Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:21

Сут-қатиқ ичиш юрак хасталикларига чалиниш хавфини озайтириши мумкин


Янги тадқиқот натижаларига кўра, қон босими юқори бўлган шахслар йогурт истеъмол қилса, уларда юрак-қон томир касалликларига чалиниш хавфи озайиши мумкин.

Гипертония – юқори қон босими юрак-қон томир тизими касалликларига олиб келувчи муҳим хавф омили ҳисобланади. Бундан аввал ўтказилган клиник тадқиқотлар сут маҳсулотларини истеъмол қилиш юрак-қон томир тизимига ижобий таъсир қилишини кўрсатган.

Эндиликда йогурт истеъмол қилиш билан юрак-қон томир касалликларига чалиниш хавфи ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланди.

Дунёда бир миллиардга яқин одам гипертониядан азият чекади. Юқори қон босими юрак-қон томир тизими касалликларининг асосий сабабчиларидан биридир.

Бунгача сутли маҳсулотларни истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари билан бирга учрайдиган гипертензия ва 2-типдаги қандли диабет каби касалликлар хавфини озайтириши аниқланган эди.

Янги тадқиқот қатнашувчилари Nurses’ Health Study тадқиқотида қатнашган 55 мингдан ошиқ аёл ҳамда Health Professionals Follow-Up Study тадқиқотида қатнашган 18 мингдан ошиқ эркакдан иборат бўлган.

1980 йил Nurses’ Health Study тадқиқоти қатнашувчилари орасида аввалги йилда қайси сут маҳсулотларини қай миқдорда истеъмол қилишгани ҳақида сўров ўтказилган. Бунинг ортидан иштирокчилар ўзларига қўйилган ташхислар ҳақида хабар бериб турган. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг рухсати билан тадқиқотчилар уларнинг тиббий қайдларини кузатиб боришган.

Nurses’ Health Study тадқиқоти иштирокчилари орасида кўпроқ йогурт истеъмол қилиш миокард инфаркти хавфи 30 фоизга, Health Professionals Follow-Up Study тадқиқоти иштирокчилари орасида эса, 19 фоизга озайиши билан боғлиқ бўлгани аниқланган.

Ҳар икки гуруҳ аъзолари орасида ҳафтасига камида икки марта йогурт истеъмол қилиш жиддий юрак хасталиги ёки инсульт хавфини 20 фоизга озайтиргани аниқланган.

Тадқиқот муаллифларидан бири Жастин Буэндия:

- Натижаларимиз йогурт бир ўзи ёки толага бой мева ва сабзавотлар ҳамда яхлит ғалла маҳсулотларига бой диетанинг доимий таркиби ўлароқ юрак-қон томир касалликларига чалиниш хавфини озайтиришини кўрсатувчи муҳим янги далил бўлди, - деди.

XS
SM
MD
LG