Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:26

Блог: Ўзбек қўйми, бўрими?


“Қуролланган руспараст айирмачи ўзбекистонлик Бахтиёр Северскдаги кўчалардан бирини назорат қилмоқда”.
“Қуролланган руспараст айирмачи ўзбекистонлик Бахтиёр Северскдаги кўчалардан бирини назорат қилмоқда”.

Ўтган ҳафтада матбуотда донецклик сепаратчилар сафида Украинага қарши курашаётган ўзбек йигитининг фотосурати пайдо бўлди.

Сурат остида мана бу ёзув берилган: “Қуролланган руспараст айирмачи ўзбекистонлик Бахтиёр Северскдаги кўчалардан бирини назорат қилмоқда”.

Бу фотохабар кўнглимда анчадан бери ғимирлаб юрган бир саволни муайян бир шаклга солди.

***

Сарлавҳага чиқарилган савол жавобини топмоқчи эсангиз, блогимни ўқиманг, вақтингиз беҳуда кетмасин: жавоб йўқ.

Бу блог сарлавҳага чиқарилган савол генезиси инъикосидир (узр, ақлли сўз ишлатгим кепкетти, “савол қаттан пайдо бўпқоганини айтмоқчиман” демоқчиман)

Мақсадга ўтишдан олдин яна бир огоҳлантирув: ўзбек - қўй, деган фикрда бўлсангиз, денг, мен уни бўри демоқчи эмасман.

(5 – 6 йил олдин бир журналист Тошкентда ўзи яшайдиган маҳалла мажлисида “ўзбеклар қўй” деб қўйиб, маҳалладан бадарға бўлиб кетишига бир баҳя қолган эди)

Аксинча, ўзбек – бўри, деган фикрда бўсангиз ҳам, деяверинг, ош бўлсин, мен уни қўй демоқчимасман.

Мана, энди асосий гапга ўтамиз.

Ўтган ҳафтада матбуотда донецклик сепаратчилар сафида Украинага қарши курашаётган ўзбек йигит Бахтиёрнинг фотосурати эълон қилинди.

Бахтиёр Киевга қарши қўлига қурол олган бир пайтда бошқа бир ўзбекистонлик - Шавкат Муҳаммад Киевнинг Евромайдонида биринчи кундан бошлаб қўзғолончилар сафида турди.

Ўзи учун, ўзбек учун ўзга юрт – Украинада бир-бирига қарши турган Бахтиёр билан Шавкат иккалови қўйми, бўрими?

Украинадан Сурияга ўтамиз.

Мана бу мавзудош 10 дан зиёд хабаримиздан учтасининггина бошламаси:

Ўзини мужоҳид Абу Усмон Ўзбек, деб таништирган ўзбекистонлик WhatsApp орқали Озодликка йўллаган видеодан олинган сурат.
Ўзини мужоҳид Абу Усмон Ўзбек, деб таништирган ўзбекистонлик WhatsApp орқали Озодликка йўллаган видеодан олинган сурат.

2014 нинг 24 марти: Сурияга оиласи билан бораётган жиҳодчи ўзбеклар кўпаймоқда. Туркиялик ҳуқуқ фаоллари Суриядаги жиҳодчи ўзбеклар сони 3-3 ярим минг кишига етганини тахмин қилмоқда.

2014 нинг 6 июни: Сурияда ҳалок бўлган жиҳодчилар орасида бир ўзбек ҳам бор.

2013 нинг 25 июни: Суриядаги жангда ўлган ўзбекистонликка Туркияда жаноза ўқилди.

Ўзи учун, ўзбек учун ўзга юрт – Сурияда юрган ўзбеклар қўйми, бўрими?

Савол жавоби устида ўйларкансиз, Покистон билан боғлиқ мана сарлавҳаларимизни эслатмоқчиман:

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирги амири Усмон Ғозий.
Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирги амири Усмон Ғозий.

Покистон ҳарбийлари ҳужумида толибларнинг ўзбек қўмондони ўлди.

Покистон ҳукумати "ўзбек жангарилари" истеҳкомларини нишонга олишда давом этмоқда.

Шимолий Вазиристонда қуршовга олинган ЎИҲнинг 105 жангариси ўлдирилди.

Карачи аэропортига ҳужум қилганларнинг аксари ўзбеклар бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ўзи учун, ўзбек учун ўзга юрт – Покистонда юрган юзлаб, балки минглаб ўзбеклар қўйми, бўрими?

Гапни чўзиб, Афғонистондагиларини, Чеченистонда бўлганларини гапирмаяпман.

Албатта, Сиз уларни бўри деяпсиз, ҳозир. Тўғри-да, қандай қўй бўлсин улар?! Ахир улар ўлимдан қўрқмаяпти, ўлимга тик қараяпти!

Лекин бўриликда шараф борми?

Ўзбек қўрқмас кишини шер, дегич эди, арслон, дегич эдику, ахир!

Сиз уларни шер дея оласизми? Арслон, дея оласизми?

Истасангиз, бу саволлар устида мустақил ўйларсиз. Менинг фикримни билгингиз келса, айтай: Украина, Сурия, Афғонистону Покистонда юрганлар, мотивациялари қандайлигидан қатъиназар, мен учун бўридир, шер ёки арслон эмас.

Лекин бугун гап бу ҳақда эмас.

Мени бошқа нарса ўйлантираяпти.

Нима учун Украина, Сурия, Афғонистону Покистонда ўлимга тик қараётган, ўлимга тик қарашга қўрқмаётган ўзбек ўз она юртида чироқ ёнмаётгани, газ йўқлиги, кўмир қимматлиги каби элементар маиший муаммолар ҳақида гапиришга, гапирсаям исмини айтишга қўрқади?

Фикримнинг исботини сайтимиздаги деярли ҳар бир мақоладан топасиз.

Нима учун ўзбек туман ҳокими бир ёқда турсин, маҳалла элликбошисининг кўзига тик қаролмайди?

Ўша Украина, Сурия, Афғонистону Покистонда юрган юзлаб, минглаб ўзбеклар бирдан қишлоғига қайтиб қолса, қишлоғидаги мен айтган муаммоларни айтармиди?

Гумоним бор айтишларига.

Мен шуни тушунмаяпман.

Қандай қилиб бир кишининг ичида ҳам қўй, ҳам бўри яшаши мумкин?

Мен шуни тушунмаяпман.

Хўш, ўзбек қўйми, бўрими?

Лекин ўзимни қийнаган бу саволнинг бир жавобини аниқ биламан: қўйликда ҳам, бўриликда ҳам шараф йўқ.

XS
SM
MD
LG