Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:24

Путин жонли эфирда: Асосий эътиқодим - ëлғон гапирмаслик!


7 июнь куни Владимир Путин яна бир марта Россия халқи билан жонли мулоқотга ўтказди.

16-маротаба ўтган тўғридан-тўғри эфирда Россия президенти одамлардан келаётган саволлар, таклиф-мулоҳаза, арз ва шикоятларига жавоб берди. Ташкилотчилар мулоқот давомида одамлардан 2,3 миллион мурожаат келиб тушганини билдирди.

Бу мулоқотни жонли эфирга узатган “Россия” телеканали журналистлари уни яна “йилнинг энг муҳим ҳодисаси” сифатида тақдим этди.

Саволларнинг асосий қисми - пенсия ёшининг оширилиши, қашшоқлик ва камбағаллик, бензин нархи ва солиқлар ҳажми оширилаётгани, соғлиқни сақлаш ҳамда санкцияларга бағишланди.

Бу йилги дастурда Владимир Путин айрим минтақа раҳбарларини ўз ҳудудига оид саволларга жавоб беришга тортди.

Тўғридан-тўғри мулоқот давомида Россия раҳбарига ëқимсиз ва оғир саволларнинг асосан СМС шаклида юборилгани кузатилди. Келиб тушаётган саволларнинг айримлари дастурнинг махсус сайтида чоп этилди.

Айни кунларда россияликлар орасида кенг муҳокама қилинаëтган пенсияга чиқиш ёшининг оширилиши масаласида берилган саволга Путин:

- Бу масалага жуда эҳтиёткорлик ва синчковлик билан қарайман. Ҳукуматимиз олдида қўйилган асосий савол – аҳолимиз даромадларини ошириш. Яна бир масала- қашшоқликда яшаётган одамлар сонини икки баробарга камайтириш, дея аниқ жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Санкциялар бекор қилинадими?

7 июнь кунги жонли мулоқот давомида Владимир Путинга Россияга нисбатан жорий қилинган Ғарб санкциялари тўғрисида ҳам саволлар берилди.

Бу мавзуда гапирган Путин¸ айрим Ғарб давлатлари санкцияларни бекор қилиш ҳақида гапира бошлаганини билдирди.

- Бизнинг Ғарбдаги ҳамкорларимиз санкциялар билан тўқнаш келишини ўйлаб кўрмаган эди. Аммо АҚШнинг пўлат ва алюминийга киритилган божлари – санкциядир. Аслида АҚШ ўз ҳамкорларига қарши санкциялар жорий этди, деди барча давлат раҳбарларини музокараларга чақирган Владимир Путин.

Бензин нархи оширилди

Владимир Путин жонли мулоқот давомида июнь бошларида бензин нархининг кўтарилганини ҳам изоҳлашга мажбур бўлди.

“Солярка литри 45 рублга кўтарилди, яна қанча чидайлик бунга? 18 март куни бутун мамлакат сизга овоз берганди, сиз бўлса бензин нархи оширилиши тўхтата олмаяпсиз”, дея берилган саволга у нархларнинг оширилишини “нефт экспортини рағбатлантирувчи солиқ манёври” ўлароқ баҳолади:

- Тўғри айтасиз, Алексей, бу нарсага йўл қўйиб бўлмайди. Тан олиш керак - бу энергетика соҳасидаги нотўғри бошқарув натижаси, деди Путин ҳукумат бензин нархининг бундан сўнг ошишига йўл қўймаслигини ваъда берган президент.​

Украина масаласида

Жонли мулоқот давомида Кремль раҳбари мамлакатдаги ички вазият баробарида¸ халқаро муносабатлар аҳволига оид саволларга ҳам жавоб берди.

Хусусан¸ Путин Украина ҳукуматини жорий ой Россияда бошланадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати пайтида россияпараст сепаратчилар назоратидаги шарқий ҳудудларга ҳужум қилиш оқибатидан огоҳлантирди:

- Мен бундай фитна бўлмаслигига умид қиламан. Агар бўлса¸ бу украин давлатчилиги учун жуда оғир оқибатларни келтириб чиқаради¸ дея таҳдид қилди Путин 7 июнь кунги баëнотида.

Шунингдек Путин Россия ҳукуматининг Украина шарқида тинчлик ўрнатишга қаратилган Минск тинчлик келишувига содиқ эканини иддао қилди ва бу келишувнинг ишламаëтгани учун Киев ҳукуматини айблади.

Қочқинлар ва Россия гражданлиги масаласи

Украина Шарқидаги жанговар ҳаракатлардан қочган ва Россияда гражданлик ололмаётганлар масаласида Россия президентидан “саноқсиз ва қиммат турадиган ҳужжатлар йиғиш”ни бекор қилиш сўралди.

