Кўпни кўрган яхшида! Албатта, 150 ка кирганим йўқ, лекин барибир анча-мунча нарсани кўриб қўйдим.
Масалан, Горбачевнинг қайта қуриш йилларида ўзини ўзи қайта қурганларни кўрдим. Кўрдимгина эмас, мен ҳам ўзимни қайта қурдим: алоҳида “Қайта қуриш дафтари” тутишга мажбур қилишди ишхонада. Тутдик. Унга ўзимизни қайта қуриш режасини ёздик.
“Ўзни қайта қуриш” ибораси қанчалик беўхшов бўлмасин, дафтарни тут дейишди – тутдик!
Ҳатто нарцисслар ҳам айтмади “ота-онам мени мукаммал туққан”, деб. Айтолмади.
Шунақа замон эди.
Ҳам яхши замон эди. Директоримизни “тиккасидан ўқишни” бошладик. Обкомдан келган вакил танқидимизга қулоқ соларкан, кўзларимизга мўлтиради.
Бу бир мисли кўрилмаган неъмат эди. Ҳуррият эди. Бунинг учун битта эмас, ўнта “Қайта қуриш дафтари” тутишга тайёр эдик.
26-27 йил ортдаги даврга фикран разм солиииб туриб, ўзим ва мен вакили бўлган авлод ўша 3-4 йилгина муддат ичида чиндан ҳам қайта қурилиб қолганига иқрор бўлиб ўтирибман. Балки сизга ёлғон, лекин ўзимга чин - ичимда ҳануз Қайта қуриш ўти бор.
Бугун Ташқи ишлар вазирлиги Виртуал қабулхона очганини билиб, аввалига кулгим келди. Кулдим ҳам. Уни (Виртуал қабулхонани) ўзимнинг “Қайта қуриш дафтари”мга ўхшатдим. Ахир вазирга ҳам айтишганда “қабулхона оч ва у виртуал бўлсин”, деб.
Dunyoning barcha mintaqalaridan jismoniy va yuridik shaxslar kunu tun (таъкид меники -С. У.) o‘z savol, ariza, shikoyat va takliflari bilan bevosita Tashqi ishlar vaziriga murojaat etishlari mumkin, дейилибди бу ҳақдаги хабарда.
Такрор айтаман. Кулдим. Лекин кула-кула ўйлаб қолдим. Ажабмас, дедим. Ахир бир вақтлар “Қайта қуриш дафтари” мени ўзгартиргандай, Виртуал қабулхона вазирликни ўзгартирар?
Шу баҳона элчиликлару консулликлар ёрдам сўраб келган ватандошларига ёрдам беришга – ўзларининг хизмат вазифаларини бажаришга - ўрганиб қолар?
Чем чёрт не шутит? дейишадку, тўғрими?
Ҳа, шундай бўлиши мумкин.
Фақат бунинг учун Мирзиёев очганидан сўнг турли вазирлик ва идораларда очилаётган виртуал қабулхоналар 4 декабргача эмас, сал узоқроқ – камида 3-4 йил ишлаши, чинакамига ишлаши керак!
Мени ва мен мансуб бўлган авлодни қайта қурган Қайта қуриш шунча йилга чўзилган эди.