АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Вашингтон Украина яқинида Россия қўшинларининг тўпланиши масаласи бўйича мулоқотга тайёрлигини билдирди.
Президент Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков билан телефон суҳбатида Салливан, ҳар қандай мулоқот Европадаги иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан келишилган ҳолда ўтказилишини ҳам алоҳида урғулади.
Салливан ва Ушаков ўртасидаги телефон мулоқоти Украина билан чегара яқинида 100 мингга яқин рус қўшинлари тўпланиши сабабли Европада кучайиб бораётган кескинлик фонида бўлиб ўтди.
Оқ уйнинг маълум қилишича, Салливан россиялик ҳамкасби Юрий Ушаковга Қўшма Штатлар бир қанча йўналишлар, жумладан, икки томонлама ҳамкорлик, НАТО-Россия кенгаши, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ) орқали музокаралар ўтказишга тайёрлигини таъкидлаган.
“Бу баёнот Россия, шунингдек, Украина ва европалик ҳамкорлар билан давом этаётган мулоқотларимиз ва ҳамкорлигимизнинг мантиқий давоми бўлади”, деди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.
Айни пайтда Россиянинг Украина билан чегараси яқинида 100 мингга яқин рус қўшинлари тўпланиши Европада кескин эътирозга сабаб бўлмоқда.
Ғарбда бу ҳаракат Россия Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўрмоқда, деган эътирозни кучайтирди. Аммо, Россия буни инкор этмоқда ва аксинча, Украинанинг НАТО билан муносабатлари кучайганини зиддиятга сабаб қилиб кўрсатмоқда.
“Салливан ҳар қандай мулоқот ўзаро англашувга асосланган бўлиши ва Россиянинг ҳаракатларига оид ташвишларни бартараф этиши ва Европадаги иттифоқчиларимиз ҳамда ҳамкорларимиз билан тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда ўтиши кераклигини аниқ баён қилди”, деди Псаки.
Москва ўтган ҳафта музокаралар учун тайёрлигини билдириб, хавфсизлик бўйича таклифларини эълон қилган.
Россиянинг бу таклифлари НАТОнинг шарққа томон кенгайишини тўхтатиш ва алянснинг Шарқий Европадаги ҳарбий фаолияти, жумладан, Украина ва Грузия билан ҳамкорлигини чеклашни назарда тутади.
Псаки бу борада Қўшма Штатларнинг позициясини яна бир бор эслатиб ўтди. Яъни, АҚШ “суверен давлатлар ўз иттифоқчиларини танлаш ҳуқуқига эга ва НАТОнинг Украина билан муносабатлари фақат Украина ва НАТОнинг иттифоқчиларигагина тегишли бўлган масала", деб ҳисоблайди.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Ушаков Салливанга Москва хавфсизлик кафолатлари бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини ва музокараларда Россия томонидан ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков вакил бўлишини билдирган.
Рябковнинг айтишича эса, Москва ҳозиргача АҚШдан ҳеч қандай жавоб олмаган.
"Ўйлашимча, улар бу ишни пайсалга солишга ҳаракат қилади, бироқ биз буни тезроқ ҳал қилишимиз керак, чунки ҳозир жуда чигал ва мушкул вазият. Аҳвол янада мураккаблашиб бораверади”, деб таъкидлаган Рябков.
Айни пайтда, Москва ва Вашингтон ўртасидаги бу таранг муносабатга АҚШ сиёсатчилари ва ЕИ ҳукуматлари расмийлари билдираётган муносабатлар ҳам кескинлашмоқда.
Жумладан, AҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасидаги республикачи сенатор Жим Риш, Россия талаб қилган хавфсизлик кафолатлари Москванинг “уруш учун баҳона” қидираётганига яққол далил, деди.
Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек эса Россиянинг Украинага қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракати оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан қатъий огоҳлантирди. “Aгар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги яна бузилса, ҳеч нарсани истисно қилиб бўлмайди”, деди у.