Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:17

Юрист: Пенсиянинг "ортиқчасини" ёши 65 га 1 январгача тўлганлар қайтармайди


Президент Мирзиёевнинг 29 декабрда кучга кирган фармонида пенсионерлар учун муҳим янгилик бор: ёши 65 га 2018 йилнинг 1 январигача тўлган пенсионерлар, агар уларга ортиқча пенсия тўлангани аниқланган бўлса, пенсиянинг ўша ортиқча қисмини бундан буён давлатга қайтармайди. Айни пайтда, ҳужжатнинг яна бир жойида пенсионер ортиқча пулни кейинги 3 йил учунгина тўлаши айтилган.​

Президент Мирзиёевнинг “Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг айрим тоифаларига қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони моҳиятини оддий ўқувчи дабдурустдан тушуниши қийин. Шунинг учун ҳужжат тилини “оддий ўзбекчага таржима қилиб беришини” Озодлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳуқуқшуноси Акмал Акбаровдан илтимос қилди.

Озодлик: Марҳамат қилиб, пенсионерларнинг қайси қатлами ортиқча тўлангани айтилаётган пулни тўлашдан озод қилинишини айтиб берсангиз?

- Билсангиз керак, Пенсия жамғармаси туман бўлимлари томонидан пенсионерларга ортиқча пенсия тўлаш ҳолатлари мавжуд. Бундай ҳолатлар КРУ (Назорат-тафтиш бошқармаси – таҳр.) томонидан текширувлар чоғида ҳам аниқланган. Президент фармонига биноан ёши 65 га кирган ва бу ёшдан катта пенсионерлардан, агар уларга ортиқча пенсия тўлангани аниқланган бўлса, ўша ортиқча қисмидан воз кечилади. Яъни бу пенсионерлар бундан буён пенсиясидан қайтармайди.

Озодлик: Демак, ёши 65 га тўлмаганлар, агар уларга ортиқча тўлангани аниқланган бўлса, ўша ортиқча қисмини қайтараверади?

- Ҳа, Президент фармонида 65 ёшга тўлган ва ундан катталар назарда тутилмоқда. Ёши 65 га тўлмаганлар пенсиясидан 10 – 15 фоиздан ушлаб қолиш давом этмоқда. Ёши 65 га тўлган ва ундан катталар пенсиясидан ушлаб қолиш тўхтатилади ва воз кечилади.

Озодлик: Пенсия ортиқча тўланган ҳар қандай пенсионердан ёши 65 га тўлиши биланоқ ортиқчасини чегириб қолиш тўхтатиладими? Масалан, 2018 йилнинг мартида 65 га кирса?

- Йўқ. Президент фармонига биноан ортиқчани ушлаб қолиш 2018 йил, 1 январгача 65 ёшга тўлганларгагина тадбиқ қилинади. Ёши 65 га 2018 йил, 1 январдан кейин тўладиганлар, агар уларга ортиқча пенсия тўлангани аниқланган бўлса, ортиқчаси пенсиясидан ушлаб қолинаверади.

Озодлик: Яна бир гап: Фармонда бундан буён пенсионер ортиқча тўлаб юборилганини тан олмаса ёки уни қайтаришга рози бўлмаса, мазкур иш судларда кўриб чиқилиши ҳамда қарздорликни ундириш суд қарори асосида амалга оширилиши айтилаяпти. Шуни ҳам тушунтириб берсангиз?

- Агарда ортиқча тўлангани аниқланадиган бўлса, Фуқаролик кодексининг 150- моддасига биноан иш кўрилади. Унда даъво муддати 3 йил қилиб белгиланган. Шу пайтгача КРУ 10 йил, 15 йил орқага қайтиб ортиқча тўланган пулни ҳисоблаб келаётган ва пенсионерлардан ундириб олинаётган эди. Натижада пенсионер давлатга қайтариши лозим сумма катта миқдорда бўлиб кетаётган эди. Эндиликда эса, Фуқаролик кодексида белгилаб қўйилган 3 йиллик даъво муддати амал қилади. Агар пенсионер шунгаям норози бўладиган бўлса, масала белгиланган тартибда суд орқали ҳал қилинади. Шу пайтгача қонунда белгилаб қўйилган 3 йиллик даъво муддати қўлланилмаган ва натижада баъзи пенсионерлар давлатга қайтариши керак бўлган пул 10 – 15 миллион сўмга етган. Муҳими, пенсионерга ортиқча пул тўлангани аниқланса, у сўнгги 3 йилда олганинигина, ўшанда ҳам ўзи рози бўлса қайтаради. Рози бўлмаса, масалани суд кўриб чиқади.

Озодлик саволларига Озодлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳуқуқшуноси Акмал Акбаров жавоб берди.

Қарийб 6 йил олдинги гаплар

Назорат-тафтиш бош бошқармасининг 2010 йил декабрдан бошлаган суриштируви натижасида 150 млрд.сўмдан ортиқ пенсия нотўғри тўлангани аниқлангани тўғрисида Озодлик 2012 йилнинг мартида хабар қилган эди.

Ўша материалда мана бундай дейилган:

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Назорат-тафтиш бош бошқармасининг 2012 йил 1 январгача олиб борган суриштируви натижасида аниқланишича, республика Пенсия жамғармаси ҳисобидан 150 миллиард 500 миллион сўм (қарийб 106 миллион АҚШ доллари) пенсионерларга ортиқча тўланган.

Комиссия берган маълумотларда ҳозирга қадар мамлакатда мавжуд ҳаракатдаги пенсия ишларининг 35 фоизи текшириб чиқилгани айтилган.


Бу ҳақда 12.uz нашри берган хабарга кўра, текширилган пенсия ишлари орасида 73 фоиздан ортиқроқ қонунбузарлик пенсиянинг қалбаки ҳужжатлар асосида ортиқча тайинланганидан иборатдир.

Республика Пенсия жамғармасининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган мутасаддисига кўра, текширув натижасида архив ҳужжатлари ва пенсионерлар тақдим қилган ҳужжатлар орасида каттагина фарқ аниқланган.

- Бу, асосан, мустақиллик даврида қалбакилаштирилган ҳужжатлар ҳисобига бўлмоқда. Мисол учун, пенсионер 100 сўм ойлик олгани архив ҳужжатларда кўрсатилган. Лекин, пенсия учун топширилган маълумотномада 200 сўм қилиб кўрсатилган, - деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган Пенсия жамғармаси мутасаддиси 2012 йилнинг мартида. Озодлик ўша вақтда масалани атрофлича ўрганишга ҳаракат қилган ва мақола ёритган эди.


XS
SM
MD
LG