Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:31

Тошкент цирки ходимлари артист ҳайвонларнинг очликдан силласи қуриётганини даъво қилди


Uzbek circus animals, Tashkent
Uzbek circus animals, Tashkent

Тошкентдаги Ўзбек Давлат Циркининг ходимлари ем-ҳашак ва озуқа йўқлиги сабаб артист ҳайвонлар "кун сайин озиб, ўласи ҳолга келгани" борасида Озодликка ташвиш билдирди. Бу ҳолат шу йилнинг август ойида Тошкент циркида йўлбарс ва шер "Малла" лақабли маймунни еб қўйгани ортидан кузатилмоқда. Лекин, цирк раҳбари Рустам Мажидов ​ҳайвонларнинг оч-ночор қолаётгани ҳақидаги иддаоларни ҳам, йўлбарс ва шер маймунни еб қўйганини ҳам рад қилди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Тошкент циркининг исми очиқланмаслигини сўраган ходими давлат тарафидан маблағ ажратилаётгани ва қўйилган томошалардан катта даромад кўрилаётганига қарамай ҳар куни 7-8 кило гўшт ейиши керак бўлган шер ва йўлбарсларга ҳафтада бир ёки икки марта озуқа берилаётганини айтди.

Бир боғ бедани 10-15 та ҳайвонга бўлиб биришади, йиртқич ҳайвонларга, яъни шер, йўлбарс ва бўриларга бир ҳафтада бир марта гўшт биришяпти, шунда ҳам жуда чекланган миқдорда. Аслида битта шер кунига 7-8 кг гўшт ейиши керак. Булар артист ҳайвонлар, уларга махсус ветеринар врач тасдиғидан ўтган гўшт берилиши керак. Бу боришда давлат цирки артист ҳайвонларисиз қолиб кетиши мумкин”, - - дейди циркнинг исми очиқланмаслигини сўраган ходими.

Тошкент Давлат Циркининг Озодлик суҳбатлашган бошқа бир ходимлари ҳам ҳайвонлар вазни йўқолиб бораётганини тасдиқлади.

Йўлбарслар мушукдай бўлиб қолган. Олдинги суратлари билан солиштирсангиз жуда билинади. Мен паррандаларга қарайман, гўшт бериляптими йўқми билмайману, лекин йўлбарс ва шерлар анча вазн ташлаган”, - дейди циркнинг исми очиқпанмасилигини сўраган ҳайвон ўргатувчиси.

Тошкент циркидаги шер.
Тошкент циркидаги шер.

Озодликка юборилган суратларда йиртқич ҳайвонларнинг ўта ночор аҳволдалигини кўриш мумкин.

Аммо, Ўзбекистан Давлат Циркини вақтинча бошқараётган Рустам Мажидов ҳайвонларга вақтида озуқа берилмаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

- Ҳайвонларни боқишга давлатдан пул оламиз, ҳеч қанақа муаммо йўқ. Комиссия ҳам келиб ҳайвонларни текшириб кетган, камчилик бўлмаган, - дея гапни қисқа қилди Мажидов.

Озодликнинг циркга кириб ҳайвонларни аҳволини кўздан кечириш ва тасвирга олиш сўровига эса Мажидов ёзма ариза билан мурожаат қилиш зарурлигини айтди.

Шу йилнинг август ойида Озодлик Тошкент циркида йўлбарс ва шер “Малла” лақабли маймунни еб қўйгани ҳақида хабар берган эди.

Маймун йўлбарс ва шер турган хонада алоҳида катакда сақланган.

Лекин, цирк раҳбари Рустам Мажидов бу хабарни ҳам рад қилди.

Рустам Мажидов циркнинг собиқ директори, ИИБ томондан цирк мол-мулкини талон-тарож қилганликда гумонланиб қидирувга берилган Баҳром Мажидовнинг укасидир.

Ҳайвонлар циркда аянчли аҳволда сақланиши айтилади.
Ҳайвонлар циркда аянчли аҳволда сақланиши айтилади.

Циркнинг исми сир қолишини истаган бошқа бир ходими Баҳром Мажидов раҳбарлиги даврида ҳам циркдаги ҳайвонларнинг белгиланган меъёр бўйича мол гўшти билан эмас, балки эшак гўшти билан боқилганини айтади.

"Мол гўшти ўрнига уч баравар арзонга эшак гўшти олиб беришган. Ҳужжатларда эса мол гўшти, деб расмийлаштириб келишган. Циркда қанча ҳайвон бор, ўғирлик миқдорини тасаввур қилаяпсизми? Бундан ташқари Мажидов чет давлатларни циркига акробатларни муддатли ишлашга жўнатиб, шартномада берилиши керак пулларни ҳам талон-тарож қилган," дея иддао қилди Озодлик гаплашган цирк ходими.

Тошкент циркидаги йўлбарслар.
Тошкент циркидаги йўлбарслар.

Айни пайтда атроф-муҳит ҳимоячилари циркларда ёввойи ҳайвонлар иштирокида томошалар қўйишдан воз кечиш ва уларни қийнамасликни ёқлаб чиқмоқда.

Тошкентдаги Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти фаоли Татяна Далматова циркларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланишни давлат томонидан тақиқлаш кераклигини айтади.

"Циркларда ҳайвонларга ёмон муносабатда бўлиниши, намойишларга ўргатиш учун уларнинг қийноққа солиниши, цирк қафасларида умрини ўтказиши, устига-устак етарли таом берилмаслигига тоқат қилиб бўлмайди. Бу нафақат Тошкент циркидабошқа давлатлар циркларида ҳам бор. Менимча циркларда ҳайвонлар томошасидан воз кечишимиз керак", - дейди Далматова.

Тошкент циркининг илк биноси..
Тошкент циркининг илк биноси..

Тошкентдаги циркга 1914 йилда асос солинган эди.

Циркнинг илк биноси 1966 йилда Тошкентда рўй берган зилзила оқибатида вайрон бўлганидан сўнг Ҳадра майдонида янги цирк биноси қурилганди.

Тошкент циркининг ҳозирги биноси.
Тошкент циркининг ҳозирги биноси.

1991 йилда Ўзбекистон мустақил бўлгач¸ цирк биноси қайта таъмирланди.

Тошкент давлат цирки ўзбекистонлик дорбозлар сулоласи асосчиси Тошкенбой Эгамбердиев номи билан аталиб келинади.

XS
SM
MD
LG