Рамазонда Ўзи инсоф берсин!

Ўтган йилнинг бошида ҳибсга олинган Хайрулла Ҳамидов "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Хайрулла Ҳамидов тақдири билан қизиқаётган мухлисларимиз саволларига, журналистнинг онаси шундай жавоб берди.
“Хайрулланинг ҳолидан хабар олинглар!”


Асли андижонлик ҳозирда Россияда меҳнат қилаётган Аброр ака Озодликка СМС йўллаб, Рамазон бошланиши муносабати билан диний-маърифий дастурлар муаллифи, айни пайтда олти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Хайрулла Ҳамидовнинг оиласи билан боғланиб, журналист тақдиридан хабар олишимизни сўраган.

Озодликка бўлаётган шу каби илтимосларни инобатга олган ҳолда, Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа билан боғландик.

- Ҳали ҳеч гап-сўз йўқ. Мана яқинда борамиз, Худо хоҳласа. Зора яхшиликлар бўлиб қолса, мана эртага 20 йилликка умид қилиб ўтирибмиз. Ишлаб юрибди ўзи. Яхши энди нима қилсин. Умид қилиб ўтирибмиз мана шу 20 йилликдан. Худо хоҳласа, нима бўлиб қолар. Катта амнистия бор дейилаяптию.

Озодлик: Хайруллани охирги марта қачон кўрдингизлар?

- Бир ойдан ошди. Мен ўзим 2 соатга бориб келдим. Яхши, ишлаб юрибди. Бошқа илож йўқ ҳозир. “Соғлиғим яхши. Ишлаяпман” деди. Ортиқча гап гапира олмайди у ерда.

Озодлик: Ижод билан шуғулланаяпти эканми?

- Ижод билан шуғулланиб у ерда ҳам ëзиб турибди экан. У ëқдаги газеталарда шеърлари чиқибди. “Ижод қилиб турибман” деди.

Озодлик: Амнистия борасида Хайрулланинг ўзи нима деди?

- Ўзи ҳали ҳеч нарсани билмайди. Бизлар энди умид қилиб ўтирибмиз. Ҳамма тепадаги подшоларимизни ишқилиб Оллоҳ рамазон ойларида инсоф бериб, нима қилиб юборсин деб ният қилиб ўтирибмиз кечаю кундуз. Қўлимиздан ҳеч иш келаëтгани йўқ. Ҳеч ким аралаша олмайди биласиз. Фақат Оллоҳга омонат топшириб ўтирибман болам. Болаларини боқиб, қараб ўтирибман.

Озодлик: Болалари яхшими?

- Яхши, юрибди болалари. Мана ҳозир каникулда. Ҳаммаси ëнимда ўзим билан бирга. Бир кун у қиламиз, бир кун бу. Ҳамма нарсага одам сабр қиларкан. Энди кўпи кетиб ози қолди. Фақат умидим эртага мустақилликдан бўлаяпти. Мухлислар ҳам дуо қилишсин Худо хоҳласа, рўза рамазон ойларида. Энди яхшилик бўлиб қолади, дейди Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа.

“Пастдарғoмда порахўрлик авж олган”


Кореядан қўнғироқ қилган асли самарқандлик Абдулла ака Самарқанднинг Пастдарғoм туманида кузатилаётган порахўрлик ҳолатлари ҳақида гапиради.

- Пастдарғом туманида касалхонага ишга кираман десангиз, медсестралик учун 500 доллар бермасангиз, кира олмайсизда.

Озодлик: Бу ишга кириш учун бериладиган пора демоқчисиз.

- Ҳа.

Озодлик: Сиз нимага асосланиб бунақа деяпсиз? Қўлингизда факт, далил борми?

- Бор. Борган одамлар бор. Мен энди айта олмайман, сабаби у одамларга гап тегиши мумкин. Ўзбекистондаги шароитни мендан яхши биласиз. Мен энди бир нарса қилиш керак демайман. Қилиш керак бўлган нарсани қилишнинг иложи йўқ Ўзбекистонда. Буни мен жуда яхши биламан. Фақат ўша нарсани радиода эшитиб қўйишса, сизларнинг радиодан эшитгандан кейин шу нарсага эътибор қаратиладида. Мен шуни сезганман. Жалоба бўлгандан кейин эътибор қаратилади ўша нарсага, ўша жойга. Шунинг учун шу нарсани сизларнинг радиода эшиттиришнинг иложи бормикан, ўша касалхона бошлиғининг хотини Бош вазирнинг қариндоши эканда.

Озодлик: Абдулла ака, бу битта шифохонадаги ҳолатми ëки бошқа ойларда ҳам порахўрлик ҳолатлари кузатиладими?

