Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:21

Андижон исëни гувоҳининг турмадан ўлиги чиқди


Абдуманнон Ортиқов.
Абдуманнон Ортиқов.

Олти йиллик қамоқ жазоси тугаш арафасида 34 яшар Абдуманнон Ортиқовнинг ўзи эмас¸ тобути уйга қайтди.


24 июн куни 34 ёшли Абдуманнон Ортиқовнинг жасади солинган тобут Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси – "Сангород"дан Андижондаги уйига жўнатилди.

Абдуманнон Ортиқовнинг яқинлари бу ҳақда матбуот билан гаплашишни хоҳламаётгани учун, улар билан боғланиш имкони бўлмади.

Абдуманнонни яқиндан таниган, Андижон-Адолат ва Тикланиш ташкилотининг ҳозирда Швецияда яшаётган фаоли Рустам Собитов қурбоннинг оила аъзоларига таяниб, бу борада Озодликка қуйидагиларни маълум қилди.

Маҳкум ва марҳум Абдуманнон Ортиқов.
- 23 июн куни оғир аҳволда Сангородга келтирилган. 24 июн куни унинг ўлгани ҳақида уйдагиларига хабар берилган ва 25 июн куни у уйига келтирилиб, дафн қилинган,- дейди Рустам Собитов.

Маълум бўлишича, Абдуманоннинг отаси июн ойи бошларида Қаршидаги қамоқхонага бориб, у билан учрашган пайтида, ўғлининг ҳам жисмоний, ҳам руҳий кўриниши яхши бўлган.

“Дада яқинда уйга бораман, тез кунларда кўришамиз” деб хурсандчилик билан хайрлашганидан бир неча кун ўтиб, унинг мурдаси уйига келтирилган.

Рустам Собитовга кўра, Абдуманноннинг яқинлари унинг жасадида қийноқ излари борлиги ҳақида гапиришган.

- Уйига келтирилганда жасаднинг кўкрак ва бел қисмларида калтак излари бўлган. Бундан ташқари бош мия қисми томонда катта жароҳат бўлиб, у тикилган. Кейин киндик томондан то томоқ томонга ҳам кесилган ва тикилган,- дейди Рустам Собитов.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасидан Абдуманнон Ортиқов ўлими сабабларини аниқлаш имкони бўлмади. У ердан ёзма равишда мурожаат қилиш кераклиги ҳақидаги одатий жавобни олдик, холос.

Рустам Собитов Қарши қамоқхонаси маъмуриятининг Абдуманнон Ортиқов ўлими борасидаги хулосасини келтиради.

- Тахминан сроки тугашидан 25 кун олдин ҳеч қандай сабабсиз изоляторга ташланган. Ва у ерда у қайта суд қилиниб, қўшимча жарима ёзилиб, унга яна срок қўшиб берган. Қамоқхона расмийларининг айтиши бўйича, унга срок қўшилганини юраги кўтара олмаган,- дейди Рустам Собитов.

Абдуманнон Ортиқов 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин, диний-экстремизмга алоқадорликда айбланиб, олти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

- Абдуманнон 13 май воқеаларидан кейин таъқиблардан қочиб Қирғизистонга қочиб ўтган эди. Ўша пайтда биз Қирғизистонда учрашганмиз ва битта уйда яшаганмиз. Кейин Қирғиистон милицияси бизларни ҳисбга олди. Мен БМТнинг қочқинлар билан ишлаш бўлимидан рўйхатдан ўтганим сабабли мени қўйиб юборишди. Бошқа олти йигитни Ўзбекистонга яширинча бериб юборишган. Кейинчалик уларнинг барчасига жиноий иш очилиб, террорчи деб қамалиб кетишди,- дейди Рустам Собитов.

Андижон-Адолат ва Тикланиш ташкилоти етакчиларининг Озодликка билдиришича¸ ҳозирга қадар Андижон воқеаларида айбланиб қамалган 241 кишининг исми-шарифи аниқланган. Ўтган 11 йил давомида Абдуманнон Ортиқов билан қўшиб ҳисоблаганда ўн маҳбуснинг ўлиги чиққан.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари жорий йилда мамлакат қамоқхоналаридан ўнга яқин маҳкумнинг жасади чиққани ва улар қийноқлардан ўлгани ҳақидаги даъволар билан хабар тарқатишди.

Озодлик жорий йил бошида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Шодиев номига иккита хат йўллаб, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ўлим ҳолатлари ва қийноқлар қўлланилиши борасидаги иддоаларга ойдинлик киритишни сўради. Аммо орадан етти ой вақт ўтган бўлса-да, қамоқхоналардаги вазият учун маъсул идорадан жавоб олмадик.

БМТ нинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовен, 2002 йили Ўзбекистон қамоқхоналарига қилган қисқа ташрифидан сўнг, ўзбек қамоқхоналарида қийноқнинг систематик характерга эга эканини таъкидлаган эди.

Ван Бовендан сўнг ушбу лавозимни эгаллаган Манфред Новак эса, ўз фаолияти давомида Ўзбекистонга сафар қилишга муваффақ бўла олмади ва Озодлик билан суҳбатлардан бирида, "Ўзбекистон ҳукуматининг қамоқ ва ҳибсхоналардаги қийноқлар борасида яширадиган бир сири бўлса керакки, мен каби мустақил кузатувчиларнинг бу муассасаларни кўришига изн бермаëтир", дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарлардан туриб, қамоқхоналардаги қийноқларнинг систематик эканини инкор этиб келмоқда. Тошкент расмийларига кўра¸ Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида қийноқ билан боғлиқ алоҳида олинган ҳолатларгина бўлиши мумкин, холос.
XS
SM
MD
LG