Ўзбекистонга келин бўлиб тушган 30 ёшлардаги ўшлик аёлнинг Озодликка йўллаган 42 дақиқали аудиоҳикоясида унинг сўнгги 4-5 ойдаги ҳаёти акс этган.
Ҳайдовчи эри автоҳалокатга учраб, ярим жон бўлиб қолганидан сўнг, оиланинг бутун оғирлигини кўтариб келаётган 4 фарзанднинг онаси тақдирини уникал дейиш қийин: Ўзбекистоннинг ўзида ҳам, чет элларда, хусусан, Россияда ҳам тирикчиликнинг оғир юкини орқалаб бораётган ўзбек аёллари юз минглабдир.
Бироқ қаҳрамонимизнинг ҳикояси ана ўша - ўз ёғига ўзи қовурилиб яшаётган юз минглаб ўзбек аёлларидан бири ҳаёти ҳақида тасаввур яратувчи ёрқин ҳужжатдирки, уни Сиз тингловчи эътиборига ҳавол қилишга қарор қилдик.
Аслида, Воронеждан келган бу аудиоҳикоя эшиттириш учун мўлжалланмаган. У Озодлик мухбирига қилинган ҳасрат, ёрдам сўраб ёзилган хат эди.
Исмини ҳам суриштирмаганимиз аёлдан у жўнатган аудиони эфирдан эшиттиришга, сайтимизда эълон қилишга рухсат олдик.
Whatsapнинг микрофонини очиб, гапиришни бошлаш олдидан аёл оиласи билан сўнгги 8 йилдан буён Россиянинг Воронежида яшаётгани, турмуш ўртоғи 5 йил таксичилик қилгани, ўтган йили аварияга учраб, ногирон бўлиб қолгани тўғрисида ёзди.
Эр, аварияга учрагач, Воронежда даволаниш қимматга тушишини билиб, оиласини олиб Ўзбекистонга кетади. Аёл эрининг қайси вилоятдан эканлигини айтмаган. Биз эса, қўшимча сўрамадик.
Аёлнинг айтишича, уларнинг Ўзбекистонда уйи йўқ, эри туғилиб ўсган уйда овсини оиласи билан яшайди. Шундай бўлсада, бир амаллаб, овсиннинг уйига сиғишди, бир қиш чиқаришди. Лекин қишдан чиқиш қийин бўлди.
- Кўмир топсак ўтин йўқ, ўтин топсак, кўмир йўқ. У ёқда қиш чиқариш қийин экан, пулингиз бўлмаса, бир жойда ишламасангиз, дейди аёл.
Бундан ташқари, қаҳрамонимиз қирғизистонлик бўлгани, Ўзбекистон фуқаролигига ҳануз қабул қилинмагани учун қўшимча мушкулликларниям бошидан кечиришга мажбур бўлди.
- Ишлай десам, Қирғизистон фуқароси бўлганим учун Ўзбекистонда ҳеч қаерга ишга олишмас экан. Ҳар 55 кунда Ўзбекистондан чиқиб, қайтиб киришга, 5 доллардан тўлаб пропискага туришга мажбур бўлдим, ниҳоятда қийналиб кетдик, дейди қаҳрамонимиз.
Эр бироз ўзига келиб қолгач, оила яна Воронежга қайтади. Қайтгувчилар эса, ҳаммаси бўлиб 6 киши: эр-хотин ва уларнинг 4 фарзанди.
- Қизим 12 га кирди. Ундан кейинги икки ўғлимга ҳали суннат тўйи қилганимиз йўқ. Кичигим 2 ёшда, дейди аёл.
Воронежга қайтгач, эри оғир иш қилолмайдиган, демакки, пул тополмайдиган бўлиб қолган аёл, ўйлай-ўйлай, уйда овқат пишириб, бозорчиларга сотишга қарор қилади. Аввалига иши юришавермайди. Овқатини биров олай демайди. Лекин, секин-аста ўзининг мижозлари пайдо бўлади. Бинобарин, кундалик юмуши ҳам кўпаяди.
- Бозорда 30-40 порция овқат сотиб, уйга қайтаману, магазинга чиқиб кетаман. 10 кило сабзи, 5 кило пиёз оламан. Картошка оламан, гуруч оламан. Уларни кўтариб келиб, эртагалик овқатларнинг масаллиғини тайёрлайман. Нон пишираман. Салат тайёрлайман. Шу ишлар билан кечаси 11, 12 бўлиб кетади. Эрталаб эса, 4, 4,5 ларда тураман овқат пиширишни бошлаш учун, дейди аёл.
Шундай қилиб, оила турмушига бироз файз кира бошлади, кунига 1000 рублдан “қора кун”га ташлаб қўйиш имкони пайдо бўлди...
...ва кутилмаганда муаммолар бошланди. Аёлнинг йўлига таъмагир мелиса – бозорнинг участковойи, кейин эса, унинг ҳамтовоқлари – овқат сотувчи пули кўп кафелар эгалари тўсиқ бўлди.
Аёлнинг Озодликка мурожаат қилишидан мақсади - шу муаммони ҳал қилишга ёрдам сўраш эди.
Унинг аудиоҳикоясини диққат билан тинглаб, Озодлик мухбири, тўғриси, қандай ёрдам беришни ўйлаб, ўйига етолмади. Участковой билан боғланиб, унга берадиган саволнинг ўзи йўқ: шаклан у ўз вазифасини бажарган. Аёлнинг “участковой зўравонлик қилди” деган иддаосига эса, асос бўлувчи ҳужжат йўқ.
Ўйлай-ўйлай, аёлнинг ҳикоясини, ўзининг рухсати билан Сиз тингловчи эътиборига ҳавола қилишга қарор қилдик.
Балки, унга маслаҳатни, ҳатто конкрет ёрдамни Сиз берарсиз? Агар ёрдам бермоқчи бўлсангиз, Озодлик билан боғланинг.