Сўнгги хабарларга қараганда, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги илтимоси билан Сагидуллаев билан учрашиб, унинг мурожаати юзасидан текширув ишларини бошлаган.
"МХХ мени Бишкекда ҳам таъқиб қилмоқда"
Нукус туманининг собиқ ҳокими¸ 47 яшар Омонбой Сагидуллаев Қирғизистон ҳукуматига ҳимоя сўраб мурожаат қилишга унинг оила аъзолари билан шубҳали одамлар қизиқа бошлагани сабаб бўлганини айтди. Сагидуллаевга кўра, октябрь ойида унинг фарзанди ўқийдиган Бишкекдаги мактаблардан бирига номаълум шубҳали шахслар келиб, оила аъзолари ва яшаш манзили ҳақида суриштирув ишларини олиб борган.
-22 октябрда менинг болам ўқийдиган 67-мактабга бир одам келиб, ўзини кучишлатар тузилма ходими сифатида таништирган ва бизнинг адресимизни, болаларим қаерда эканини сўраб-суриштирган. Шундан сўнг, 27-куни уч одам махсус хизматданмиз деб, қўлида қоғоз билан келган. 16 октябрдан бери ҳеч қаёққа чиқолмай яшириниб ўтирибмиз. Мен бу борада БМТга мурожаат қилсам, улар гапларимга ишонишмади. Мен ҳеч бўлмаганда фарзандларимни хавфсиз жойга кўчиришларини илтимос қиламан, - деди Омонбой Сагидуллаев.
Омонбой Сагидуллаев қочқинлиги тарихи
Омонбой Сагидуллаев 2012 йилда Ўзбекистондан Қирғизистонга бошпана излаб қочиб келган. Расмий Тошкент Омонбой Сагидуллаевни 2011 йилдан бери Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) бўйича айблаб келмоқда ва уни халқаро қидирувга берган. Аммо Сагидуллаевнинг ўзи бу айбловларни уйдирма, деб ҳисоблашини ҳамда расмий Тошкент уни Қорақолпоғистон мустақиллиги юзасидан референдум ўтказишни талаб қилгани учун таъқиб қилаётганини айтиб келади.
"Ака-укаларим ҳам таъқибга учради"
Сагидуллаевнинг айтишича, унинг яқин қариндошлари ҳам Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиб қилинмоқда.
-Менинг акам Сагидуллаев Багит ва укам Сагидуллаев Жумабой прокуратуранинг, СНБ ва МВДнинг тунгги соат 11дан тонгги соат 4гача ўтказган сўроқларига чидамай, калтаклашларга дош беролмай, Қозоғистон орқали ҳеч қандай ҳужжатсиз Қирғизистонга келди. Ўзбекистонда Сагидуллаев фамилияли эркак одам қолмади. Мен ҳеч нарсани ўмарган эмасман, бу жиноят иши менга нисбатан сохталаштирилган, -деди Сагидуллаев.
Бишкекда ўзбекистонлик қочқинлар аввал ҳам ўғирланган
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ҳам Қирғизистон ҳукумати ва халқаро ташкилотлардан Омонбой Сагидуллаев ва унинг оиласи ўғирлаб кетилишининг олдини олишга чақирмоқда.
Бундан аввал, 2005 йилдаги Андижон воқеасидан сўнг Ўш ва Бишкекдан бошпана топган ўзбекистонлик бир қатор фаоллар ва мухолифат аъзолари ўғирлаб кетилган ҳамда матбуотда улар Ўзбекистон суди томонидан узоқ муддатларга судлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Ўзбекистондан Қирғизистонга бошпана излаб келган шахснинг изсиз йўқолиши ҳолати сўнгги марта ўтган йили содир бўлган эди. 2013 йилнинг 18февралида 2009 йилдан бери Бишкекда қочқин мақомида яшаб келаётганўзбекистонлик Шухрат Мусин бедарак кетган, орадан икки ой ўтгач эса Франциядаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева Шуҳрат Мусин Андижонда судланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар тарқатган эди.