Туркия суди 18 июлда террорчилик ва жосусликда айбланаётган насроний уламо Эндрю Брансонни суд тергови якунлангунига қадар қамоқда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди. Вашингтон Анқарани пастор Эндрю Брансонни қамоқдан озод қилишга чақириб келаётган эди.
Йигирма йилдан кўпроқ вақт Туркияда истиқомат қилаётган пастор ислом уламоси Фатҳулло Гуланга 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтаришини уюштиришда кўмаклашганликда айбланмоқда.
Бундан ташқари Эндрю Брансон курдларнинг Туркияда тақиқланганРКК партияси жанггариларини қўллаб-қувватлаганликда ҳам гумонланмоқда. Бу айбловлар оқибатида у 35 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Брансон ўзига эълон қилинган айбловларни тан олмаяпти.
АҚШнинг Туркиядаги элчиси Измир суди томонидан Брансонга нисбатан чиқарилган қарордан афсус билдирди.
Брансонга нисбатан суд жараёни 12 октябрда бошланиши режалаштирилган. Измирдаги насроний протестант черкови пастори бўлган Брансон 2016 йилнинг октябрида қўлга олинган эди.
Узоқ йиллардан бери АҚШда яшаётган Фатҳулло Гулан ўзига қўйилган айбларни инкор этиб келмоқда.
АҚШ Туркиянинг Гуланни Анқарага топшириш тўғрисидаги талабларини сиёсий мотивларга эга ва далил-исботларсиз иддао сифатида баҳолаган ҳамда Гуланни экстрадиция қилишдан бош тортган.