Хоразмнинг Гурлан туманида Мансурбек Матжонов оиласида бирваракайига туғилган уч ўғилга Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилди. Автомобил ёқилғи қуйиш шохобчасида оператор бўлиб ишлаган, АЁҚШларда қисқартиришлар сабаб ҳозир ишсиз қолган 29 ёшли Мансурбек ўтган ҳафта дунёга келган эгизакларига Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти шарафига ўғилларини шундай номлаганини айтди.
Эгизакларнинг бобоси Баҳодир ака Озодликка эгизакларнинг аҳволи яхши экани, ҳокимиятдан улар парвариши учун ёрдам кутаётганини айтди.
Баҳодир акага кўра, ўғли Мансурбек ва келини Ойшажонларнинг икки ёшли Суннатилло исмли ўғли ҳам бўлиб, энди эр-хотин биратўла тўрт ўғилнинг ота-онасига айланишди.
- Ўтган ҳафта ҳоким бува Қаҳрамон Эгамберганович (Гурлан тумани ҳокими) туман касалхонаси главврачи билан келиб кетишди, табриклаб. Унда ҳам президент порталига ёзганимиздан кейин келишди. Ёрдам беришса бўларди. Чунки учта чиқалоққа қарашни ўзи бўлмайди, - деди Баҳодир ака.
Хоразмда туғилган эгизакларга Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев шарафига исм қўйилиши илк ҳолат эмас.
Бундан аввал шу йилнинг апрел ойида Бухорода Жамшид Шодиев бирваракайига туғилган уч ўғлига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган эди.
Ўзбекистонда Ислом Каримов президент бўлган даврларда эса янги туғилган эгизакларга Ислом, Карим, Абдуғани исмларини қўйиш урф бўлганди.
Уч йил аввал Андижондаги оилалардан бирида туғилган 3 эгизак ўғилларга Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти шарафига Ислом, Абдуғани ва Каримжон деб исм берилган эди.
2013 йилда эса тўрт ўғил кўрган тошкентлик 33 ёшли Гулшан Ҳайдарова чақалоқларига Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим деб исм қўйган эди.
Ўшанда дунёга келган чақалоқларга Тошкентнинг Бектемир тумани ҳокимлиги тўртта бешик, коляскалар совға қилганди. Ҳозир Ҳайдаровлар оиласидаги Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Каримлар тўрт ёшда, боғчага боради.
- Додамиздан қолган исм ёдгорлик бўлиб қолди бизга. Чунки биз бу одамдан жуда кўп яхшилик кўрдик. Шу эгизакларни кўрганимиз учун президентимиз бизга уч хонали дом бердилар, двойняшка коляскалар бердилар, бу ёғига мана бешиклар, бола пули беришди. Ислом Каримов додамиздан қолган ёдгорликда булар энди, - дейди Гулшан опа.
Келажакда Гулшан опа ва эгизакларнинг отаси Абдуллажон Ҳайдаровлар олдида эгизакларини бир вақтни ўзида мактабга бериш, уйлантириш, ўқитиш харажатлари турибди. Ҳукумат ёрдамлари эса Ислом Каримов ўлганидан сўнг тўхтаган.
- Президентимиз қазо қилганларидан кейин бола пули тугади, ёрдамлари тугади, лекин раҳмат, ҳозирча боғчалари текин, - дейди Гулшан Ҳайдарова.
Хоразмлик Мансурбек ва Ойшажонлар ҳам Шавкат Мирзиёев қабулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилганлар, лекин ҳозирча жавоб олмаганлар.