Женевада Блинкен ва Лавров ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен (чапда) ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Женевада АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

ТАСС хабарига кўра, музокаралар бир ярим соатга яқин давом этган.

Лавров учрашув аввалида давлат котиби билан “Россия учун хавфсизлик кафолатлари” масаласини муҳокама қилиш истагини билдирди. ТИВ раҳбари музокарадан “катта натижа” кутмаётганини, бироқ у АҚШ позициясини ойдинлаштиришига умид қилаётганини айтди.

Блинкен, ўз навбатида, учрашув АҚШ ва иттифоқчилари томонидан Россиянинг Украинага қарши янги агрессияси олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми эканини таъкидлаб, Украинага бостириб кирган тақдирда Россия Ғарбнинг тезкор ва умумий зарбасига дуч келишини такрорлади. Давлат котибига кўра, у барча келишмовчиликлар битта учрашув давомида бартараф бўлишини кутмаяпти, аммо можаронинг дипломатик ечимини излашда давом этиш зарур.

Блинкен ва Лавров музокаралари ҳақида шу ҳафтадагина маълум бўлган эди. АҚШ давлат котиби сўнгги кунларда Киев ва Берлинда бўлиб, Қўшма Штатларнинг ҳамкорлари ва иттифоқчилари вакиллари билан музокаралар олиб борди.

Охирги ҳафталарда Ғарб мамлакатлари Россиянинг Украинага тажовузи реал хавфга айлангани ҳақида очиқ-ойдин гапирмоқда.

Россия ўтган йилнинг декабрида АҚШ ва НАТО олдига Украина ва Грузияни альянсга қабул қилмаслик, шунингдек НАТОнинг Европадаги қуролли кучлари ва инфратузилмасини 1997 йилги ҳолатга қайтариш дохил қатор талабларни қўйган эди. Ғарб бу талабларни мантиққа зид ҳисоблаб, рад этишига қарамай, Кремль ёзма жавоб беришни талаб қилмоқда.

Мавзуга алоқадор Украина армияси чегара яқинидаги Россия қўшинларига бас кела оладими?

АҚШ етакчилигидаги Ғарб мамлакатлари Россияни, Украинага бостириб кирган тақдирда унга нисбатан “мисли кўрилмаган” иқтисодий санкциялар қўлланиши ҳақида огоҳлантирмоқда.