Эээ, бўларакану!
Ээээ, боракану!
Равшанбек, Абдуҳамидилло, Баҳодиржонлари ўзбекнинг!
Уятларга ўлиб бўлувдик. Ўлимларга кўниб бўлувдик. Ўзбекман дейишдан тона бошлаган, кимсан деса, чиғатойми, сартми, деб гап айлантирадиган бўпқолаёзгандик.
Ана ўзбекнинг биттаси Волгоградда 83 га кирган бабушканинг номусига тегиб, ўлдириб қўйибди – бугун ўқийсиз.
Бу ҳақда ёзаётган Умид кеча айтиб қолди: Москвада бомжлар орасида ўзбек кўпайиб кетди, деб. Тўғри тушунинг: принципда Москвадаги ўзбекнинг ҳаммасиям, аслида, бомж – без определенного места жительства.
Чунки, ўзбек яшайдиган квартирани “место жительства”, деб бўлмайди.
Чунки тунда 30 ўзбек тўпланадиган квартирада “жить” қилиб бўлмайди.
Умид айтаётган ўзбек бомжлар – классик бомжлар – юзи шишган, кўзи кўкарган ўзбеклар.
Уяласан киши. Уялиши керак бўлганлар уялмаганидан уяласан.
Баъзида улар ҳам уялганга ўхшайди, уялгани учун лодир-подир, дейдида, бўлмаса шундай дермиди?!
Ўзи умуман, уят ҳисси доимий бўлиб қолганга ўхшайди ўзбек учун. Бўлмаса, нима учун Москвада, Питерда, Прагаю Нью Йоркда... ўзбек ўзбекни кўрса тескари қарайди, кўзини опқочади, “Яхшимисиз”, десангиз Московда “Здравстуйте”, Нью Йоркда “Хай”, деб жавоб қайтаради баъзиси, кўпчилиги қадамини тезлатади.
“Хай” дединг, демак, саломимни тушунибсанда, хумпар, демайсиз. Хафсалангиз пир бўлиб кетоврасиз.
Уят ҳисси доимий бўлиб қолганга ўхшайди ўзбекнинг. Мазохист бўпқолганмизми ё? Кайф қиламизми бу ҳисдан?
Баъзан-баъзан ғурур ҳам сезилиб қолади ўзбекда. Лекин ғалати ғурур. Ғурур ҳам эмас у, қандайдир қуруқ манманлик. Қўрқувга омухта манманлик. Масалан, масжид-пасжидда тўртта нотаниш ўзбекнинг орасига кириб қолсангиз сезасиз бу ғалати омухталикни. Сизни елкалари билан менсимаётганларини, айни пайтда елкалари билан сиздан ҳадиксираётганларини ҳис қиласиз...
Доимий ҳадик, доимий уят...
Оширворяпманми ё?
Оширворган бўлсам, ёзарсиз – мувозанатини бирга топармиз.
Бугун эса ҳадикни унутиб турамиз, уялишни унутиб турамиз.
Бугун кўнглимиз - ғурурнинг ўрни.
Миллат учун ғурур ўрни.
Бугун Равшанбек, Абдуҳамидилло, Баҳодиржонлар куни.
Чемпионатда ўзбек тўп тепмаяпти.
Лекин бизникилар - Равшанбек, Абдуҳамидилло, Баҳодиржонлар ҳакамлик қилаяпти. Балки бу тўп тепгандан муҳимроқдир?
Ҳакамликни қотираяпти Равшанбек, Абдуҳамидилло, Баҳодиржонлар.
Мана бугунги хабар:
Бразилияда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг саралаш босқич беллашувларининг шу пайтга қадар бўлиб ўтган қирқдан зиёд учрашувлари ортидан ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов тўплаган баллари бўйича Worldreferee.com веб саҳифаси рўйхатида юқори ўнликдан биринчи ўринга чиқди.
Ҳалоллик рейтинги бу. Профессионаллик рейтинги.
Демак, ўзбек ҳалол бўла оларкан! Профессионалликда бошқаларнинг “бурнини артиб” қўя оларкан!
Бу стадиондан ташқарига чиқадиган, чиқиши лозим бўлган, ҳар бир ўзбекнинг шуурига сингиши, сингдирилиши лозим бўлган муҳим сигналдир.
Ўзбек Ҳалол Ҳакамлик Қила Олади, У Бунга Қодир, деган сигналдир.
Бас, шундай экан, Равшанбек, Абдуҳамидилло, Баҳодиржонлар эртага Ватанга қайтгач, балки мамлакатдаги барча судьялар учун (футбол ҳакамларини айтмаяпман) семинар уюштиришар?
Яхши таклиф бўлдими?
Рухсат беришворсая шундай семинар ўтказишларига?!
Яхши бўларди.