Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:33

Наманган бозорида жойсиз қолганидан норозилик билдирган ёймачи аёллар жаримага тортилди (ВИДЕО)


Намангандаги Чорсу деҳқон бозори
Намангандаги Чорсу деҳқон бозори

Наманган шаҳрининг Чорсу деҳқон бозорида ишлаган ёймачилар бозорда савдо-сотиқ қилишга қўйилмаганига норозилик билдирди ва оқибатда улардан тўрт нафари судга тортилди.

18-20 июль кунлари бўлиб ўтган бу воқеалар Озодликка 25 июль куни маълум бўлди.

Акция иштирокчиларининг иддао қилишича, бир неча ўн савдогар аёлнинг 18 июль кунги норозилик акциясини бостиришга ўнлаб милиция ходимлари ташланган.

Аёллар бозор ўртасига ўрнатилган тунука деворни бузиб ташлагани учун фуқаролик суди 20 июль куни улардан 4 нафарини энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида жаримага тортди.

Шаҳар ҳокимлиги бу хабарни тасдиқлар экан, ёймачилар деғқон бозоридан бозорни тартибга солиш учун чиқарилганини Озодликка айтди.

Наманган шаҳри Чорсу деҳқон бозоридаги ёймачилар билан милиция ходимлари ўртасида юз берган тортишув акс этган видеони Озодликка тадбиркорлардан бири жўнатди.

Наманган деҳқон бозоридаги ёймачи аёлларнинг бозордан қувилишига қарши норозилиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00
Бевосита линк

Видеода аёлларнинг милиция ходимлари ва ҳокимлик мулозимлари билан тортишуви ва шовқин-сурон билан тунука деворни бузиб ташлагани кўринади.

Озодлик 25 июль куни деҳқон бозорида тунука деворни бузишда иштирок этгани учун милиция томонидан ушланган ва жаримага тортилган бир неча ёймачи аёл билан суҳбатлашди.

- Бу ерда шунчалик қўпол муносабат қилишяптики, чеки йўқ. Огоҳлантириш йўқ, бир кунда келиб йиғиштиринглар, деяпти. Улуғбек деган ҳоким муовини келиб, нарсаларимизни отиб юбордилар, ўзимизни тепиб ташладилар. Девор тунука йиқилиб кетганидан сўнг, мени камерага тушгансан деб туриб, уйимдан милиса олиб кетди ва кечаси соат биргача 3-сонли милисахонада ушлаб ўтирди, кейин қўйворишди. Жума куни эса сайёр суд қилиб, қарийб 800 минг сўм жарима қилишди, - дейди аёллардан бири.

Унинг иддао қилишича, Дўстлик бозоридан уларга таклиф қилинаётган жой учун пул сўралган:

- Бизга "янги бозордан жой берамиз", дейишди. Борсак бозорқўми икки метр келадиган жойга 1000 доллар ва жой учун ҳар ойлик 200 минг сўм ижара пулини олти ойлигини бир қилиб олдиндан берасизлар, деб айтди. Агар бизнинг бунча пулимиз бўлганда, ўзимиз билардик нима қилишимизни. Шароитимиз оғир, Қўқондан, Андижондан ўзимизда ишлаб чиқилган кўйлак-пўйлак олиб келиб сотиб, кун ўтиш учун тирикчилик қиламиз. Энди эса шу ризқимиздан ҳам қийишмоқда, - дейди аёлллардан бири.

Озодлик суҳбатлашган иккинчи ёймачининг фикрича, "шаҳар ҳокимлиги президент айтганларига тескари иш қиляпти":

- Президентимиз битта иш ўрни яртаган одамни бошимга кўтараман, деганлар. Бу ерда эса юзлаб одамлар ишсиз қолди. Ҳоким бизнинг дардимизни эшитмади. Биз мажбур бўлиб шу ишни қиляпмиз, бизнинг дўконимиз йўқ, ортиқча пулимиз йўқ. Эрларимиз бекорчи, ишлай деса иш йўқ. Тўғриси, бизни хўрлаворишди, қўлимиздаги ишимизни йўқ қилишди. Кечаси соат биргача беш суткага қамаймиз деб, олиб ўтиришди”, - дейди аёллардан бири.

Озодлик суҳбатлашган бошқа ёймачи аёллар ҳам, улар тирикчилигининг сўнгги манбаидан бенасиб қолгани ва янги бозордан пулга жой сотиб олиш имконсиз эканлиги ҳақида гапирди.

Озодлик ёймачиларнинг бу шикоятларига муносабат олиш мақсадида Наманган шаҳар ҳокимлиги билан боғланди.

Ўзини "ҳокимнинг котиби Боймирзаев", деб таништирган мулозимнинг айтишича, бу тадбирларнинг ҳаммаси бозорларни тартибга солиш учун амалга ошириляпти:

“Уларнинг савдосига чеклов қўйилмаяпти. Чорсу деҳқон бозори ҳудудида озиқ-овқат ва деҳқончилик маҳсулотларидан ташқари бошқа нарса сотиш тақиқланган. Бозор ичида, атрофида ноқонуний расталар, ёймачилар кўпайиб кетиб, баъзан юргани йўл қолмас эди. Шунинг учун улар Дўстлик буюм бозорига чиқариляпти, бу ҳақда Дўстлик бозорқўмига кўрсатма берилган ва уларни жойлаштириш ишлари ҳал қилиняпти”, - деди ҳокимлик мулозими.

Наманган шаҳридаги “Дўстлик” бозорининг директори Шуҳратжон Эшондадаев Озодлик билан суҳбатда, бозордан раста бериш учун ёймачилардан пул талаб қилинаётганини инкор қилди:

- Бу масалада ҳоким билан ҳар куни ўн мартадан гаплашмиз. Ҳокимимиз, Чорсу бозоридан келадиганлардан икки ой бир сўм ҳам олмайсан, дедилар. Мана, мен пирлик хонада ўтирибман, келганига бир сўм пул деб гапирмадик ҳам, сўрамадик ҳам. Ҳозир 300 дан ортиқ тадбиркорларни жойладик, яна 200 та жойимиз бор. Марҳамат, келишсин, жойларини олишсин. Икки ой ҳеч ким уларга тегмайди, кейин прейскурант бўйича ижара ҳақи тўлайди, - деди бозорқўм Шуҳратжон Эшондадаев.

Ўзбекистонда бозорлардаги расталардан ташқарида, йўлларда савдо қиладиган кичик савдогарларни маҳаллий ҳокимлик ва солиқ инспекцияси ходимлари мунтазам таъқиб қилиб келади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши, ёймачиларнинг тирикчилик манбаидан жудо қилиниши уларнинг кескин норозилиги манзарасида кечади.

XS
SM
MD
LG