Ҳиротдан топилган ўзбек аскари Ўзбекистонга қайтишни истамади

Баҳриддин Ҳакимов Афғонистонда Шайх Абдулла исмини олган.

Бундан 33 йил аввал Афғонистонда хизмат қилган пайти бедарак йўқолган ва шу йилнинг 23 феврал куни Ҳиротдан топилган самарқандлик Баҳриддин Ҳакимов Ўзбекистонга қайтишни рад қилди.


"Ўзбекистонга қайтмайман"

4 апрел куни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида ўтган матбуот анжуманида 53 ёшли Баҳриддин Ҳакимов Ўзбекистонга қайтишни хоҳламаслигини эълон қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Афғонистоннинг Pajhwok ахборот агентлиги маълумотига кўра, анжуман пайти Баҳриддин Ҳакимовнинг Самарқанддаги акаси – истеъфодаги милиция подполковниги Шароф Ҳакимов билан телефон орқали суҳбатлашишига имкон берилган.

Баҳриддин Ҳакимов ҳарбий хизматдалиги пайтида.

Телефон мулоқоти давомида Шароф Ҳакимов укасидан уйга қайтишни сўраганига қарамасдан, Баҳриддин Ҳакимов Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқ эканлигини айтиб, қолган умрини Ҳиротда ўтказиш ниятида эканини айтган.

МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгаши ҳузуридаги Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Александр Лаврентьев собиқ ўзбек аскари Баҳриддин Ҳакимовни топган шахс бўлади.

Қўмита фаолларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Александр Лаврентьев Афғонистонда бўлиб, Ҳиротда ўтказилган матбуот анжумани ҳам унинг ташаббуси билан ташкил қилинган.

“Лаврентьев тўрт кун ичида Ҳиротдан қайтади. Келгач, барча маълумотларни ундан оласиз”, дейишди қўмита фаоллари.

“Собиқ ўқчи 33 йил аввал бедарак йўқолган”

Асли Самарқанд шаҳридан бўлган Баҳриддин Ҳакимов, 101-моторлашган ўқчи полкида хизмат қилган.

Александр Лаврентьевнинг Озодлик билан 5 март кунги суҳбатда айтишича, Баҳриддин Ҳакимов 1980 йилнинг сентябр ойида Афғонистоннинг Эрон билан чегарадош Ҳирот вилояти ҳудудида бўлган шиддатли жангда оғир ярадор бўлиб, асирга тушган.

- Жанг тугагач, уни излашган. Бироқ у ярадор бўлиб йиқилган жойидан топилмаган. У асирликка тушган экан,- дея маълум қилган эди Лаврентьев.

Баҳриддин Ҳакимов (чапда) ва Александр Лаврентьев (ўнгда)

Асирликка тушган Ҳакимовни маҳаллий табиб гиёҳлар билан даволаб, оёққа турғизган. Табиб уни ўғил қилиб олиб, гиёҳлар билан даволашни ўргатган. Ҳозир Баҳриддин Ҳакимовнинг ўзи ҳам табиблик билан шуғулланади.

Баҳриддин Ҳакимов ҳозирда Шайх Абдулла исмини олган. Шайх Абдулла афғонистонлик аёлга уйланган, бироқ фарзанди бўлмаган. Рафиқаси ўлгач эса, Абдулла бошқа уйланмаган, ҳозирда ёлғиз яшайди.

Тўққиз собиқ "афғончи" уйига қайтишни истамаган

МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари Кенгаши ҳузуридаги Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита 1992 йилнинг 13 март куни ташкил қилинган.

Ўтган вақт давомида қўмита томонидан Афғонистонда бедарак йўқолган 31 собиқ совет аскари топилган, улардан фақат 22 нафари ўз ватанига қайтган.

Ҳозирда қўмита Афғон урушида бедарак кетган яна 263 нафар аскарни қидиришда давом этмоқда.

Афғонистондаги ўн йиллик уруш чоғида, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга 65 мингдан зиёд аскар юборилган.

Улардан 1512 нафари ҳалок бўлган, 2500 дан зиёд аскар ва зобит ногирон бўлиб қайтган.