Қизнинг ТВсида Отасига жой йўқ

Озодлик телетомшабини яқиндан бери "ФорумТВ"нинг ашаддий ишқибозига айланиб қолди. Гап-сўзларга қараганда, у яқинда бир фабрикага махсус бўйинрўмол тўқишга буюртма ҳам берган. Унда "ФорумТВ" деган ёзув бўлармиш. Хабарчилигини ташлаб телевизор кўришга ўтиб олган томошабинимиз, кеча кўрганларини қоғозга туширибдики, қуйида унинг ўша битикларини ўқишингиз мумкин.

***

7 май куни куним “ПўримТВ”ни, унинг “қАсрлар садоси” фестивалидан репортажларини кўриш билан ўтди. Қайта-қайта бераверишди, такрор-такрор кўравердим.

Ана сизга маҳобат, ана сизга маҳорат, ана сизга малоҳат!

Жаа жанговар миллат эканми бизнинг миллат, дедим Навоий вилоятининг бепоён қир-адирлари бағрида ўтказилган фестивалдан репортажни кўриб ўтириб.

Бир қарасангиз, кўпкари чопаяпти ўзбек.

Бир қарасангиз, хўроз уриштираяпти ўзбек.

Бир қарасангиз, қўчқор уриштираяпти ўзбек.

Нега ит уриштирмади ўзбек, деб хайронлар бўлдим.

Ҳай, майли, ит уриштирмасаям, ўзбекнинг брутал эканлиги шундоғам кўриниб турибди. Ҳатто соврин сифатида берилган жонлиқни ҳам икки ғолиб шарт иккига бўлиб олаверди.

“Совринга берилган туяни икки қўчқор эгаларига бўлиб бердилар”, деди урушқоқ қўчқор эгаси. Узунасига бўлдилармикан туяни ё кўндалангигами, деб ўйлаб қолдим.

Икки кунга чўзилган фестивал номидан келиб чиқсак (“Анъанавий маданият фестивали”) ўзбекнинг маданияти лапар айтишу хўроз-қўчқор уриштириш ва улоқ талашиб чарчаганда ош еб қўйиш бўлиб чиқди. Бўлса бордир?! Яна ким билади, дейсиз?

Лекин фестивал кўпчиликка ёққани репортажлардан сезилиб турди. Кўпчилик раҳматни қуюқ айтди.

Кўпкарига тушган чавандозлардан бири,

- Минг йиллардан бери унутилиб кетган ўйинларимиз, қадриятларимиз қайтаяпти. Бунинг учун Фонд Форум ташаббускорларига раҳмат айтамиз,
деб, раҳмат адресини кенгроқ олган бўлса, бошқалар раҳматга сазовор киши исмини аниқ-тиниқ айтдилар. Масалан, совринга гилам олган конимехлик чавандоз ўз миннатдорчилигини мана бундай изҳор қилди:

- Гилам соҳиби бўлдик. Бизлар Конимех туманидан келганмиз. Гулнора опамизга катта раҳмат!

Таъмири якунланиб, фойдаланишга “қАсрлар садоси” фестивали давомида топширилган Когондаги Биби Орифа обидасида ишлаган усталардан бири ҳам фурсатдан фойдаланиб ўз раҳматини айтиб олди.

Раҳмат мухбирнинг таржимасида мана бундай янгради: Спасибо Фонду Форуму и его руководству в лице Гульнары Каримовой за данный проект.

“қАсрлар садоси” фестивалида хорижий меҳмонлар ҳам кўринди. Бу байрам ортида ким турганини хорижликлар ҳам аниқ билиши “ПўримТВ”нинг репортажларидан маълум бўлди. Масалан, латвиялик Дита Лане хоним бундай деди:

- Гульнара Каримова делает очень большую работу.
И она очень хорошо работает.

Шунча раҳматни эшитиииб ўтирибману нимадир етишмаётгандай бўлаверди.
Нимадир кам. Кўнглимнинг бир чети кемтик қолавераяпти.

Ўйлай-ўйлай, ниҳоят топдим: Президент ҳақида айтилмади. Битта тугул яримта сўз, чала раҳмат ҳам айтилмади. Ишонўвринг, чиндан ҳам айтилмади.

Қайта-қайта берилган репортажларни такрор-такрор кўрдим. Атайлаб кўрдим. Йўқ! Президент тилга олинмади!

Ғалати бўларкан-э! Ҳатто алам қиларкан!


Кўникиб қолган эканмизда Президентга раҳмат айтишларига: томимиз шипири янгилансаям (ислоҳотлар давом этмоқда) Президентга раҳмат!

Томимиз шипири янгиланмасаям (барқарорлик) Президентга раҳмат!

Гапни чўзиб мақиламан – “Пўрим”дан бошқа каналга ўтинг ана, ўзингиз кўриб-эшитаверасиз раҳматларни.

***

Қизнинг “ПўримТВ”сида Ота тилга олинмагани сирини билолмай, бир билгич ҳамкасбимни гапга солсам, у калавани янаям чалкаштирворди.

“Сигнал бу!” деди.

-Вой, қанақа сигнал, барака топгур?!

