ДАН танқидчиси амнистияга тушди

Бу сурат Дмитрий Чистопрудовга оид.


“Жаҳонгир Назаров” десак, муштарийларимизнинг кўпчилиги гап ким тўғрисида кетаётганлигини дабдурустдан эслай олмаса керак.

Лекин, “Давлат автомобил назорати хизматига ишга кириш учун $7000 узатиш керак”лиги тўғрисида айтиб берган фарғоналик йигит”, десак, “Жамият ва қонун” эшиттиришини мунтазам кузатиб борувчилар бу йигитни дарров эслайди.

Ўша Жаҳонгирнинг дараги чиқди.

Ҳа, у йўқолиб қолганмиди?

Ҳар ҳолда бу йигит иштирокидаги эшиттиришимиз ҳавога узатилганидан кейин уни тополмай қолгандик.

Кейинроқ, декабрнинг охирида “Жамият ва қонун”нинг баъзи қаҳрамонлари тақдирига қайтдик, уларнинг эшиттиришдан кейинги саргузаштларини ҳикоя қилдик.

Ўша эшиттиришни тайёрлаш жараёнида яна Жаҳонгир Назаровни изладик. Яна тополмадик.

Ва ниҳоят топдик. Ниҳоят дараги чиқди.

Бундан 10 кунлар муқаддам Жаҳонгирнинг ўзи алоқага чиқди.

Унинг иштирокидаги биринчи эшиттиришимизга асос бўлган суҳбатимиздан сўнг алоқаларимиз нима учун йўқолиб қолгани тўғрисида айтиб берди.

Эшитинг, қизиқ.

Жаҳонгир билан 15 январ куни ўтказганимиз суҳбатни зарур нуқталарда тўхтатиб, хусусан биз учун қизиқ кўринган жиҳатларга эътиборингизни қаратамиз.

Озодлик: Бугун 15-январ куни сиз қидирувдамисиз қидирувдамасмисиз?

- Йўқ, бугун, ҳозир ҳеч нимада эмасман.

Озодлик: Сиз билан охирги марта, адашмасам, ноябр ўрталарида гаплашдик. Ундан кейин сиз билан суҳбат асосида эшиттириш эфирга кетди.

Айтаётганимиз эшиттириш эфирга 6-7 декабр кунлари узатилган, суҳбатдошимиз ўзини мана бундай таништирган эди.

- Мен Жаҳонгирбек Назаровман. Фарғона вилоятидан. 1983 йилман, ëшим 29да.

Озодлик: Фарғонанинг қайси туманидан?

- Данғара туманидан. 2006 йил август-сентябрларда ўзимизнинг Фарғона вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига ишга олинганман.

Жаҳонгирнинг Озодликка мурожаат қилиши боиси эса, ишдан ҳайдалгани билан боғлиқ эди.

- 2007 йили ишдан олишган. Тинимсиз мана шунақа проблемалар, азоб-уқубат, поддавление 5-6 марта ишдан олиб, 5-6 марта ишга қўйишган. Мана ҳозир ҳам ишдан олишган. Прокуратура, ҳаммаси тил бириктираяпти. Президентга ëзган аризаларим прокуратура еб ташлаяптида Фарғонаникида.

6-7 декабр кунлари эфирга узатилган эшиттиришимиз давомида Жаҳонгир Назаров автомобил назорати хизмати тизимидаги коррупция тўғрисида айтиб берганди.

Озодлик: Ундан кейин мен яна бир эшиттириш қилдим. У эшиттиришда иштирокингизни таъминлаш учун сизни қидирдим. Тополмадим.

Ўшанда Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси кадрлар бўлими билан боғландик. Бўлимнинг ўзини таништирмаган ходими билан ўртамизда мана бундай савол-жавоб бўлиб ўтди.

Озодлик: Жаҳонгир Назаров деган йигит ҳақида эшиттириш қилган эдик. Мен Равшан Тожибоев билан ҳам гаплашганман. Назаровнинг иши нима билан битди? Уни қидирувда дейишаëтган эди.

- Фарғона шаҳар прокуратураси иш қўзғаган.

Озодлик: Бу гапларнинг ҳаммасидан хабарим бор. Биз эшиттириш қилганмиз. Қидирувда дейишган эди. Равшан Тожибев айтган эди. Ўзини топа олмаяпман.

- Жиноят қидирув болалари билади. Қидирув бўлган бўлса, жиноят қидирувнинг болалари билади. Алоқам йўқ унга.

Озодлик: Унинг қўлга олинган олинмаганидан хабарингиз йўқ.

