Арман мухолифати лидери Никол Пашинян парламентдаги ҳукмрон Республика партияси билан муросага бормаслигини ва бош вазирликка ягона қонуний номзод ўзи эканини маълум қилди.
Арманистон президенти Армен Саргсян бу маслада бетараф қолмоқда. У 26 апрель куни Озодлик радиосига берган суҳбатида:
-Намойишлар пайтида кўтарилган барча муаммолар Конституцияга асосан парламентнинг ичида ҳал этилиши лозим. Ўшандагина барчамиз Арманистоннинг ҳақиқатан ҳам демократик давлатга айланишига ҳисса қўшаяпмиз, деб фахрлансак арзийди,-деб айтди.
Аввалроқ арман парламенти бош вазирни сайлаш учун 1 май куни йиғилиши билдирилган эди.
Олдинроқ Арманистон парламентидаги “Елк” мухолифат партияси ўз лидери Никол Пашинян номзодини бош вазирликка кўрсатгани хабар қилинган эди. Пашинян бу лавозимни эгаллаш учун парламент депутатларининг 55 овозини олиши лозим. Бироқ “Елк” партияси фақат 9 овозга эга.
Арманистонда 11 кун давом этган норозилик акциялари ортидан Серж Саргсян 23 апрель куни бош вазири лавозимдан кетган эди.