Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:19

15 суткага қамалган ҳуқуқ фаоллари уйига қайтди


 Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев.
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев.


Халқни пахта териш мажбуриятига қарши исёнга чиқаришга уринганликда айбланган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев ва мардикорлар ҳуқуқи учун курашчи Фахриддин Тиллаевлар 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб чиқишди.

Пахта теришга қарши “исёнчи” озод бўлди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах вилояти бўлими раиси Ўктам Пардаев 17 октябр куни 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб уйига келди.

Пардаевнинг Озодликка айтишича,у жиззахлик аҳоли вакилларини пахта теримига чиқиш мажбуриятига қаршилик кўрсатишга даъват этганликда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.

- Судга олиб борган вақтида менга қанақа модда қўйилганини билганим йўқ эди. Суддан талаб қилдим. “Дело билан аввал таништиринг. Ўзим танишиб, ўзим адвокат ëллаб дело билан танишай” дедим. Танишсам, 185-модда, майда безорилик ва 195-модда пахтага чиқманглар деб одамларни агитация қилганлик моддаси экан. Мен машинамни шаҳардаги устахонага олиб борганимда ички ишлар ходимлари ўша ерга келиб устахоналарни ëпа бошлаб, усталарга қўл кўтариб, уриб ëтган вақтида мен бордимда “Нимага ураяпсиз? Тинчликми?” деб сўраганим холос. Усталарни пахтага чиқараяпти экан. Ўша ерда тортишув бўлдида. Машинага тиқиб горотделга олиб кетишди. Шу билан айблаб 15 суткага ëпишди, дейди Ўктам Пардаев.

Қуйида Ўктам Пардаев билан суҳбатни тўлиқ танлашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00
Бевосита линк


Жиззах шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг Ўктам Пардаевга нисбатан чиқарган қарори нусхаси.
Жиззах шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг Ўктам Пардаевга нисбатан чиқарган қарори нусхаси.
2 октябр куни Жиззах шаҳар жиноят ишлари бўйича суди қарорига кўра, Пардаевга 15 суткалик қамоқ жазоси тайинланган эди.

Ўктам Пардаев шу йилнинг 30 сентябрида ҳибсга олингач, Front Line Defenders ташкилоти, қароргоҳи АҚШда жойлашган Salem-news интернет нашри ҳуқуқ фаолини озодликка чиқариш чақириғи билан чиқишди.

Пардаевнинг яқинлари ва ҳуқуқ фаоллари унинг Жаслиқ қамоқхонасига олиб кетилганини тахмин қилишган эди.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, уни Жиззах шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига қарашли 1-сонли вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақлашган.

1978 йилда туғилган Ўктам Пардаев 2006 йилдан бери Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлиб келаётган эди.

Ўктам Пардаев йиллар давомида Ўзбекистон расмийларидан хорижга чиқиш визасини ололмай келаётган жиззахлик ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Мардикорлар ҳуқуқи учун курашчи тўртинчи бор жазоланди


3 октябр куни Сурхондарё вилояти Бойсун туман жиноят ишлари бўйича суди қарорига кўра, 15 суткага қамалган бойсунлик ҳуқуқ фаоли 42 ёшли Фахриддин Тиллаев 18 октябр куни озодликка чиқди.

Тиллаевнинг Озодликка айтишича, уни адвокатсиз суд қилишган.

- Мени суд қилишдан олдин мен судга ҳам, ички ишлар ходимига ҳам “Олдин адвокат билан таъминлашларинг керак бу бир. Иккинчидан, қариндошларимга, оғайниларимга хабар қилишларинг керак. Учинчидан, ўзимнинг ишончли вакилим бўлса” дедим. Улар мутлақо бу ишни қилмади. Адвокатсиз судлашди. “Мен ҳеч нарса бермайман ҳам, протоколга қўл қўймайман” деб бош тортдим, дейди ҳуқуқ фаоли.

Бойсун суди Тиллаевни жамоат тартибини бузганлик ва милиция ходимига бўйсунмаганликда айбдор деб топган.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Бойсун марказида унга нисбатан икки нотаниш аёл томонидан “шантаж” уюштирилган.

Бойсунлик мухолифатчи, ҳуқуқ фаоли Фахриддин Тиллаев.
Бойсунлик мухолифатчи, ҳуқуқ фаоли Фахриддин Тиллаев.
- Таксистлар билан гаплашиб турганимда иккита хотин келди. Ҳеч қандай гап-сўз йўқ шантаж бошладида. Мен у аëлларни танимайман. Мен “Милицияга олиб боришдан олдин менга повестка беринг. Повестка берсангиз, милицияхонага бораман қонуний томондан. Нимага мени айблаб олиб кетиб қоласизлар?” дедим. Бу шантажни уюштиришда биринчи навбатда Миллий хавфсизлик қатнашди. Миллий хавфсизлик ички ишларга топшириқ берган. Ички ишлар ўша топшириқ асосида аëлларни топиб, ўша аëллар шантаж уюштирди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Тиллаев ўзининг қамалишини "Мардикорлар касаба уюшмаси"ни тузиш ҳаракати билан боғлайди.

Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари "Мардикорлар касаба уюшмаси" тузилса, унинг аъзолари мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракатига қўшилиб кетишидан хавфсираяпти.

- Ўзларича ўйлайдики, булар сиëсий томонга буриб кетадими. Масалан Ўзбекистон халқ ҳаракатига ўхшаган нималарга олиб кетадими, фуқароларни шунга жалб қиладими, агитация, прораганда ишларини олиб боради деб ўйлаяпти. Кейин ëшларни бизга қарши қўйдиради деб худди шу маънода ўйлаяптида Миллий хавфсизлик ҳам, бошқа органлар ҳам. бизнинг мақсадимиз фақат қонуний ҳуқуқлар учун курашиш холос, дейди ҳуқуқ фаоли.

Қуйида Фахриддин Тиллаев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:52 0:00
Бевосита линк


Мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли бўлган Фахриддин Тиллаев 2000 йилдан буён ҳуқуқ ҳимоячи сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Тиллаев бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари билан биргаликда "Мардикорлар касаба уюшмаси"ни тузишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ой Фахриддин Тиллаев, Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзовлар Тошкент шаҳар Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида мардикорларга варақа тарқатликда айбланган эди.

23 сентябр куни Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди ҳукмига кўра, Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғли бу ҳаракати учун ноқонуний фаолиятда айбланиб, ҳар бири юз минимал иш ҳақи (7.235.500 сўм) миқдорида жаримага тортилган эди.

Тиллаев ҳуқуқ ҳимояси билан шуғуллана бошлаганидан буён тўрт марта маъмурий жавобгарликка тортилган.
XS
SM
MD
LG