Россиялик таниқли мухолифатчилар - Илья Яшин ва Владимир Милов Россиянинг 18 йиллик ҳукмдори - президент Владимир Путиннинг иқтисодий, ижтимоий ва геосиёсий бошқаруви якунларига бағишланган “Путин. Якунлар. 2018” ҳисоботини тақдим этди. Унда Россиянинг узоқ йиллардан бери ўрнатилган Путин бошқарувига танқидий баҳо берилди.
Ҳисобот муаллифлари фикрича, охирги 18 йил давомида Россия чуқур иқтисодий инқироз ҳолатига тушган, иқтисодий ўсиш суръатлари эса мутлақо тўхтаган.
Путин бошқариб келаётган ҳукумат ижтимоий соҳага сарфланаётган ҳаражатларни кескин камайтиришни давом этаётгани, айни дамда президентга яқин бўлган шахслар миллиардлаб долларли даромадлар олаётгани ҳақида гапирди тақдимот маросимида Илья Яшин.
- Фақат нефть ва газ сотиш ҳисобига охирги 18 йиллик Путин даврида Россия 3,5 триллион доллар миқдорида даромад олди. Бу пулларга, масалан, 400 мингта янги мактаб, 350 мингта янги шифохона, 1 миллион кмдан ортиқ замонавий автомобил йўлларини қуриш мумкин эди. Тақдим этилган маърузамизда биз “Бу пуллар қани?” деган саволни қўяяпмиз.
2008 йилда бошлаб ўтган 10 йилда гражданларимиз даромади мутлақо ўсишдан тўхтади ва охирги 5 йилда камайишни бошлади. Аҳоли камбағаллашаётган бир пайтда ижтимоий тенгсизлик кучаймоқда: Путин биринчи маротаба президентликка сайланганида Россияда бирорта ҳам миллиардер бўлмаган! Бугунги кунда Россияда миллиардерлар сони 100 кишидан ошди, деди Илья Яшин.
Мухолифат етакчиси бу ҳисобот “ўз вақтида Борис Немцов асос солган анъана давоми” эканини таъкидлади. Борис Немцов 2015 йилда отиб ўлдирилишидан бироз одинроқ Украинанинг Донбассидаги “Путин. Уруш” доклади устида ишлаётганини билдирган эди.
(“Путин. Якунлар. 2018” маърузаси тақдимоти)
Тақдимот маросимида мухолифат вакиллари полиция ҳисоботнинг чоп этилган асосий тиражини мусодара қилгани ва Россиянинг “барча босмахоналари” “Путин. Якунлар. 2018”ни нашр этишдан бош тортганини айтди.
Сўзга чиққан яна бир маърузачи Владимир Милов улар келтираётган маълумотлар очиқ манбалардан олингани, аммо унинг тарқатилиши “Путин учун ҳалокатли” эканига урғу берди.
“Путин. Якунлар. 2018” маърузасида келтирилган маълумотларга биноан, Россия бюджети нефт ва газ соҳасидан олинган солиқлар ҳисобига 2 триллион АҚШ долларига ошган.
- Путиннинг дўстлари мафия тизимини яратиб, мумкин бўлган ҳамма нарсани ўмаришга асосланган ўзаро бойиш тизимига асос солдилар. Россияда апартеид тизими юзага келди. Амалдорлар ва бошқа имтиёзли шахслар учун коммунизм қурилди, мамлакат қандай яшаётгани билан уларнинг иши йўқ. Айни пайтда, барча сарф-ҳаражатлар оддий гражданлар ҳисобига қопланмоқда, деди Милов.
Ҳисоботда айтилишича, бугунга келиб Россиянинг 10 фоиз гражданлари мамлакатнинг 70 фоиз миллий бойлигини бошқариб келмоқда, аҳолининг 20 фоизи эса, қашшоқ аҳволда қолмоқда.
“Шу билан бирга, йирик давлат корпорациялари раҳбарлари кунига бир неча миллион рублдан даромад олишга уялмаётир”, дейилади ҳисоботда.
Милов ва Яшин тақдимотида Владимир Путин ҳукумати охирги 18 йилда кучишлатар ва ҳарбий тизимга бюджетдан ажратилаётган ҳаражатлар 40 фоизга ошганини намойиш этди.
Шунингдек, маърузада Кремль маҳаллий ҳокимият идоралари ваколатлари бирин-кетин қирқилиб, ҳозирда мавжуд бошқарув қудрати марказлаштирилганига эътибор қаратилди.
Маърузачилар айрим минтақалар Путинга “хайрихоҳлигини” билдиргани учун тақдирланаётганини гапирди.
“Қодиров саройларни қурмоқда ва ўзининг хусусий армиясини, Россия ҳудуди саналган Чеченистонда эса мустақил давлат тузди”, дейилди жумладан маърузада.
Шунингдек, “Путин. Якунлар. 2018” докладида Владимир Путин олиб бораётган сиёсатнинг бутун олам учун хатарли экани ҳам айтилди.
- Путиндан ҳар нарса кутса бўлади. Путин ядро қуролини ишлатишга тайёр экани тўғрисида гапираётган бўлса – у ёлғон гапираяпти дея олмайман, деди Яшин.
Мухолифатчилар фикрича, Владимир Путин ҳукуматига Ғарб мамлакатлари томонидан жорий қилинаётган санкциялар жуда сезиларли тарзда таъсир ўтказмоқда.