Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

“Пахтага чиқмасанг жазоланасан, жазоланмаслик учун пахтага чиқасан”


Ўзбекистон Касаба уюшмаларининг жорий йилги пахта теримида Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари иштирокидаги миллий мониторинг гуруҳлари мажбурий тарзда пахтага чиқарилган одамлар аниқланмагани тўғрисидаги баёнотига Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликлар “Ўзбекистонда пахта терими ихтиёрий-мажбурийдир, пахтага чиқмасанг жазоланасан, жазоланмаслик учун эса пахтага чиқасан” қабилида жавоб бердилар.

“Пахта теримида одамлар ихтиёрий равишда қатнашмоқда”

18 сентябрдан 25 октябргача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари иштирокида бола меҳнати масаласида миллий мониторинг ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари кенгаши матбуот хизмати 23 сентябрь куни хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, бола меҳнати масаласида Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва фуқаровий жамият вакилларидан иборат саккизта ҳудудий гуруҳ ташкил этилган. Мазкур гуруҳларда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам қатнашиб, улар асосан техник кўмак кўрсатаётгани айтилган.

“Пахтага чиқмасанг жазоланасан, жазоланмаслик учун пахтага чиқасан”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:13 0:00
Бевосита линк

Касаба уюшмалари кенгашининг маълум қилишича, шу кунгача Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида мониторинг ўтказилган.

“Мониторинг натижасида Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари пахта теримида одамлар ихтиёрий равишда иштирок этаётганини аниқлади”, дейилади хабарда. Экспертлар пахта далаларида ишлаётган одамларга етарли шароит яратиб берилгани ва озиқ-овқат таъминоти яхши эканини қайд этганлар.

“Пахтага чиқмаганларга ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигини айтишди”

Озодлик радиоси суҳбатлашган пахта тераётган талабалардан бири ҳақиқатан ҳам озиқ-овқат таъминоти яхши эканини айтди:

-Озиқ-овқатдан камчилик йўқ. Чой, ёғ, шакар ҳаммаси жойида.Овқатлари жуда яхши, -деди талаба қиз.

Бироқ суҳбатдошимиз пахтазордаги одамларнинг барчаси ҳам ўз ихтиёри билан пахта даласига чиққани тўғрисидаги расмий баёнотга қўшилмайди. Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистонда пахтага чиқиш ихтиёрий-мажбурийдир:

-Биз ўз ихтиёрмизи билан чиққанмиз. Бизга “Пахта терими бошланаяпти, ҳамма пахтага чиқсин, чиқмаганлар жазоланади”, деб айтишди. Пахтага чиқмаганлар ўқишда қийналишини, пересдачага қолдирилишини, ўқишдан отчисления қилдирилишини, хайфсан берилишини айтишди. Шундан сўнг пахтага чиқдик, - деди талаба қиз.

“Пахтага ўрнимизга одам ёлладик, бўлмаса дўконларимизни очтирмайди”

Озодлик радиосига Жиззахдан туриб боғланган тадиркорлардан бири Жиззахда аҳолини пахта теримига ихтиёрий-мажбурий тарзда жалб қилиш учун барча маъмурий ресурслар ишга солингани ҳақида гапирди. Унга кўра, 22 сентябрдан бошлаб Жиззахдаги “Кўк бозор” ва бошқа тадбиркорлик объектлари ёпиб қўйилган ва тадбиркорларга ўз шаҳобчаларини фақат кечки соат бешдан бошлаб очишга рухсат берилган.

-Бизнинг ишхонамиз марказий кўчада жойлашган, лекин уни очтирмаяпти. Эрталабдан участковойлар келиб, “Ёп-ёп” дейишаяпти. Ёпмасак, компютерларга тармашиб, “Ҳозир опис қиламан”, деб дағдаға қилишаяпти. Пахта муносабати билан уларга шунақа ваколат берилган эмиш, -дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, тадбиркорлар ўзларининг ўрнига одам ёллаб пахтага чиқармоқда. Суҳбатдошимизнинг иддао қилишича, пахтага одам ёллаб бермаган тадбиркорларнинг дўконлари умуман очтирилмайди.

-Пахтага ўрнимизга одам чиқараяпмиз, бироқ бари бир кечқурун соат бешдан кейин ишланглар дейди. Агар одам чиқармасак, кечқурун соат бешдан кейин ҳам очтирмайди дўконларимизни. Пахтага ўрнимизга чиқаётган одамга кунига 10 минг сўмдан тўлаймиз. Терганининг пули ўзиники. 22 сентябрдан қаттиқ туриб, бозорларни , ҳамма ёқни ёптириб ташлади. Ҳаво ҳам бузилиб турибди-да, балки шунинг учун ҳам шундай қилишаётган бўлса керак, -деди ўз номи сир сақланишини илтимос қилган жиззахлик тадбиркор.

“Пахта теримида 18 ёшгача бўлган болалар қатнашмаяпти”

Ўзбекистон касаба уюшмалари кенгашининг билдиришича, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ўтказилган мониторинг жараёнида экспертлар 18 ёшгача бўлган болаларнинг пахта теримига жалб этилгани юзасидан бирон бир фактни аниқламаган.

Ўзбекистон Бош вазири жорий йилда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисида кўрсатма бергани хабар қилинган эди. Шунинг учун ҳам жорий пахта мавсумида барча оғирлик талабалар, ишчи-хизматчилар ва бюджет соҳаси вакиллари зиммасига тўғри келмоқда.

2013 йилнинг 11 сентябридан то 30 октябрга қадар Ўзбекистоннинг саккиз вилоятида мониторинг ўтказган БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари 2013 йилги пахта мавсумида мажбурий болалар меҳнатидан систематик фойдаланилмади¸ деган хулосага келган эди.

Мустақил кузатувчилар халқаро кузатувчиларни иккиюзламачиликда айблаган.

Ўндан ортиқ ҳуқуқ ташкилотлари томонидан ташкил этилган "Пахта кампанияси" ташкилоти “Пахта-2013” мавсумида Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ одам, жумладан, балоғатга етмаган болалар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида баёнот тарқатган эди. 2013 йилги пахта қурбонлари сони эса 11 кишини ташкил этган.

XS
SM
MD
LG