоқда.


Расмий тергов хулосасининг Озодликка етиб келган дастлабки саҳифаларига қараганда¸ Хайрулла Ҳамидовга қўйилаëтган айблар анча кескинлашган ва эндиликда унга "Жиҳодчилар" деб номланаëтган гуруҳ фаолиятини ташкил қилиш айби қўйилмоқда.

Тергов хулосасидан нусха


"Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра¸ 1975 йил 07 декабр кунида Тошкент шаҳрида туғилган Ҳамидов Хайрулла Убайдуллаевич ғараз ва паст ниятларда яна жиноят йўлига кириб¸ етарли диний билимга эга бўлмасдан туриб¸ ўзи яшаб турган юртнинг миллий қадриятларини менсимай оғир жиноятлар мажмуини¸ яъни жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятлар туркумига кирувчи бир гуруҳ шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб¸ диний экстремизм¸ сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни сақлаш ва Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган норасмий "Жиҳодчилар" номли диний экстремистик ташкилотига аъзо бўлиб¸ унинг фаолиятига иштирок этиш жиноятини қуйидаги вақт ва услубларда содир этган" деб бошланади жиноий иши юзасидан дастлабки тергов хулосаси.

Хайрулла Ҳамидов Ботиров Баҳодир¸ Тоғаймуротов Орол ва Тошкент вилояти Чиноз шаҳрида яшовчи фуқаролар билан бир гуруҳ бўлиб¸ Ҳикматов Шерзод ва Зокиров Учқун томонидан яширин равишда ташкил этилган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимига аъзоликда айбланмоқда.

Журналистга "жиҳодчилар"нинг яширин йиғинларида маъруза қилиш¸ диний билими паст ëшларни йўлдан уриш каби айблар ҳам қўйилмоқда.


Тергов хулосасида қайд этилишича¸ Хайрулла Ҳамидовнинг уйида ўтказилган тинтув пайтида унинг уйидан бир қатор арабча китоблар¸ шунингдек бедарак йўқолган андижонлик Абдували қори Мирзаев маърузалари ëзилган аудиокассета¸ Обидхон Назаров маърузалари ëзилган дисклар топилган.

Расмий айблов сурати



Шу мазмундаги далил ва кузатишларга асосланган терговчилар¸ Хайрулла Ҳамидовни қўйилган айбларда айбдор деб топиб¸ уни Ўзбекистон жазо қонунининг 244^2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган¸ деган хулосани маҳкамага тақдим этган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг Хайрулла Ҳамидовга қўйилаëтган айблар учун маҳкама унга 5 йилдан 15 йилгача¸ мабодо бу ҳаракатлар оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган¸ деб топилса¸ 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинлаши мумкин.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов¸ Хайрулла Ҳамидовга қўйилган айблов хулосаси руҳидан унга оғир жазо тайинланишини кутиш мумкин¸ деган фикрда:

- Энг оғир моддалар фақат Ҳамидов Хайрулла Убайдуллаевичга қўйилган. Энди айблов хулосасида булар шунақа қилиб қўймаса бўлмайди, акс ҳолда ўтмайди. Шунинг учун ëмонлашга мажбур. Бу айблов тўла-тўкис сохталаштирилган.

Гап шундаки¸ Хайрулланинг жуда обрўйи оша бошлади. Айниқса¸ диний-маърифий ишлар бўйича телевидениеда¸ радиода эшиттиришлар қилинганда буни одамлар жуда тиниқиб эшитган. Менинг шахсий фикрим бўйича¸ ҳукуматнинг шунақа қилишининг асосий сабаби одамларни¸ халқни янада қамашлар билан қўрқитиб қўйишдир¸ дейди Хайрулла Ҳамидовга қўйилаëтган расмий айблов хулосаси билан бевосита танишган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Айблов хулосасидан нусха.


Футбол шарҳловчиси¸ кўп ўтмай Наврўз радиоси орқали эфирга узатилиб¸ сўнгра дискларда сотила бошланган диний дастурлари билан ўзбекистонликлар¸ айниқса ëшлар орасида танилган Хайрулла Ҳамидов шу йил 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

Аввалига Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланиб¸ кейинчалик Тоштурмага ўтказилган Хайрулла Ҳамидовга дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216- моддаси бўйича “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш” айби қўйилди.


Аммо февралда бу айб олиб ташланиб¸ эндиликда Хайрулла Ҳамидовга 244^2-моддаси 1-қисми: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ва тарқатиш айби қўйилмоқда.

Хайрулла Ҳамидов ва у билан биргаликда Чиноздаги хонадонлардан бирида бўлиб ўтган ақиқа маросимида қатнашган яна 38 шахс устидан маҳкама жараëни Тошкент вилоят Жиноий ишлар бўйича суди томонидан Янгийўл туманидаги Гулбаҳор посëлкасида бўлиб ўтмоқда.