Роскомнадзор Россияда ҳукумат позициясидан айри ахборот тарқатувчи бир нечта портал ва сайтларни ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Ҳукумат босими остида қолган "Грани.ru", "Каспаров.ru" ва "Ежедневный журнал" айрим провайдерлар томонидан тўсиб қўйилди. Ҳукумат мухолифат сайтларини “оммавий тартибсизликлар ва ноқонуний фаолиятга даъват этишда” айбламоқда.
Роскомнадзор ва Бош прокуратура мустақил сайтларга қарши
Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар устидан назорат қилувчи Россия Федерал хизмати (Роскомнадзор) Грани.ру, Каспаров.ру ва “Ежедневный журнал” сайтларига тўсиқ қўйиш тўғрисида қарор чиқарди.
“РФ Бош прокуратураси талабига биноан тақиқланган ахборотлар ягона реестрига қуйидаги интернет-ресурслар киритилди: www.grani.ru, www.kasparov.ru, www.ej.ru. Мазкур сайтларда ўрнатилган тартибга хилоф равишда ноқонуний фаолият ва оммавий тадбирларда иштирок этишга даъват этиляпти. Шунингдек, РФ Бош прокуратураси талаби билан реестрга “Живой Журнал”даги http://navalny.livejournal.com саҳифаси ҳам киритилди”, деб хабар берилди Роскомнадзор расмий сайтида.
Россия Президенти Владимир Путиннинг энг ашаддий сиёсий рақибларидан бўлган мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга тегишли бу саҳифа фаолияти, назоратчилар фикрича, “бу шахсга нисбатан суд томонидан қабул қилинган ҳибсда сақлаш чораси қоидаларини бузмоқда”.
Роскомнадзор кўрсатилган Интернет сайтларини ёпиб қўйиш талаби билан тегишли провайдерларга мурожаат қилди.
“Грани.ру” Бош директори Юлия Березовская, Озодлик билан суҳбатда, ўзи раҳбарлик қилаётган таҳририят ҳукумат томонидан ҳеч қандай тушунтириш олмаганини айтади:
- Бу Интернетдаги мустақил ОАВга қарши амалдаги ҳарбий ҳаракатлардир. Бизда эгамиз йўқлиги ва нашр журналистлар коллективи томонидан бошқарилаётганлиги сабабли ҳукумат кимга босим ўтказишни билмасдан, блок қўйяпти. 1 февралда қабул қилинган “Луговой қонуни”га мувофиқ чоп этаётган ҳар бир маълумотимиз учун бизни ёпиб ташлашлари мумкин. Ҳаммаси ноаниқ талқинга эга мана шу ахмоқона қонунга бориб тақалаяпти, дея фикр билдирди “Грани.ру” Бош директори Юлия Березовская.
"Ежедневный журнал" муҳаррири Александр Риклиннинг айтишича, қонунга кўра, назорат идоралари уларга ёқмаган контентни олиб ташлаш тўғрисида аввал огоҳлантириш беришлари, бу контент олиб ташланмагандан кейингина нашрни ёпишга ҳақлидир.
- Бу гал ҳукумат ҳатто оддий одоб қоидаларига риоя қилишни истамади. Улар бирданига ўз мустақил фикрига эга барча интернет-ресусрларни ўчириб ташлади. Бу куч кўрсатишдан бошқа нарсани англатмайди. Агар улар сайтимизда эртага - 15 март кунига белгиланган Украина билан урушга қарши митингга чақириқ эълонини кўриб қолган бўлса, айтишим мумкинки, бу ҳукумат томонидан рухсат берилган тадбирдир, дейди Александр Риклин.
Айни пайтда, Кремль тарқатаётган ахборотдан фарқли маълумотларни бериб борувчи қатор бошқа ахборот воситалари ёпилиш хавфи остига тушгани маълум бўлди. Жумладан, блок қилинган сайтлар қаторига “Эхо Москвы” радиостанцияси тушгани айтилди. Роскомнадзор радио муҳаррирларидан Навальнийга тегишли мақолалар ва блогларни олиб ташламагунча ишга тушишга рухсат бермаслигини билдирди.
