Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:28

Фура сотиб олиш учун Хорватияга борган икки ўзбек бедарак йўқолди


Фарғонaлик Шуҳрат Мамадалиев ва чустлик Бахтиëр Лутфуллаев жорий йил 14 майидан бери Хорватияда бедарак йўқолди.

Озодлик мазкур хабарни бу икки ўзбекистонлик оила аъзолари сўровига кўра эълон қилмоқда.

Яқинларига кўра¸ Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси бедарак йўқолган икки ўзбекистонликни қидиришга фаол киришган.

2018 йили 20 тоннагача бўлган юк машиналарини Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўлови бекор қилингани ортидан Европа давлатларидан фура сотиб олишга келаëтган ўзбеклар сонининг кўпайгани айтилмоқда.

Ҳозирча бу Европа давлатларида фура сотиб олиш жараëнида муаммога дуч келган ўзбекистонликлар ҳақида Озодликка етиб келган биринчи хабардир.

Бир сумка пул кўтарган икки ўзбек қаерда?

Икки ўзбекистонликнинг бедарак йўқолгани хабарини улар яқинлари Озодликка 22 май куни билдирди.

Шуҳрат Мамадалиев ва Бахтиëр Лутфуллаев яқинлари Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасига ҳам ëрдам сўраб мурожаат қилганликларини айтишди.

- Бахтиëр Лутфуллаев Чустдан. У ўз таниши фарғоналик Шуҳрат Мамадалиев билан биргаликда иккита фурага етадиган пул билан Польшага келган. Польшада бир дона эски Матиз машинасида 13 май куни Германия ва Чехия орқали Хорватияга йўл олишган. 14 май куни улар билан алоқа узилди¸ дейди бедарак йўқолган чустлик Лутфуллаевнинг яқини.

Фарғоналик Шуҳрат Мамадалиев яқинлари Озодлик билан суҳбатда Хорватиядаги машина сотмоқчи бўлган одам билан гаплашишгани ва бу сотувчи ўзбек мижозларнинг етиб келмаганини айтганини билдирди.

Польшадаги Ўзбекистон элчихонасига яқин бўлган фаоллардан бири¸ “элчихонанинг бу иккала ўзбекни қидириш ишига астойдил киришган”ини билдирди.

Отингни сот¸ молингни сот¸ фура ол...

2018 йили президент қарорига мувофиқ Ўзбекистонга олиб кириладиган ғилдиракли трактор ва 20 тоннагача бўлган юк машиналари, шунингдек прицеплар божхона божи ва акциз солиғидан озод этилган.

Бундан олдин бу транспорт воситаларига уларнинг божхона қийматидан 70 фоиз божхона тўлови олиб келинган.

“Бу қарор чиқиши ортидан минглаб ўзбекистонлик чет элдан фура олиб кела бошлади” дейди ўзбекистонликларга минилган фураларни сотиш билан шуғулланадиган тадбиркор.

- Ойига 200¸ баъзан 300 фурани Брестдаги чегарага обориб берамиз. Брестда ëтоқхоналар ташкил қилганмиз. Ўзбекистонлик олувчи ўша ерга келиб¸ машинасини кутиб ўтиради. Асосий мижозлар шу тариқа фура олаяпти. Германия ва Австриядаги машина жамлоғига борсангиз¸ бир кунда камида битта ўзбек юк машина олаëтганини кўрасиз¸ дейди шахси очиқланишини истамаган суҳбатдош.

Унинг айтишича¸ Германия ва Австрияда фура олмоқчи бўлган ўзбеклар ҳозирга қадар муаммога йўлиқмаган.

- Хорватия ва Руминия хатарли. Ўзбеклар катта пулни сумкага солиб¸ кўтариб юради. Бу пулни улардан тортиб олмоқчи бўлган талончилар ҳам кўп¸ дейди суҳбатдош

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси очиқлаган маълумотга кўра¸ 2019 йилнинг дастлабки уч ойи давомида Ўзбекистонга хориждан умумий қиймати 100 миллион доллардан ошиқ автомобиль олиб кирилган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,2 баравар кўпдир.

XS
SM
MD
LG