"Бундан буëғига боласига Президент исмини қўйганлар алоҳида сийланмайди!"

Гурланда туғилган уч ўғил эгизакка ота-оналари президент Шавкат Миромонович Мирзиёев шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйишди.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда эгизакларига президент исмини қўйган оилаларни сийлаш анъанаси ўтмишга айлангани, янги туғилган чақалоқларга ижтимоий ёрдам¸ қандай исм қўйилишидан қатъий назар¸ ҳаммага бир хил тақсимланишини айтди.

Шикоятнома мурожаат

26 декабрь куни Хоразмнинг Гурлан туманида Ўзбекистон президенти шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилган эгизакларнинг бобоси Озодлик билан суҳбатда неваралари дунёга келганидан бир ой ўтиб ҳам ҳокимият ва президент маъмуриятидан бу оилага жиддий эътибор қаратилмаётганидан шикоят қилди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг исм сир қолишини истаган мулозими бу шикоятга муносабат билдирди.

- Ёрдам ҳаммага бирдай берилиши керак. Бу президентнинг исмини қўйибди, ёрдам бериш керак, деган гап йўқ. Мамлакат қонунчилигига кўра, ҳар бир янги туғилган болага икки ёшгача ота-онасини даромадидан келиб чиқиб моддий ёрдам берилади, - деди.

Бир ой аввал гурланлик 29 яшар Мансурбек ва 24 яшар Ойшажонлар оиласида уч ўғил эгизак дунёга келган ва ота-оналари президент Шавкат Мирзиёев шарафига уларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган эди.

- Бир ой ўтди, ёрдам ҳақида гап бўлгани йўқ. Худо берган фарзанд, деб ўзимиз қараяпмиз, - деди эгизакларнинг бобоси Баҳодир ака.

Унга кўра¸ чақалоқларнинг отаси ҳозирги пайтда ишсиз ва оилада икки яшар ўғил фарзанд устига бирваракайига уч чақалоқ туғилиши уларни ҳукумат кўмагига муҳтож қилиб қўйган.

Баҳодир аканинг айтишича¸ чақалоқлар ота-онасининг ишсиз экани¸ уларни маҳалла орқали бериладиган ижтимоий ëрдамдан ҳам маҳрум қилган.

Ўзбекистонда 1994 йилда қабул қилинган "Вазирлар Маҳкамасининг Болали оилаларга давлат ижтимоий ёрдамини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлари тўғрисидаги" қарори асосида бола парвариши учун ёрдам пуллари берилади.

Ислом¸ Каримлар тарихи

Ислом Каримов президент бўлган даврларда уч эгизак туғиб¸ уларга Ислом, Карим, Абдуғани исмлари қўйган оилаларга бешик, коляска, бола пули берилган.

Хусусан¸ 2013 йилда тўрт ўғил кўрган тошкентлик Гулшан Ҳайдарова чақалоқларига Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим деб исм қўйганидан сўнг ўзига уч хонали квартира беришганини Озодликка маълум қилган эди.

26 декабрь кунги суҳбатда Гулшан Ҳайдарова ҳозирда тўртга кирган Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим деб исм қўйган болаларига алоҳида ëрдам кўрсатиш тўхтаб қолганини билдирди:

​- Президентимиз қазо қилганларидан кейин бола пули тугади, ёрдамлари тугади, лекин раҳмат, ҳозирча боғчалари текин, - деди 26 декабрь куни Озодлик мухбири гаплашган Гулшан Ҳайдарова.

Хоразмда туғилган эгизакларга Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев шарафига исм қўйилиши илк ҳолат эмас.

Бундан аввал шу йилнинг апрел ойида Бухорода Жамшид Шодиев уч ўғлига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган эди.

Бу эгизакларнинг отаси Жамшид ака ҳам Озодлик билан суҳбатда ҳукуматдан айтарлик ёрдам бўлмаганини айтган эди.