- Хабарим йўқ, деган эди Фарғона вилоят ИИБ кадрлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Бу декабрнинг охирги кунларидаги гап эди ва орадан 20 кунча вақт ўтгач Жаҳонгирнинг ўзи Озодликка қўнғироқ қилди. Ундан 2012 йилнинг ноябрида ўтказилган суҳбатимиздан сўнг қаерга йўқолиб қолганини сўрадик.

“Мени нега қидираяпсизлар, деб бордим”

- Қидирувда қилиб қўйган экан. Бориб мурожаат қилганимдан кейин шу воқеа бўйича мени Фарғона турмасига қўйишди 28-ноябр куни.

Озодлик: Кимга мурожаат қилдингиз?

- Ўзи ҳеч кимга мурожаат қила олмадим. 24-декабр куни мен суддан чиқиб келдим.

Озодлик: “Қидирув эълон қилиб қўйган экан. 28-ноябр куни бордим” дедингиз. Кимга бордингиз?

- Данғара тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосарига учрадим.

Озодлик: 28 ноябр куни.

- Худди шундай.

Озодлик: Ким унинг фамилияси?

- Беш ойми¸ олти ойми бўлган экан. Мен фамилиясини сўрамадим. Эслолмадим ҳам. Данний момент исмини ҳам билмайман.

Озодлик: Бориб нима дедингиз?

- “Шунақа нарса эшитдим. Мени қидирувга эълон қилиб қўйгани ҳаққонийми? Мен мана шунча кундан бери юрибман. У ëққа бораяпман, Фарғонага келаяпман. У-бу ишларимни бажараяпман. Бугунга келиб шу нарсани эшитдим” десам, “Худди шундай. Жаҳонгир шунақа қилиб қўйган” деб айтди менга.

Озодлик: Ўша суҳбат ўтди. Кейин нима бўлди?

- Ўша куни мени Фарғона турмасига олиб келиб қўйди.

Озодлик: Сиз кабинетда турганингизда конвой чақирдими?

- Ҳа. Фарғона шаҳар уголовний розиск болаларини чақирди. Фарғона шаҳардан қидирув эълон қилинган эканда. Шулар келиб, олиб кетди.

Озодлик: 28 ноябр куни-а?

- Ҳа. Кеч соат 8-9лар бор эди.

Озодлик: Қаëққа олиб кетди?

- Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлимининг биринчи ўринбосари бор экан Абдурсаттор дегани. Ўшанга учратди. У нималарга қўл қўйди менинг қидирувда юрганлигимга гўë ушлаб келгандай, дейди Жаҳонгир.

Эътибор беринг, Жаҳонгир Назаров “Мен ўзим бордим, нега қидирувга бергансизлар, деб сўраш учун, лекин мени гўё ушлаб келгандай расмийлаштиришди”, деяпти. Чиндан ҳам шундай бўлганми-йўқми, буни текшириш имконимиз йўқ.

1 ою 3 кунлик ҳибс

15 январ куни ўтказилган суҳбат давомини эшитинг. Демак, Жаҳонгирни қўлга олинган жиноятчи сифатида расмийлаштиришди ва

- Фарғона турмасига олиб кириб жойлаштириб қўйишди.

Озодлик: Судга олиб бормадими?

- Йўқ. 24 декабр куни суд бўлди.

Озодлик: Демак, сиз 28 ноябрдан 24 декабргача изоляторда ўтирдингиз.

- Фарғона шаҳар 10-ҳибсхонасида ўтирдим.

Озодлик: 24 декабр куни суд бўлди, дедингиз.

- Суд бўлди. Менга тушунтиришдики, мана ҳозир амнистия чиққан, амнистия қўллаб чиқариб юборамиз, деди. Менга олдиндан тайëргарлик қилдики, Жаҳон сен амнистияни қўллаб чиқиб кетгин, деди. Менинг ҳам фикрим шу бўлдики, амнистиядан чиқиб олиб туриб буларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини бемалол ҳал қилиб давом этишингиз мумкин. Сабабки, мен амнистияга рози бўлмаганимда, булар мени яна турмага қайтариб, йўқ деганда уч ой ичкарида ушлаб, яна тергов ишини олиб бориши мумкин эди.

Озодлик: 24 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди сизни суд қилди ва сизга амнистия қўллаб, сизни озод қилди.

- Ҳа.

Озодлик: Шу билан ўша куни уйингизга кетдингиз-а?

- Худди шундай. Ўша куни уйимга кетдим.

Озодлик: Ундан бери нима бўлаяпти?

- Ундан бери мана янги йилни кутиб олдим. Дам олдим уйга келиб. Яна ўзимнинг ҳатти-ҳаракатларимнинг қонунийлигини исботлаш учун ҳаракатга тушаяпман. Булар томонидан менга ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилиб, нотўғри ишдан бўшатиб, охир-оқибат у ëқ бу ëққа ëзганларимни музлатиб, охири Фарғона турмасигача олиб кириб қўйишди. Мақсади шу бўлдики, бу йўл билан сал чўчитмоқчи бўлишдими, энди нима ниятда олиб кирди ўзлари билади.

