Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:24

Туркиянинг ўнлаб юк машиналари ўзбек-туркман чегарасида тиқилиб қолди


Марказий Осиё давлатлари чегараларида катта сиғимли юк машиналари тиқини тез-тез содир бўлиб туради.
Марказий Осиё давлатлари чегараларида катта сиғимли юк машиналари тиқини тез-тез содир бўлиб туради.

Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасидаги Олот-Фароб божхона постида турк ширкатларига оид 50 дан зиëд юк машинаси ва уларнинг 100 га яқин ҳайдовчиси 29 кундан бери Туркманистонга ўтказилмай Ўзбекистонда турибди.

Бу ҳақда Озодликка турк ҳайдовчиси маълум қилди. Унинг айтишича¸ Ўзбекистон ҳудудида тиқилиб қолган катта сиғимли юк машиналари ҳайдовчилари чўл шароитида касалга чалинган.

Ҳайдовчига кўра¸ фураларга Тожикистондан йигирилган ип¸ пахта ва мис ортилган.

Ўзбекистонга қарашли Олот божхона постининг (Олот-Фароб божхона пости) Озодликка гапирган ходимига кўра¸ машиналарнинг тирбанд бўлиб қолишига Ўзбекистоннинг алоқаси йўқ.

Озодлик суҳбатлашган фура ҳайдовчиси 29 кундан бери антисанитария аҳволда қийналиб кетганлигини айтаркан, бундай деди:

- 29 кундан бери кабинада ëтиб-турамиз. Атроф - чўл. Бир неча марта кабинага илон кириб кетди. Қўрқиб уйқуни ҳам мазаси бўлмади. Пулларимиз ҳам тугаган. Юкни ташлаб кета олмаймиз. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам ëрдам бермади.

Воқеани ўрганган туркман журналисти Саҳро Ғулом Набига кўра¸ “Туркманистон ва Тожикистон орасида юзага келган дипломатик муаммо боис" юк машиналарининг Туркманистон ҳудудига киришига изн берилмаган.

Журналист бу “дипломатик муаммо” тафсилотлари сир тутилаëтганлигини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган тожикистонлик журналистнинг айтишича, “Афғонистон орқали Туркманистонни Тожикистон билан боғлайдиган темир йўл қурилишида Тожикистон ўз мажбуриятини бажармагани Туркманистон президенти ғазабига сабаб бўлган”.

Туркман журналисти Саҳро Ғулом Набига кўра¸ транзит ташувлар билан боғлиқ муаммо ўтган йилнинг августида бошланган:

- Сентябрь ўрталарига келиб расмий Ашхобод Тожикистондан келаëтган юк машиналарининг транзит тарзда Туркманистондан ўтиши чекланганини, хавфсизлик чораси дея, расман билдириш қилди. Жорий йил февралида ҳам шундай тиқилиннч бўлувди.

Жорий йил мартида Тожикистон иқтисодий тараққиëт ва савдо вазирлиги ўз юкларини Туркманистонни айланиб ўтиб Озарбайжон орқали Туркияга етказишни билдирган эди.

Озодлик билан 20 май куни гаплашган юк машинаси ҳайдовчисига кўра, “бу ортиқча 1000 километр йўлни босиб ўтиш”, деганидир.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистонга қарашли Олот божхона постининг мулозимига кўра¸ Марказий Осиëдаги давлатлар ўртасидаги тушунмовчиликлар боис фуралар ўртада жойлашган Ўзбекистонда тиқилиб қолиши тез-тез учраб туради. Мулозимга кўра¸ божхона олдидаги тирбандликдан Ўзбекистон манфаатдор эмас.

Жорий йил бошидан бери ўзбек-туркман чегарасидан ташқари ўзбек-қозоқ чегарасининг Қозоғистон томонида юк ортилган юзлаб фура Ўзбекистон ҳудудига ўта олмай тирбандлик юзага келган эди.

Бу тирбандликни изохлаган Қозоғистон томони эса¸ компьютер тизимида юз берган муаммо сабаб узун навбат ҳосил бўлганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG