Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

"Ўласи қилиб калтакланган" фермернинг қариндошлари милицияни ҳаракатсизликда айбламоқда


Яқинларининг айтишича, 27 ёшли фермер Ҳуршид Сарабеков 10 октябрь куни пахтазорда уч ҳамқишлоғи тарафидан ваҳшийларча калтаклангани ортидан шифохонага ётқизилган.
Яқинларининг айтишича, 27 ёшли фермер Ҳуршид Сарабеков 10 октябрь куни пахтазорда уч ҳамқишлоғи тарафидан ваҳшийларча калтаклангани ортидан шифохонага ётқизилган.

Сирдарё вилоят, Сардоба туман маркази - Пахтаобод шаҳарчасида "ўласи қилиб келтакланган" фермернинг қариндошлари туман Ички ишлар бўлимини ҳаракатсизликда айбламоқда.

Яқинларининг айтишича, 27 ёшли фермер Ҳуршид Сарабеков 10 октябрь куни пахтазорда уч ҳамқишлоғи тарафидан ваҳшийларча калтаклангани ортидан шифохонага ётқизилган.

Фермернинг амакиси Шерзод Сарабековнинг Озодликка айтишича, Ички ишлар бўлими "атайлаб ишни текширишни турли баҳоналар билан чўзиб келмоқда".

Сардоба тумани Ички ишлар бўлими навбатчиси Ҳуршид Сарабековнинг калтакланиши юзасидан иш очилмаганини Озодликка тасдиқлади.

Калтаклангани айтилаётган фермер яшайдиган маҳалла участка нозирининг айтишича, ҳолат юзасидан иш очиш учун экспертиза хулосаси кутилмоқда.

Фермернинг амакиси Шерзод Сарабековнинг Озодликка айтишича, калтакланиш оқибатида Ҳуршиднинг боши ёрилган, жағи синган ва гапиролмайдиган бўлиб қолган.

- 10 октябрь кеч соат 5 ларда укам пахтазаводга пахта топширгани кетаётган бўлган. Уч киши уни тўхтатиб, машинага босиб олиб кетган, "соляркадан қарзинг бор", деб пахтазорда ўласи қилиб калтаклаган. Кетмонни дастаси билан бошини ёришган. Ҳозир Ҳуршид майиб-мажруҳ бўлиб касалхонада ётибди. Калтаклаганлар ўзимизни қишлоқнинг одамлари, бензин, соляркафурушлар.

Шерзод Сарабековнинг Озодликка айтишича, улар мазкур иш юзасидан туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган, лекин мурожаатлари бесамар кетган.

“ИИБ ишни текширишни турли баҳоналар билан шу пайтгача чўзиб келяпти, уларнинг манфаатдор жойи борми дейман, булар бензинфурушлардан доля олиб туради-да. Иш очишмаяпти, укам касалхонада ўлим билан олишиб ётибди. Қани адолат, одамни ўласи қилиб калтаклашсаю милиция қараб тураверар экан-да?!

Амакисининг иддаосича, Ҳуршид Сарабековни бошини кетмон сопи билан уриб ёришган.
Амакисининг иддаосича, Ҳуршид Сарабековни бошини кетмон сопи билан уриб ёришган.

Озодлик калтакланган фермер қариндошлари иддаоси юзасидан изоҳ олиш учун Сардоба тумани Ички ишлар бўлимига боғланди.

Бўлим навбатчисининг Озодликка билдиришича, Ҳуршид Сарабековнинг калтакланиши юзасидан иш очилмаган.

Пахтаобод шаҳарчасидаги калтакланган фермер яшайдиган маҳалланинг участка нозири Шерзод Каттабеков нимага иш очилмаганини Озодликка бундай изоҳлади:

- Экспертиза хулосаси чиққани йўқ, хулосага қараб турибмиз. Менинг қўлимдаги нарса эмас-да бу. Калтаклагани гумонланаётган шахслардан тушунтириш хатларини олиб қўйганмиз. Улар ҳозир маҳаллада назоратга олинган.

Фермернинг амакиси Шерзод Сарабеков эса экспертиза хулосаси 13 октябрь куни чиққанини айтди.

- Бизга кўрсатмади, лекин 13 октябрда чиққан, милицияга берамиз дейишган хулосани. Атайлаб милиция ишни пайсалга соляпти. Аслида иш очиш учун хулоса кутиб ўтириш шарт эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил август ойидаги ҳукумат мажлисида ички ишлар фаолиятини танқид қилиб, орган ходимлари халқ учун ҳимоячи бўлган тақдирдагина улар фуқаролар орасида обрў-эътибор қозонишини айтган эди.

"Одамлар ўзини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тўла ишонч билан, авваламбор, ички ишлар идораларига, профилактика инспекторларига мурожаат қилишига, ҳар бир ходимда ўз ҳимоячисини кўришига эришиш зарур. Шундагина ички ишлар органлари халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонади", — деган эди Мирзиёев.


XS
SM
MD
LG