Айтиш жойизки, Алексей Навальний “Живой Журналдаги” ўз сафиҳаси унинг сафдошлари ва рафиқаси Юлия томонидан юритилаётганини айтмоқда. Мухолифат етакчиси Навальний шахсий блогини 2007 йилдан буён юритади ва охирги бир неча кун давомида кунига унинг журналига кирувчилар сони 450 минг кишига етди.
Айрим провайдерлар томонидан аллақачон тўсиб қўйилган Каспаров.Ru прокуратура талабига қарамасдан ўз фаолиятини давом этишини маълум қилди. Сайт эгалари ресурс блокировкаси натижасида прокси ва анонимайзерлар ёрдамида “сайтга кирувчилар сони кескин кўпайиб” кетганини эълон қилди.
Кузатувчилар блокировка тўғрисидаги Роскомнадзор буйруғига Билайн, МТС каби айрим йирик провайдерлар риоя қилганини таъкидламоқда.
Мустақил нашрлар босим остига олинди
Россия медиамаконида мисли кўрилмаган босим кампанияси авж олгани кузатилмоқда. Куни кеча Украинанинг миллатчи “Ўнг сектор” аъзолари интервьюсини чоп этган Lenta.ru бош муҳаррири Галина Тимченко ишдан бўшатилди. Журналистлар ва муҳаррирнинг сафдошлари юқоридан туширилган бу талабни “цензура” деб атади ва коллективдан 39 нафари ишдан бўшаши тўғрисида ариза ёзди.“Даҳшатлиси, бизга бошқа жойда иш топилмаслигида эмас. Энг даҳшати шундаки, бошқа ҳеч нарсани ўқишга ҳожат қолмаганида”, деб ёзди Россия нашрлари Кремль назорати остига олинаётганини таъкидлаган Лента.Ру журналистлари.
Украина ҳодисалари ортидан “Коммерсант” нашриёт уйи раҳбарияти “Украинада юзага келган сиёсий бўҳрон” туфайли Киевда чиқарилган “Коммерсант-Украина” газетасини чоп этишни тўхтатганини эълон қилди.
Озодлик кейинги бир неча ой давомида ҳукумат томонидан қаттиқ босимга олинган “Дождь” телеканали яқин вақт ичида ўз фаолиятини тўхтатиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, тақиқланган сайтлар рўйхати 139-чи Федерал Қонунга мувофиқ 2012 йилнинг июл ойида тузилган. Бу қонун порнографик, наркотик ишлаб чиқариш, қурол-яроқ ясаш ва шу каби амалиётларга тўсиқ қўйиши белгиланган. Шунингдек, бу қонун суд қарори билан “номақбул ахборот тарқатувчи”, деб топилган ҳар қандай ресурсни блок қилиши мумкин.
Жорий йилнинг феврал ойидан бошлаб кучга кирган 398-чи яна бир Федерал Қонунда сайтлар ва порталлар суд қарорисиз Бош прокурор ва унинг ёрдамчилари талаби билан тўсиб қўйилиши мумкин. Ёпилишга “оммавий тартибсизликларга чақириш, экстремистик фаолият юритиш, миллатлараро ва конфессиялараро низо келтириб чиқариш, террорчилик фаолиятида иштирок этиш” прокурорлар томонидан сабаб қилиб кўрсатилиши кифоя.
-------------------------
Материал эфирга тайёрланаётганида “Эхо Москвы” сайти тақиқланган сайтлар реестридан олиб ташлангани маълум бўлди.
Радионинг бош муҳаррири ўринбосари Владимир Варфоломеев ўз твиттерида “Эхо Москвы” ўз сайтидан Навальний блогини, унинг 500 яқин постларини “ҳукумат талаби билан” олиб ташлаганини ёзди.