Тошкентда 14 августдан бошлаб нақд пул ечиб олиш мумкин бўлган банкоматлар ишлай бошлади.
Хабарларда айтилишича, дастлабки уч банкомат Олой, Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларига ўрнатилди.Журналистлар мазкур банкоматлардан аҳоли пластик орқали нақд пул ечиб олаётганига гувоҳ бўлганлар.
Жорий тартибга кўра, битта карта билан бир кунда фақат 100 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда пул ечиб олиш мумкин. Кун давомида банкоматлардан иккинчи марта пул ечиб олиш имконияти берилмайди. Банкоматлар 10000, 5000 ва 1000 сўмликлар билан тўлдирилган.
Банкомат Uzcard тизимига уланган ҳар қандай банк пластик карталарини қабул қилмоқда. Бироқ корпоратив карталар қабул қилинмайди.
Хабарда айтилишича, “Халқ банки” пойтахта яна қатор банкоматлар ўрнатишни режалаштирган.