Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Хайрулла Ҳамидов 6 йилга қамалди


35 яшар Хайрулла Ҳамидов ҳам футбол шарҳловчиси¸ ҳам "Холислик сари" каби диний-маърифий эшиттитишлари билан эл орасида танилган эди.
35 яшар Хайрулла Ҳамидов ҳам футбол шарҳловчиси¸ ҳам "Холислик сари" каби диний-маърифий эшиттитишлари билан эл орасида танилган эди.

27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди диний-маърифий дастурлари билан Ўзбекистон ва минтақада танилган журналист Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор деб топди ва уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.


Ҳакам Ихтиëр Дониëров раислигида ўтган маҳакама жараëнида Хайрулла Ҳамидов билан бирга "Жиҳодчилар" гуруҳига алоқадорликда айбланган яна 18 судланувчи устидан ҳукм ўқилди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маълум қилди:

- Хайрулланинг судига бугун телевидение келиб камерага олган экан. Бугун ҳукм ўқилди. Демак, тўрт кишига олти йил умумий тартибдаги қамоқ жазоси берилган. Шуларнинг ичида Хайрулла ҳам бор. Ота-бола Қаюмовларга тўрт йил¸ қолган 13 кишига уч йилга шартли жазо берилиб¸ ҳаммаси ўша куни суд залидан озод қилинган. Хайрулланинг фамилияси биринчи турган у ерда. Бирортаси ҳеч қанақа жиноят содир қилганини бўйнига олмаган. Суд жараëнида ҳеч қанақа исбот-далиллар топилмаган.

Бундан ташқари адвокатлар берган тавсиянома¸ талабномаларни суд рад қилган. Айбланганларнинг бир нечтасининг ўша жараëнлар вақтида Ўзбекистонда бўлмаганлиги тўғрисида берилган нималар ҳам умуман қаралмаган. Суд жараëнида Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг бузилиш ҳоллари бўлган. Суд жараëнида ҳаммаси ўзини айбсиз деб гапирган. Ҳамма қўйилган айблар¸ бошқалар қийноқлар орқали олингани тўғрисида гапирилган. Мана шу шартли жазо берилган 13 та одам тўрт йилдан олти йилгача қамоқ жазоси олгганларга нисбатан берган кўрсатмасида айтганки¸ улар қаердадир дарс ўтказишган. Лекин буни ҳозир қамалганлар инкор этган. “Бизларни ҳар хил ақиқаларга¸ бошқага чақиришса борардик¸ гапирардик. Савол беришса¸ жавоб берардик. Фақат шу” деб гапиришган¸ дейди Суръат Икромов.

Хайрулла Ҳамидовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244^2-моддаси 1-қисми: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ва тарқатишда айбдор деб топган прокурор 11 май кунги маҳкама мажлисида суд раисидан унга 7 йиллик қамоқ жазоси беришни сўраган эди.

Хайрулла Ҳамидовга қўйилган айблар моҳияти судга тақдим этилган айблов хулосасида қуйидагича талқин этилган эди:

"Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра¸ 1975 йил 07 декабр кунида Тошкент шаҳрида туғилган Ҳамидов Хайрулла Убайдуллаевич ғараз ва паст ниятларда яна жиноят йўлига кириб¸ етарли диний билимга эга бўлмасдан туриб¸ ўзи яшаб турган юртнинг миллий қадриятларини менсимай оғир жиноятлар мажмуини¸ яъни жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятлар туркумига кирувчи бир гуруҳ шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб¸ диний экстремизм¸ сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни сақлаш ва Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган норасмий "Жиҳодчилар" номли диний экстремистик ташкилотига аъзо бўлиб¸ унинг фаолиятига иштирок этиш жиноятини қуйидаги вақт ва услубларда содир этган".

Хайрулла Ҳамидов ва у билан биргаликда Чиноздаги хонадонлардан бирида бўлиб ўтган ақиқа маросимида қатнашган яна 38 шахс устидан маҳкама жараëни Тошкент вилоят Жиноий ишлар бўйича суди томонидан Янгийўл туманидаги Гулбаҳор посëлкасида ëпиқ тарзда бўлиб ўтди.

Дастлабки гуруҳдаги 11 киши апрел ойи бошида 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Иккинчи гуруҳдаги 9 киши суди 27 апрелда бошланган бўлса, Хайрулла Ҳамидов билан яна 18 киши суди 29 апрелда бошланган эди.

Ҳюман Райтс Уотч¸ Чегара билмас мухбирлар каби қатор халқаро ташкилотлар Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олинишидан хавотир билдириб¸ журналистнинг дарҳол озод қилинишини сўраган эди. 27 май куни Ҳамидовнинг 6 йилга озодликдан маҳрум этилиши бу гуруҳлар томонидан қораланмоқда.

- Хайрулла Ҳамидов ўзига қўйилган айбларни мутлақ инкор қилиб тургани ҳолда унинг 6 йилллик жазога ҳукм этилиши бизни қаттиқ хавотирга солди. У диний эркинлик ҳақидаги ўз ҳуқуқларидан фойдалангани учун жазога тортилгани айтилаётгани боис биз унинг озодликдан маҳрум қилингани жиддий ташвишдамиз¸ деди жумладан Халқаро Амнистия ташкилоти расмийси Мейси Вейшердинг Озодлик билан суҳбатда.

Россиялик мустақил кузатувчи¸ ҳозирда Тбилисидаги Чавчавадзе университети ўқитувчиси Олег Панфилов ҳам Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини Ўзбекистонда олиб борилаëтган халқни қўрқувда ушлаш сиëсатининг давоми дея баҳолайди.

- Бу воқеа сўнгги 15-17 йил давомида Ўзбекистонда кўплаб журналистларни турли суд жараёнлари билан қўрқитишини эсга солмоқда. Бу журналистларни нафақат қўрқитиш, балким қайсидир мавзуларни ўйлаш, ҳатто улар ҳақида оғзаки фикр билдиришнининг ҳам олдини олиш мақсадида қилинади. Бундай амалиёт бошқа одамларга қаратилган. Бу фақатгина жамиятни қўрқитиш, журналистларни қўрқитиш, хукумат оммавий ахборот воситалари тарғиб қилаëтган давлат сиёсатидан фарқли фикр юритувчи инсонларни қўрқитишга қаратилган¸ дейди Панфилов.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Ўзбекистон судининг Хайрулла Ҳамидовни 6 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарганини қоралади.

- Биз Хайрулла Ҳамидовнинг ишини кузатиб келаяпмиз. Бундай ҳукм бизни ларзага солди. Биз буни адолатсиз ҳукм¸ деб ҳисоблаймиз. Хайрулла жуда яхши журналист, радио журналист. Ўзбекистон расмийлари журналистнинг мамлакатдаги ижтимоий ва бошқа муаммолар ҳақида гапиришини хоҳламади. Биз суд қарорини қоралаймиз, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти бош муҳаррири Жилле Лордет.

Футбол шарҳловчиси¸ кўп ўтмай Наврўз радиоси орқали эфирга узатилиб¸ сўнгра дискларда сотила бошланган диний дастурлари билан ўзбекистонликлар¸ айниқса ëшлар орасида танилган Хайрулла Ҳамидов шу йил 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

Озодлик Хайрулла Ҳамидов устидан чиқарилган ҳукм тафсилотлари ва унга нисбатан муносабатларни ўрганмоқда. Бу тафсилотларни Озодлик сайтида кузатиб боринг.
XS
SM
MD
LG