Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Ўзбекистонда жамоaт тартибини сақлашнинг советча усули қайта тикланмоқда


"Жамоатчилик назорати гуруҳи" аъзоси қўлига бойланган боғич. Сурат uznews.uz сайтидан олинди.
"Жамоатчилик назорати гуруҳи" аъзоси қўлига бойланган боғич. Сурат uznews.uz сайтидан олинди.

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги кўчалар ва хиёбонларда кейинги кунлар оқшомида қўлларига “Жамоатчилик назорати гуруҳи - NG” ёзуви битилган боғич таққан ёш эркаклар пайдо бўлди.

Ички ишлар ходимлари билан биргаликда 26 август, шанба оқшомида навбатчиликка чиққан NG аъзоларидан бирининг Озодликка айтишича, уларнинг иши ўтган-кетганнинг ҳужжатини текширишдан иборат бўлган.

Маҳаллий нашрларда янгилик сифатида тақдим этилаётган Назорат гуруҳлари, аслида, Совет давридаги Халқ дружиналарининг номи ўзгартирилган нусхасидир.

Ўзбекистонда жамоaт тартибини сақлашнинг советча усули қайта тикланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:53 0:00
Бевосита линк

“Назорат гуруҳи” Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари билан номи тилга олинган тумандаги мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчиларидан тузилгани хабар қилинди.

NGчининг шанба оқшомидаги илк навбатчилиги

Мирзо Улуғбек туманидаги мактаблардан бирининг 31 яшар жисмоний тарбия ўқитувчиси (исми айтилмаслигини сўради) Озодликка гуруҳ таркибида 26 август, шанба оқшомида илк бор навбатчиликка чиққани айтди:

- Шанба куни кечки пайт соат 7 яримда 121- мактабда тумандаги 35 та мактабдан 24 киши йиғилдик. Мактаб олдида милициянинг таянч пункти бор. Бироз турганимиздан кейин РУВДга борасизлар дейишувди, РУВДга бордик. Соат 8 да тушунтириш олиб боришди. Ким қаерда навбатчилик қилишини айтишди, деди ўқитувчи.

У яна бир ҳамкасби билан навбатчиликни соат 8 яримда шаҳарнинг Ц-5 мавзеида, шу ердаги 7- таянч пункти ходимлари билан бошлади. Навбатчилик кечқурун соат 11 да якунига етди ва бирга юрган милиция ходимлари рухсат бергач, уйига қайтди.

Ўқитувчининг айтишича, улар “ўтган-кетганнинг ҳужжатини текширган бўлишди”, лекин ҳеч қандай фавқулодда ҳодиса содир бўлгани йўқ. У яна қачон навбатчиликка чиқишини билмайди. “Ўзлари телефон қилишса керак”, деди.

"Жамоатчилик назорати гуруҳи" аъзолари навбатчиликни бошлаш учун йиғилди. Сурат uznews/uz сайтидан олинди.
"Жамоатчилик назорати гуруҳи" аъзолари навбатчиликни бошлаш учун йиғилди. Сурат uznews/uz сайтидан олинди.

NG, аслида апрелда бошланган?

Суҳбатдошимизнинг айтишича, шанба кунги навбатчилик унинг илк навбатчилиги эмас. “Апрель-май ойларида ҳам 7 марта, ҳафтасига 1 кундан чиққанман навбатчиликка”, деди ўқитувчи. Ўшанда ҳам бирон бир фавқулодда ҳодиса бўлганини у эслолмади.

NGга оид янгиликнинг бошқа тафсилотлари

Шанбадан бошқа кунлари навбатчиликка кимлар чиқади? Ўқитувчи жавобини билмаган бу саволни Озодлик Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан сўрамоқчи бўлди. Бироқ хизмат телефонини кўтарган мулозим на бу саволга, на NG бўйича бошқа саволларга жавоб берди. “Тўғриси, бу ишнинг тафсилотларини билмайман”, деди мулозим.

Озодлик Мирзо Улуғбек туманидаги бир қатор мактаблар билан боғланди. Аксари мактабларнинг NGдан хабари борлиги, унга ўқитувчи бергани, бироқ бу тадбирдан хабарсиз қолган мактаблар ҳам борлиги маълум бўлди.

Айтилишича, Мирзо Улуғбекда тузилган NG – ҳозирча тажриба бўлиб, унинг самараси сезилса, бошқа туманларда ҳам тузилади.

NGга айланган Халқ дружинниклари

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловдан “Назорат гуруҳи”ни тузишнинг ҳуқуқий асосларини сўрамоқчи бўлдик. У “дружинниклар”, деб аталган бундай гуруҳлар Совет даврида бўлганини эслади:

- Кўп борганмиз, ўзингиз ҳам борган бўлишингиз керак дружинникликка. Жамоат тартибини сақлашга ёрдам берардик тегишли органларга,- деди ҳуқуқшунос Совет даврини назарда тутиб.

NG аъзоси йўқотган вақт нима билан қопланади?

26 август куни NG таркибида навбатчиликка чиққан ўқитувчи на апрель-майда чиққан 7 та навбатчилигида, на куни кечаги навбатчилигида сарфлаган вақти учун қандайдир бир шаклда товон тўланиши тўғрисида ҳеч ким ҳеч нима ваъда қилмаганини айтди.

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг фикрича, бу нормал ҳолат:

- Жамоат тартибини, тинчлигимизни сақлаш керак бўлса, қилишимиз керак буни. Ижобий нарса бу, деди Руҳиддин Комилов.

Совет даврида Халқ дружиначиларининг навбатчиликда ўтказган вақтлари ҳисобга олинган ва навбатчиликда йўқотган вақтлари эвазига қўшимча дам олиш куни ёки меҳнат таътилига кун(лар) қўшиб берилган.

“Маҳалла посбонлари” ҳам бор эдику?

Ўзбекистон ҳукумати Совет давридаги Халқ дружиналари ўрнига бундан бир неча йил олдин жамоат тартибини сақлашда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлашнинг бошқа шаклини ихтиро қилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси раиси Ислом Каримовнинг 1999 йил, 19 апрелдаги қарори билан “Маҳалла посбонлари” жамоат тузилмалари ташкил этилган, 2014 йилнинг 4 мартида эса, Бош вазир Шавкат Мирзиёев “Маҳалла посбонлари” жамоат тузилмаларини янада такомиллаштириш тўғрисида қарорни имзолаганди.

Сўнгги қарор билан тасдиқланган Низомнинг VII бандида “Маҳалла посбонлари” тузилмаси раҳбарини ва аъзоларини рағбатлантириш чоралари белгилаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG