Ўзбекистон Маданият вазирлигининг масъул мулозими Тошкентдаги Ўзбек давлат циркидаги вазиятни вазирлик назорат қила олмаётганини эътироф этди. Исми ошкор этилишини Озодликка гапирган вазирлик мулозимига кўра, ўзбек циркида "вазият ўта абгор, цирк биносининг ички қисми ахлатга тўлиб кетган, ходимлар орасида муносабатлар таранг".
7 ноябр куни Озодлик Тошкент циркида артист ҳайвонлар "кун сайин озиб, ўласи ҳолга келган"и ҳақида хабар берган эди.
Вазирлик мулозимининг айтишича, 8 ноябр куни Маданият вазирлигида бўлиб ўтган мажлисда циркдаги вазият мухокама қилинган ва "бундай цирк бизга керакми?" деган савол ўртага ташганган.
Унинг қўшимча қилишича, Озодлик ёритган муаммо "пирамиданинг учи" холос.
- Ҳозир сизлар пирамиданинг бир учини кўряпсизлар. Аслида ўзбек циркида вазият бундан-да абгор. Ҳозир масала шундай қўйиляптики, бу цирк бизга керакми, йўқми? - деди Маданият вазирлигининг масъул мулозими.
7 ноябр куни Озодлик билан суҳбатба бўлган цирк ходимлари давлат тарафидан маблағлар ажратилаётгани ва томошалардан катта даромад кўрилаётганига қарамай цирк ҳудуди ахлатга тўлиб тошгани, ҳайвонлар қаровсиз қолиб кетаётгани ҳақида шикоят қилишган эди.
- Цирк ахлатхонага айланган. Тезак ҳидидан ишлаб бўлмайди. Икки йил олдин бошлиғимиз ҳамма дрессировшикларни бўшатиб юборди. Ҳайвонларга қарайдиган одам йўқ, уларга овқат ҳам берилмайди, таги ҳам тозаланмайди.Қаровул ҳайвонларга онда-сонда қараб туради, лекин ҳайвонлар озиб ўласи ҳолга келиб қолган, - деди циркнинг исми очиқпанмасилигини сўраган ходими.
Озодликка юборилган суратларда цирк ҳудудида ахлатлар йиғилиб қолгани, йиртқич ҳайвонларнинг ўта ночор аҳволдалигини кўриш мумкин.
Сентябр ойида циркда дельфин томошасига деб 100-150 минг сўмдан билет сотилган, лекин томоша бўлмаган, цирк одамларни пулини қайтариб бера олмаяпти.
- Ҳар куни цирк биноси олдида жанжал. Одамлар пулини сўраяпти, - дейди йирк ходими.
Аммо, Ўзбекистан Давлат Циркини вақтинча бошқараётган Рустам Мажидов дельфин томошаси бўлишини айтди, ҳайвонларга вақтида озуқа берилмаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.
- Техник муаммолар бўлганди, шунинг учун кечикди, лекин дельфин томошаси албатта бўлади. Энди циркдаги аҳволга келсак, ҳаммаси яхши, давлатдан пул оламиз, ҳеч қанақа муаммо йўқ, - дея гапни қисқа қилди Мажидов.
Озодликнинг цирк ҳудудидаги аҳволини кўздан кечириш ва тасвирга олиш сўровига эса Мажидов ёзма ариза билан мурожаат қилиш зарурлигини айтди.
Рустам Мажидов циркнинг собиқ директори, ИИБ томондан цирк мол-мулкини талон-тарож қилганликда гумонланиб қидирувга берилган Баҳром Мажидовнинг укасидир.
Циркнинг исми сир қолишини истаган бошқа бир ходими Баҳром Мажидов раҳбарлиги даврида ҳам циркдаги ҳайвонларнинг белгиланган меъёр бўйича мол гўшти билан эмас, балки эшак гўшти билан боқилганини айтади.
Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган масъул мулозими "қандай қилиб циркнинг жиноий қидирувда бўлган собиқ раҳбарининг укаси уни ўрнига раҳбар этиб тайинланганини биз тушунолмаяпмиз", - деб таъкидлади.
Тошкентдаги циркга 1914 йилда асос солинган эди.
Циркнинг илк биноси 1966 йилда Тошкентда рўй берган зилзила оқибатида вайрон бўлганидан сўнг Ҳадра майдонида янги цирк биноси қурилганди.