16 январь куни Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Москва билан бир ҳафта давом этган музокаралардан сўнг ҳам хавотирлар тарқалмаганини айтиб, АҚШ яқин кунларда Россия-Украина чегарасидаги вазият бўйича келгуси қадамларини белгилаб олишини маълум қилди.
Салливан «CBS» телеканалига берган интервьюсида Вашингтон «ҳар қандай ҳолатга тайёр»лигини айтди.
«Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз, жумладан, Украина билан ҳам яқин алоқадамиз», деди Жо Байденнинг бош маслаҳатчиси Жейк Салливан. «Кейинги қадамларни мувофиқлаштириш учун яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Келгуси ҳафта бошида келгуси дипломатик қадамлар борасида атрофлича муҳокамалар бўлади».
Мавзуга алоқадор CIT: Россия Сибирдан ҳарбий техникасини ғарбга, эҳтимол Украина чегараларига тортмоқда«Аммо бу ерда асосий жиҳат шундаки, биз ҳар ҳандай вазиятга тайёрмиз. Агар Россия дипломатия йўлидан олға боришни истаса, биз ҳам иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда бунга мутлақо тайёрмиз».
Қўшма Штатлар Россия Украина билан чегара бўйлаб 100 мингга яқин ҳарбий жойлаштирганини таъкидлаб, Москвани эҳтимолий ҳужум учун «баҳона» яратишга уринаётганликда айблаб келмоқда.
«Агар Россия босқинчилик ва кескинликни ошириш йўлини танласа, биз бунга ҳам қатъий жавоб беришга тайёрмиз», деди Салливан.
Қўшма Штатлар ва унинг НАТОдаги шериклари шу ҳафта Россия билан Украина ва Европада хавфсизлик бўйича юзага келган кескинлик борасида музокаралар ўтказди. Бироқ, Женева, Брюссел ва Венада бўлиб ўтган музокараларнинг учала раунди ҳам айтарли ижобий натижа бермади.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков 13 январь куни Москва Ғарб билан хавфсизлик масаласида янги музокараларни ўтказиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини айтди.
16 январь куни Кремль бир ҳафта давом этган қизғин музокараларга қарамай, Ғарб ва Россия «бутунлай бошқа йўлда» экани ҳақида огоҳлантирди.
«Ўртамизда қандайдир англашув бор. Аммо умуман олганда, биз ҳозир бутунлай бошқа-бошқа йўлдан кетяпмиз десак тўғрироқ бўлади. Бу яхши эмас. Бу ташвиш уйғотадиган ҳолат», деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков «CNN»га берган интервьюсида.
Россия президенти Владимир Путин Европада хавфсизлик кафолатлари, жумладан, НАТО Украина ва Грузия каби янги аъзоларни қабул қилмаслиги ҳамда Шарқий Европадаги НАТО аъзоларига иттифоқчиларни жойлаштиришни чеклаш бўйича қатор талаблар қўйди.
Ғарб расмийларининг айтишича, Россиянинг жанговар риторикаси ва Украина яқинида қўшин тўплашидан мақсади АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчиларига босим ўтказиш, Кремлнинг хоҳиш-истакларига ён беришига эришишдир.
Москва ўз ҳарбийларини чегара яқинига жойлаштирганини НАТОнинг Россия таъсир доирасида кучайиб бораётган иштирокига жавоб деб изоҳлаш билан бирга Украинага бостириб кириш режасини рад этиб келмоқда.