Пашинян "арман бахмал инқилоби"ни давом эттиришга чақирди

Пашинян 23 апрелда Ереванда ўтган митингда сўзламоқда.

Арманистон пойтахти Ереванда минглаб одамлар бош вазир Серж Саргсян истеъфо берганини нишонлаш учун кўчаларга чиқди. 11 кун давом этган норозилик акциялари ортидан Серж Саргсян 23 апрель куни бош вазири лавозимдан кетган эди.

Норозилик намойишларининг ташкилотчиси Никол Пашинян 23 апрелда сўзлаган нутқида “Арманистонда бахмал инқилоби давом эттирилиши лозим”, деб айтди.

- Бизнинг зўравонликсиз амалга ошган бахмал инқилобимиз - халқ инқилоби тўхтаб қолмаслиги лозим. Олдимизга қўйилган мақсадларнинг фақат ярмига эришдик, охиригача давом эттиришимиз лозим. Мен умид қиламанки, сизлар бу ерда мутлоқ ғалаба қилгунимизча қоласизлар, -деди Пашинян.

Норозилар лидери 24 апрель куни бош вазир ўринбосари Карен Карапетян билан ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш масаласини муҳокама қилишини билдирди.

Намойишлар етакчиси Никол Пашинян 22 апрелда Саргсян билан муваффақиятсиз ўтган музокаралардан сўнг қўлга олинган эди. Мухолифат лидерининг қўлга олиниши Ереван марказий майдонига 22 апрель куни кечқурун ўн минглаб одамлар йиғилишига сабаб бўлди. Шундан сўнг ҳукумат пашинянни қамоқдан чиқаришга мажбур бўлган.

Арманистоннинг собиқ президенти Серж Саргсян бош вазир лавозимини эгаллашига қарши норозилик намойишлари 11 кун аввал бошланган. Шунга қарамай Саргсян 17 апрелда парламент томонидан бош вазир лавозимига сайланган эди.