Озодлик: Сиз 24 декабр кунги судда Жиноят Кодексининг қайси моддаси бўйича айбдор деб топилдингиз?

- Аслида 277-модданинг “г” банди билан жиноий иш қўзғатганда менга прокуратура, дейди Жаҳонгир Назаров.

Суҳбатни шу жойда яна бўламиз.

Жаҳонгир Назаров айтган модда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси “Безорилик” моддаси бўлиб, унинг “г” бандида бундай дейилган: “ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан” безорилик содир этиш ва бундай жиноят “уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Суюнтирмаган амнистия

Декабрнинг бошида ҳавога узатилган дастлабки эшиттиришимизда Назаровнинг ишини ўрганар эканмиз, унинг бевосита раҳбари, Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси давлат автомобил назорати хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Тожибоев билан ҳам гаплашгандик.

У Назаров тўғрисидаги саволларимизга жавоб берар экан, бундай деган эди:

“У ичиб олиб, маст ҳолатда формада тўполон қилиб, уриб, УВД замначалникларни урган бу ерда. Унга кейин 277-модда билан иш қўзғатилган прокуратурада. Ҳозир унга прокуратура томонидан қидирув эълон қилинган”.

Яна 15 январ куни ўтказилган суҳбатга қайтамиз. Гап 24 декабр кунги суд устида бораётган эди.

- Судда адашмасам Абдурайилмиди суд раиси, у менга айтдики, “Амнистия билан қўллаб чиқариб юборамиз Жаҳонгир. Сиз ҳақмисиз ноҳақмисиз ëки сизга тўпланган ҳужжатлар улар тўплагани ҳақми ноҳақми биз буни текшириб ўтирмаймиз. Биз шунчаки амнистия билан озод қилиб чиқариб юборамиз. Кейинги ҳолатлар билан сиз яна мурожаат этишингиз мумкин мисол апелляция, кассация қилиб” деди. Шу нарсани тушунтирдида, 15 минутда чиқариб юборди.

Озодлик: Шу кунда ишга қайта тикланмоқчимисиз ë бошқа иш билан шуғулланмоқчимисиз? Умуман нима қилаяпсиз?

- Яна ҳаракат қилаяпман. Куч-қувват тўплаб олдим. Яна етарли маълумотларни тўплаяпман. Яна қайтадан, мана бугун-эрта яна ариза бериб, бориб, шу нарсаларнинг охир-оқибатини, ҳаққонийлигини, айбим йўқлигини исботлаб ўзимнинг ишимга қайтишга ният қилаяпман, деди Жаҳонгир Назаров.

Бор гап шу.

15 январ кунги суҳбатдан сўнг, Назаров куни кеча яна қўнғироқ қилди. “Яқинда уч-тўрт ҳамкасбимни ишдан бўшатиб юборишди. Улар ҳам сиз билан гаплашмоқчи”, деди.

Гаплашамиз, деб ваъда бердик.

**************************

“Жамият ва қонун” эшиттиришининг кейинги сонларидан бирини “Фаррош директорни йиқитди”, деб номламоқчимиз.

Озодлик: Сиз бу аризани кимга ëздингиз?

- Вилоят Миллий хавфсизлик бошлиғи Деҳқонбоевнинг номига, вилоят прокурори Бобожоновнинг номига ëздим.

Озодлик: Оддий бир фаррош аëл ўзлаштирилган шунча маблағ тўғрисидаги шунча рақамларни қаердан олдингиз?

- Мен 1996 йилдан бери шу корхонада ишлайман. Шу ерда бўладиган қурилишларни ўз кўзим билан кўрганман. Мана элеватор цехида ғалла камомади бор деяпман.

Озодлик: Бунақа рақамларни, бунақа маълумотларни билиш учун одамда махсус маълумот ва шу маълумотлар битилган қоғозлар турадиган жойга бора оладиган, қоғозларни ола биладиган имкони бўлиши керак. Оддий фаррошда қаердан бўлсин бу имкон?

- ...

Ким бу қудратли фаррош аёл? Нега у қарийб 400 киши ишлайдиган йирик корхона раҳбарига, ўз раҳбарига уруш очди? Қаерда яшайди бу аёл? Директори ишдан кетгач ўзининг тақдири нима бўлди?

Шу ва бошқа яна бир қатор саволлар жавобини “Жамият ва қонун” эшиттиришининг кейинги сонларидан бирини тинглаб, билишингиз мумкин.