- Украинадан келган қочқинларнинг ишга жойлаштириш билан боғлиқ муаммо борлигини тинглаб, ноқулай аҳволга тушаяпман. Улар оғир ҳаётий вазиятда ва улар бизга бегона эмас. Биз Россия қонунчилиги бу масалада либераллашиши керак, леб ўйлайман, дея баёнот берди Путин.

У Россия ватандошлигини олиб, кўчиб ўтиш истагида бўлган Украина ва собиқ СССР давлатлари гражданларига енгиллик яратиш кераклигини маълум қилди.

Путиннинг фикрича, Россия гражданлигини “миллий ва диний мансублиги нуқтайи назаридан қатъий равишда” – “рус олами билан боғлиқ, рус тилини билувчи, Россияда ишлашни хоҳловчилар” олиши керак.

Бу йилги мулоқотда ҳукумат аъзолари ва губернаторлар ҳам иштирок этди
Бу йилги мулоқотда ҳукумат аъзолари ва губернаторлар ҳам иштирок этди

Режиссёр Сенцов озодликка чиқариладими?

Жонли мулоқот давомида Путинга Россия қамоқхонасида 24 кундан бери очлик акциясини давом эттираётган украиналик кинорежиссёр Олег Сенцов тақдири хусусида ҳам саволлар берилди. Путин Сенцовни Украинада қўлга олинган журналист Кирилл Вишинскийга алмаштириш масаласи кўрилмаётганини билдирди.

Россия махсус хизматлари кинорежиссёр Олег Сенцов ва Александр Кольченкони 2014 йилнниг май ойида Қримда қўлга олган эди. Улар Россия томонидан Қримда террор ҳаракатларни режалаштирганликда айбланмоқда.

2015 йилда Ростов суди Сенцовни 20 йилга, Кольченкони 10 йилга озодликдан маҳрум қилган. Судланганлар ўз айбларини тан олмаганлар.

Россия ҳозирча Суриядан қўшинини олиб чиқмайди”

Сурия масаласида савол берганлардан бирига Россия раҳбари “қўшинларимиз Сурияда Россия манфаатларига қанча керак бўлса¸ шунча ушлаб турилади”, дея жавоб қайтарди.

У Суриядаги Россия ҳарбий қисмлари ҳозирча олиб чиқилмаслигини айта туриб¸ шу ўринда “Марказий Осиё давлатлари чегараларида” қуролланган террорчилар тўпланаётгани ҳақида баëнот қилди :

- Бу қўшинларни олиб чиқишни биз режалаштираётганимиз йўқ. Мен бу тузилмаларни “базалар” деб атамаганимга эътибор қаратмоқчиман – биз узоқ муддатга мўлжалланган иншоотларни у ерда қураётганимиз йўқ. Сурия – Россия қуролини синаш учун полигон эмас, аммо биз бу қуролни у ердаги жанговар вазиятларда такомиллаштираяпмиз, деди Владимир Путин.

Эслатиш лозимки, бундан бир йил олдинги мулоқот чоғида айнан Владимир Путиннинг ўзи “Суриядаги урушни Россия энг замонавий ҳарбий қурол-аслаҳалари намуналарини ишлатиш учун қулай полигон” деб атаган эди.

Ундан ташқари, Путиннинг иддаосича, бугунги кунда Сурия ҳудудида Россия ва Марказий Осиё давлатларидан бориб қолган минглаб террорчилар йиғилиб қолган.

- Уларни бу ерда қурол билан қабул қилишдан кўра, ўша ерда йўқ қилган маъқул, деди Кремл хўжайини.

У Россия Қуролли Кучлари ёрдамида бугунда Башар Асад қўшинлари 90 фоиз суриялик яшовчи ҳудудни назорат остига олганини маълум қилди.

Бунинг ортидан Владимир Путин Россияда ишлаб чиқилаётган ва армияни қуроллантиришга жўнатилган ядровий ва ноядровий ракеталар, лазер комплекслари ва бошқа қурол-аслаҳалар тўғрисида батафсил гапирди. Бундан олдинроқ у инсоният 3- жаҳон уруши домига тортилмаслигига ишониши, зеро “бири бирини Ер юзидан йўқотиш хавфи давлатларни бу масалада ўйлаб иш тутишга мажбурлаётганини” билдирди.

Мулоқот давомида “Сизнинг асосий ақидангиз нимада иборат?” дея берилган блиц-саволлардан бирига президент Владимир Путин иккиланмасдан “Ёлғон гапирмаслик!” дея жавоб берди.

XS
SM
MD
LG