Пашинян Арманистон бош вазири бўлишига ишончи комил эканини айтди

Никол Пашинян ўз тарафдорлари билан.

Арманистондаги норозилик намойишлари лидери Никол Пашинян 29 апрелда парламентдаги барча муҳолифат партияларининг қўлловига эга бўлгани ҳамда ҳукумрон Республика партияси вакиллари билан учрашув ўтказгани ортидан ўзининг бош вазир лавозимига сайланишига ишончи комил бўлганини билдирди.

Лекин унинг тарафдорлари Пашинян бош вазир лавозимига сайлангунига қадар майдонда қолишларини билдирмоқдалар.

-Менича, бугун биз асосий мақсадимизга етдик, негаки барча асосий партиялар Карапетянни бош вазирликка номзод сифатида кўрсатишдан воз кечгани бизнинг ғалабамиздир. Лекин шунга қарамай, биз курашни давом эттиришимиз лозим, деб ҳисоблаймиз,-деди намойишга чиққан талабалар лидери Давид Петросян.

Арманистон парламенти 1 май куни бош вазирни сайлаши кутилмоқда. Аввалги бош вазир Серж Саргсян 11 кун давом этган норозлик намойишлари ортидан 23 апрель куни истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

Лекин шундан сўнг ҳам намойишлар тўхтагани йўқ. Майдонга йиғилганлар Пашиняннинг бош вазир этиб сайланишини талаб қилмоқда.