Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:31

Нью-Йоркда террор уюштирган Сайфулло Соипов умрбод қамоққа ҳукм қилинди


Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб борган Сайфулло Соипов 35 ёшда.
Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб борган Сайфулло Соипов 35 ёшда.

АҚШ Адлия департаментининг маълум қилишича, 13 март куни Нью-Йорк шаҳрида террор ҳаракатини амалга оширганликда айбдор деб топилган Сайфулло Соипов АҚШ федерал суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

АҚШ федерал судьяси жорий йилнинг 26 январь куни асли ўзбекистонлик Сайфулло Соиповни беш йил муқаддам Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен мавзеида велойўлакда одамларни юк машинаси билан уриб юборганликда айбдор деб топган ва ҳукм март ойида эълон қилинишини билдирганди.

Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб борган 35 ёшли Сайфулло Соипов қотиллик, одам ўлдиришга қасдланганлик ва “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига моддий ёрдам кўрсатганлик каби жами 28 модда бўйича айбдор деб топилган.

2017 йилнинг 31 октябрида содир этилган ҳужум оқибатида саккиз киши нобуд бўлган, яна 12 киши жароҳат олган эди.

Ўшанда Соипов ҳужумни ижарага олинган юк машинасида амалга оширган. У Нью-Йорк марказидаги кўчада ёппасига 20 кишининг устига юк машинасини ҳайдаган эди. Жароҳатланганлар орасида тана аъзоларидан айрилган, руҳан ва жисмонан ногирон бўлиб қолганлар бор.

Reuters ахборот агентлиги 26 январь куни айбдор деб топилган Сайфулло Соиповга нисбатан ҳакамлар ҳайъати 6 февраль куни ўлим жазосини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиши кутилаётганини ёзганди.

Президент Жо Байден маъмурияти ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори эканини расман билдирган. Шунинг учун ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси тўғрисида қарор чиқарса бу Жо Байден бошқаруви чоғида федерал даражада илк ўлим ҳукми бўлиши мумкин эди.

Соиповнинг адвокатлари суддан Нью-Йорк прокуратурасини ўз мижозига нисбатан ўлим жазосини талаб қилиш имкониятидан маҳрум қилишни сўраган.

Нью-Йоркдаги қонли ҳужум ортидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Сайфулло Соиповни ўлимга ҳукм қилишни талаб қилган эди.

Нью-Йорк шаҳрида содир этилган ҳужумда олти нафар хорижлик сайёҳ ва икки нафар америкалик ҳалок бўлган эди. Аввалроқ судда Соипов қилмишидан пушаймон эмаслиги ва имкон қадар “кўпроқ” одамни ўлдирмоқчи бўлганини айтган.

Ҳибсга олинганидан кейин Соипов ҳужумни амалга оширишга ИШИД видеолари илҳомлантирганини эътироф этган.

Асли тошкентлик Сайфулло Соипов 1988 йил 8 февралда туғилган. У 2010 йили 21 ёшида Green Card лотереясида ютиб олгани ортидан АҚШга бориб, бир қанча штатда истиқомат қилган. АҚШдаги танишлари Соиповни радикал исломчи эмас, молиявий муаммолари бор тажовузкор йигит деб таърифлашган.

Тошкентдаги Соиповлар оиласи, иддаоларга кўра, у ўзига тўқ ҳисобланган ва умуман диндор бўлган эмас. Соипов АҚШга жўнаб кетишдан олдин 2005−2009 йилларда Тошкент Молия институтида таълим олган.

Олийгоҳни тамомлагач, АҚШга кетгунига қадар, Тошкентдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган. У Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG