Эътиборингизга ҳавола қилаётганим қуйидаги сал узунроқ матндан фавқулодда интрига изламанг. Бинобарин фавқулодда хулосалар ҳам топмаслигингиз мумкин. Топмайсиз, демаяпман, лекин. Тополмаслигингиз мумкин, деяпман.
Ўқийдиганигиз матн уканинг опа билан бир-икки кунлик мулоқоти баёни, холос. Лекин унда Замоннинг "бармоқ излари" бор...
Яқинда Ўшдаги Опам билан ватсаплашдим.
“Марғилонликлар келди”, деб ёзди Опам.
“Худо сабр берсин”, деб ёздим мен. Марғилонликлар – жиянимиз Нигораю унинг ҳозирча Ернинг тортиш кучи қонунидан хабарсиз икки “бандит” ўғли. 4 га кирган каттаси сўритокнинг устида юрган пайтда 3 га кирган кичиги қўлидаги бодринг қолдиғини акасининг кўзини мўлжаллаб отади.
Ўтган йилги таътилда Ўшдайдим. Ўшандаям келишган. Паспорти Россияники бўлганийчун бемалол келаверарди Нигора. Ўшандан бери чегара очилиб, паспортнинг фарқи қолмади.
Ўтган йили келишганда, Нигоранинг катта бандитини томдан, мўрига шўнғиётган еридан ушлаб, олиб тушгандим. Мўриполвонни энди ғадаблаб турсам, аяси бирдан дод деворди: кичик бандит қўлини қозонга соливопти. Яхшиям ёғ эндигина исий бошлаган экан.
- Бошқа меҳмонлар ҳам бор, ҳозир, - дедию Опам тилпонининг камерасини ёқди. Ҳаваскор блогер Опам дастурхони атрофида ўтирган, келинчак дейишга кеч, келинбуви дейишга эрта икки аёлни кўрсатаркан, “меҳмонларимиз, Нигора қизимизнинг Марғилондаги опалари”, деди.
Қайин эгачилари шекилли, деб қўйдим ичимда.
Қора кўзойнакларини бошларига қўндирволган эгачилар.
“Ассаломалайкум”, дейишди.
Ваалайкум ассалом.
Бу пайтда блогер Опашкам камерасини ошхона томонга каратди. У ерда яна бир аёл кўринди.
- Келинийз келдими Россиядан,- сўрадим Опамдан.
- Йуқ, у қиз ҳам Марғилондан,- дедию камерани ўчирди.
“Қутлуғ бўлсин”, деб ёздим Опамга.
Ўғиллари бола-чақасини олиб Россияга кетганидан бери деярли ёлғиз, ёши 70 га етай деб қолган Опам киноямни дарров илғади.
“Йўқ, қийналмаяпман”, деб ёзди.
“Бошмалдоқ”ни жўнатдим.
Жавобига “Табассум” келди.
“Кечаси кетишар экан”, деб ёзди Опам беришим мумкин бўлган саволни кутиб ўтирмай.
Савол аломати учди мендан Опамга.
“Ўшдан шоколад конфет олиб кетишар экан сотгани, кундузи кетишса, эриб кетар эмиш”, деб ёзди метиндай имло интизомига ҳатто Ватсап путур етказолмаган Опам. “Шоколад конфет”ни “шикалат кампит”, деб ёзиш Эгачим учун 159-моддадагидан кўра оғирроқ жиноятдир.
“Ҳааа, - деб ёздим жавобан, - майли меҳмонларийзга қаранг”.
“Бўпти ука, тинч бўл”.
***
“Меҳмонларни кузатволдийзми, қийналмадийзми”, деб ёздим эртасига.
“Қийналмадим. Овқатларни ўзлари қилишди”.
Савол аломати учди мендан Опамга.
“Ёрдамчиси бор экан. Ўша қиз қилди”. Опам учун ўзидан ёшроқ жувонларнинг ҳаммаси - қиз.
“Ёрдамчиси?”
“Ҳа. Ёлғизлгимни кўриб, “3-4 кунга ташлаб кетайликми”, дейишди”.
“Ким деди?”
“Ҳалиги иккитаси. Кеча кўрсатдимку, телефонда. Дастурхонда ўтирганлар”.
“Кимни ташлаб кетишмоқчи?”
“Ёрдамчисини. Овқат қилди, ҳовлини супурди”.
“Уям Марғилондан келганми?”
“Ҳа, учаласи келибди шоколадга. Яхши қиз экан”.
“Ким?”
“Ёрдамчиси. Кечқурун ҳалиги икки шеригини массаж ҳам қилиб қўйди?”
“Йўғе?”
“Рост. Роса ҳам яхши қиз экан. Кечгача “нима ишингиз бор, хола?” деб сўрайвериб мени роса хижолат килди”.
“Хизматкорийканда”
“Қўй¸ унақа дема!”
“Нега?”
“Уят бўлади”.
“Қоласан, дейишса, қолаверарканми Ўшда?”
“Билмасам, шунақа дейишдию. Лекин ҳалиги иккаласи ҳамма ишни буюраверар экан бу қизга”.
“Эри бораканми?”
“Кимни?”
“Ўша ёрдамчи қизнида”
“Бор экан. Битта ўғлиям бор эмиш”.
“Тушунмадим”.
“Мен ҳам тушунмадим, ука”.
Опамнинг шу ёзувидан кейин иш билан машғул бўпқолдим. Бир пайт телефонни очсам, янги ёзув турибди.
“Тирикчиликда энди, ука”.
“Нигораям кетдими бандитлари билан?”
“Йўқ яна уч кун туриши мумкинку учётга турмай”.
“Яхшиям бир ой қип қўймаган экан”, деган ёзувга “табассум”ни илова қилиб, алоқадан чиқдим.
Ишдан кейин уйда Ватсапга кирсам, Опамдан мана бу хабар кепти:
“Қўй, унақа дема, ука, уят бўлади. Нигорагаям қийин – онасиям, эриям Россияда ахир! Боя Марғилон билан гаплашдим. Қайнонаси билан. Гапининг мазмунидан невараларининг тўполонидан чарчаган кўринди. Келинингиз болалари билан бир-икки ҳафта Ўшда турсин, дедим. Рози бўлди. Эртага эрталаб Нигорани учётга қўядиган жойга олиб бораман. Туриб қўйсин учётига. Кетаётганда хафа қилиб қўйишмасин яна”.
Бу хабар ортидан яна бир хабар турибди:
“Вой, ука, қаерда ўзи ўша учётга оладиган жойи, билмайсанми?”
“Билмайман”, дедим ўзим ёлғиз уйда овоз чиқариб. Телефонни ўчириб, компьютерни ёқдим.