Билгич қаншарини қашиб бироз ўйланиб турди-да, янаям сирлироқ қилиб, "Муҳим сигнал", деди. Бошқа гапга ўтмади.

Сигнал-пигналини ўйлаб миямни мажақ қилмай, дедим-да, кўзларим оромини ўйладим.

Ором эса, “Пўрим”да!

Ана, тиниб-тинчимас Қиз “Zo'r-Zo'r”нинг ҳакамлар ҳайъатида ўтирибди.

Арияни қийнаб қўйган zo'r-zo'rчилардан бири хиргойисини бир амаллаб тугатволганидан кейин Қиз ҳаваскор билан мулоқот қила бошлади:

Қиз: Слова учили?
Zo'r-zo'rчи: Я не успел...

Қиз: Вот! (кулади) Классно! (Хандон отиб кулади. Залда зарсак кўтарилади)

Олиб борувчи: Он не успел, но спел.

Қиз: Классно, да? (Яна кулади) Вот... Ну что, я дальше, может ничего не буду говорить...

​Ўзини болалардай табиий тутаётганилигидан ва яна “Классно!”, деган хитобидан келиб чиқиб, Қизни Ильф ва Петровларнинг Эллочкасига ўхшатганлар янглишади.

Чунки у киши жиддий издиҳомларда ўзини муносиб тута билишини “Пўрим”да кўрдик.

Масалан, таъмирдан чиққан Биби Орифа обидасининг очилиш маросимида дин пешволарига саруполар кийдирганини кўргач, ўз фикримизнинг нақадар тўғрилиги ўзимизга аён бўлди.

Қиз сарпо кийганларга қарата бундай деди (Қизнинг талаффузини айнан беришга уриниб кўрамиз): Мана шу кунга...ҳммм, мана шу бизни пўк ниятимизга етқизгани учун Олога минг марта шукур...

Бу издиҳомда фақат бир нарса кўнглимга сал ўтиришмади.

Одатда, ўзбекнинг диний маросимларида иштирок этаётган эр кишилар пешвозига хотин киши мутлақо мажбур қолганидан чиқар эди. Уйида бирон бир эр кишиси бўлмаган тул хотин меҳмонларга “хуш келибсиз”ниям ва “хуш кўрдик”ниям ўзи айтишга мажбур бўларди.

Билмадим, балки мен бир провинциал бўлганим учун бу эскилик сарқитларини гап, деб юргандирман? (Ўзимни негадир “қишлоқи”, дегим келмади – комплексланаяпман-да, ахир!)

А так, ҳаммаси яхши. Яхшиям, “ПўримТВ” боракан. Ҳордиғим чиқди.

Ҳа, айтганча, ўйлаётгандирсиз, "нима учун бу одам ҳалидан бери “ПўримТВ”лаб пўриллатаяпти", деб.

“Форум” матнимга қандай қилиб “Пўрим” бўлиб кўчганини ўтган гал айтувдим.

Ҳа, яна бир марта - айтганча: “Асрлар садоси”нинг “қАсрлар садоси” бўлиб қолганигаям хайрон бўлгандирсиз?

Гап шундаки, “Телевизор”нинг ўтган сонида .ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун алоҳида ТВ очишни таклиф қилган, унда қилиниши мумкин бўлган бир қатор кўрсатувлар ғояларини ўртага ташлаган эдим.

Бугун янги ғояларим ўртоқлашмоқчиман.

“ПўримТВ”нинг қудратли ТВ эканлиги кўриниб турибди. Шунинг учун “Асрлар садоси” деган номга уйқаш мана бу номлар билан қатор кўрсатувлар қилиш бу ТВ учун чўт эмас.

• “Сирлар садоси” - (Оқсарой ва унинг атрофида ҳеч қандай сир йўқ эканлигини фош этувчи журналистик тадқиқот кўрсатуви);

• “Асрлар Гадоси” - (Ўзбекистон аҳолисининг қашшоқлар қатлами августдаёқ тугатилгани тўғрисида яқин ва олис қишлоқлардан репортажлар);

• “АсИрлар садоси” - (Турли халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд диний маҳбус сақланаётгани тўғрисидаги иддаолари пуч эканлигини фош этувчи журналистик тадқиқот кўрсатуви);

• “Носирлар садоси” - (Ўзбек носирлари ва нозимлари билан мамлакатда ижтимоий тафаккур гуркираб ўсаётгани тўғрисидаги туркум интервьюлар);

• “Мисрлар садоси” – (“Араб баҳори” сабаблари ва Ўзбекистонга баҳор умуман келмаслиги лозимлиги тўғрисида таҳлилий кўрсатувлар);

• “Басирлар садоси” – (Бу ғоямизни айтдигу қайтдик. Бундай кўрсатув қилишдан олдин “ПўримТВ” барча телевизорларга Брайль алифбосини ўрнатиб чиқиши керак бўлади. Бунга ҳатто “Форум Фонди”ниям пули етмаса керак)

Бошқа ғояларни навбати билан эълон қилиб борамиз. (Аввал шунисини қилиб олишсин!)

Ғоялар учун муаллифлик ҳуқуқига даъвомиз йўқ.

Сайтлашгунча, йўғ-е, телевизорлашгунча хайр.