- Бошқа жойда ҳам бу нарсалар 100 фоиз кузатилади. Мен ўзи ҳам керакли жойларда ишлаганман вақтида. Ҳаммасининг ичида юрганман, қанақа бўлишини ҳам кўрганман. Олди-бердисини эшитганман, кўрганман. Аниқ фактларим ҳам бор, лекин бу нарсани ҳозирги ҳокимият билан енгиб бўлмайди. Лекин қанақадир жойда камчилик бор деб шу радиода эшиттирилганидан кейин ўша жойга эътибор қаратилади барибир, дейди Кореядан қўнғироқ қилган асли самарқандлик Абдулла ака.

“Холмамат ака қаерда?”


Қашқадарёнинг Чироқчи туманида яшовчи 53 ёшли Холмамат Оқназаров 2006 йил Россияга ишлашга кетиб бедарак йўқолган. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган унинг яқиларидан бири чироқчилик Бахтиёр акага кўра, Холмамат Оқназаровни қидирш ишлари самарасиз қолмоқда.

- Қашқадарë, Чироқчидан 2006 йил 17 майда кетган. Оқназаров Холмамат. 1958 йилда туғилган. Ўзимизнинг Шаҳрисабздан болалар билан кетган. Челябинск областининг Савицкий район Красное поле деган посëлкасида бўлган. Кейин ҳамма ўртоқлари келган. Бизнинг амакимиз йўқ. Умуман хабар йўқда.

Озодлик: Ўзи ўтган йиллар давомида бирор марта алоқага чиққанми?

- Борган пайтида бирор марта телефонлашди. Кейин ўртага тушган Назаров Нафас деган шаҳрисабзлик одам гаплашган. “Оталарингиз бу ерда эмас бошқа жойда ишлаяпти. Ўзим салом айтиб қўяман” деган. Мен сизга айтган нарсаларимнинг ҳаммасини Олий суд, Омбудсман, хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ва қонун газетаси хуллас калом тўққизта ташкилотга ариза берилган. Яна Чироқчи туманига жўнатаяпти. Булар шуғулланмаяпти, дейди чироқчилик Бахтиёр ака.

“Сут заводининг ҳидига чидаб бўлмаяпти”


Навбатдаги суҳбатдошимиз Андижон вилоятининг Бўз туманида яшовчи Ҳалимжон ака уйи ёнидаги сут заводининг чиқиндиларидан чиқаётган ёқимсиз ҳид боис аҳоли қийналаётганидан шикоят қилади.

- Ëнимизда сухой молоко бор денг, завод бор. Ўшандан роса сассиқ ҳид келади. Ҳозир 87га кирган энам бор. Энам бугун рўза тутишни бошлади. Укамникига кетди. Уйда шароит йўқда. Нима дейди ҳаво бузилиб, сассиқда. Чидаб бўлмайдиган ҳидда. Ҳокимиятга, маҳалла қўмиталарига учрадик. Маҳалла қўмиталарининг ҳеч қайси бири қулоқ солмади.

Озодлик: Уйингиз заводдан қанча узоқликда?

- 50 метрча узоқда. Сухой молоконинг ташланмаси зовурга ташланади.

Озодлик: Чиқиндилари демоқчисиз.

- Ҳа. Ўша зовурнинг олдида 200-300та хўжалик бор. Ҳокимиятда ишлайдиган акахонимиз бор. Ўша зовурнинг бўйида ўтирарди. “4-5 йилдан бери шу билан шуғулланаяпман. Сизлар энди чиқаяпсизлар” деди.

Озодлик: Бу завод анчадан бери ишлаëтган бўлса, ҳиди энди чиқаяптими?

- Йўқ, бу ҳар йили чиқади. Айтган пайтимизда улар ямасидан олдириб ташлайди. Айтмасак, зовурга шундай ташлаб қўяверади. Кўрсангиз, зовурда сут оқиб ëтибди дейсизда. У ерда қамишлар ўсарди. Ëшлигимизда зовурда балиқ ушлардик. Ҳозир балиқ ҳам йўқ. Ҳеч нарса йўқ. Кўрсангиз, сут оқаяпти дейсиз зовурда.

Озодлик: Оқиб қаерга боради у?

- Оқиб Сариқ жийдага қўшилса керак. Бир километр нарироқда яна битта сухой молоко бор. Уникиям худди шунақа.

Озодлик: Бўзда ҳозир иккита завод борми?

- Ҳа. Биз санэпидтанцияга, ҳокимиятга ариза билан чиқдик. Улар гапга кирмайдиган нима эканда. Иложи бўлмасдан кеча энамни укамникига олиб бориб қўйдик. Қанақа қиламиз энди? Олтита неварам бор. Ҳозир иложи бўлса, бир ерга кўчиб кетишимиз керакда. Тоза ҳаво бор жойга кўчиб кетишимиз керак. Керакли жойларга айтгаинимиз билан бўлмаяпти, дейди бўзлик суҳбатдошимиз Ҳалимжон ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!