Беш яшар қизчани зўрлаб ўлдирган қотил 19 йилга қамалди

Андижоннинг Пахтаобод туманида 5 яшар қизчани аввал зўрлаб, сўнгра бўғиб ўлдирган 31 яшар эркак 19 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Туманнинг Озод маҳалласида шу йилнинг 28 январида бўлган ҳодиса ҳақида Озодлик 31 январь куни хабар берганди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди ўз қотиллигини яширишга уринган 31 ёшли М.И.ни 19 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Daryo.uz нашрига кўра, судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси, 2-қисмининг "в, о" бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида қасддан одам ўлдириш), 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш), 119-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) кўзда тутилган жиноятларни содир этган, деб топилган.

Суд мажлисида аён бўлишича, қотил уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўғли билан ўйнагани уйига келган беш яшар қўшни қизчанинг номусига теккан, жинсий эхтиёжини ғайритабиий усулда қондиришга ҳаракат қилган.

"Қизча онасини ёрдамга чақириб бақирганида, эркак уни оқ рангли шарф ёрдамида бўйин қисмидан бўғиб, қасддан ўлдирган. Сўнгра тўкилган қонни қизнинг ички кийимига артиб, хонадаги оқ рангли синтетик матодан тайёрланган қопга кийимлари билан бирга солган, кейин ташқаридан кетмонни олиб кириб, хонанинг ер қисмини тахминан 50–60 см чуқурликда ковлаб кўмиб қўйган", дейилади хабарда.

Шунингдек, нашрнинг хабар қилишича, М.И. маҳкамада айбловни тўлиқ тан олган.

"Биламан ҳайвон қилмайдиган ишни содир этдим, — дейди М.И. – Бундай бўлишини ўзим ҳам истамаган эдим. Шайтон йўлдан урди. Барчасини англаб етганимда ўтиб бўлган эди. Қилган ишимдан пушаймонман", дея судланувчидан иқтибос келтиради Daryo.uz нашри.

Озодлик шу йилнинг 31 январида Пахтаобод туманида содир бўлган бу мудҳиш жиноят ҳақида хабар қилган эди.

​Воқеа гувоҳларидан бири Озодликка, қизча 28 январь куни кечқурун йўқолиб қолганидан сўнг, милиция уни қидиришга тушганини хабар қилганди:

“Қизчанинг битта калиши қўшнисининг дарвозаси ёнига тушиб қолган экан. Милиция исковуч ит олиб келди, ўша ҳидлаб қизчани ҳовлига кўмилган жойидан топди. Очиб кўришса, ҳақиқатан ҳам қизча кўмилган экан. Қўшни йигитни дарҳол қамоққа олишди”, деганди воқеа гувоҳларидан бири.

Бош прокуратура матбуот хизмати жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилганини билдирган.

Қотил жазонинг дастлабки 2 йилини турма тартибида, қолган қисмини эса умумий тартибли колонияларда ўтайди.